Ҳурматли Гога Аброрович! Ёшингиз анчага бориб қолганига, вақтингиз камлигига қарамасдан кичик бир мақоламизга эътибор бериб муносабат билдирганингиз учун раҳмат… Сиз ҳақиқатан ҳам тарихчисиз. Сизнинг баъзи китобларингизни, мақолаларингизни (ҳатто Бобур Маликовни америкага кетгани учун айблаб ёзган буюртма мақолаларингизгача) ҳам ўқиганмиз, суҳбатларингиздан айримларини сайтлардан биламиз. Майли, гапни чўзмайлик! Хабарингиз бўлса, биз икки қавм вакиллари қозоқ ва ўзбек зиёлилари бирикиб «Туркистон тонги» газетасини таъсис этдик, Остонадан рўйхатдан ўтказдик ва ҳозир (ўзбек ва қозоқ тилларида алоҳида нашр сифатида)дастлабки сонлари (жами 4 минг тиражда) чиқа бошлади. Бу гапларни ёзайтганимизнинг сабаби Сизни шу газетага Туркистон тарихи ҳақидаги (Бирдамлик сайтидаги суҳбатларингизга ўхшамаган) жиддий, ўзингиз айтгандай илмий мақолалар ёзиб беришга даъват этмоқчимиз. Аммо Сизнинг Бирдамлик сайтига берган суҳбатларингиздан, бизнинг мақолачамизга муносабат билдириб ёзган мақолачангиздан номзодлик ва докторлик ишларингиз бутунлай бошқаларнинг тарихига оидлиги, Сиз (гарчи Сомонийлар ҳақида китоб ёзган бўлсангизда) Марказий Осиё тарихи билан жиддий шуғулланмаганингиз билиниб қолган. Шу ҳолда, Марказий Осиё бўйича ўзингизни ягона тарихчи сифатида кўрсатаётганингиз ғалати. Бизнинг мақолачамиздаги Ўзбек ва Қозоқ хонлиги ҳақидаги гапларга қарши чиқибсиз ва бутун бир халқни нодонга чиқарибсиз.Қозоқларда ҳам тарих ва тарихчилар борлигини унутибсиз. Ўзингиз айтгандай тарих ниҳоятда мураккаб соҳа ва унга бир томонлама ёндошиб бўлмайди. Қозоқ тарихчилари бугунги кунда совет тарихчиларининг, кўчманчиларда тарих ва маданият йўқ, деган иддаоларини йўққа чиқарадиган китоблар ёзишмоқда. (Тўғри, уларнинг баъзилари ҳам худди Сиз каби ўзбек тарихчилари (тархимизни бўлиб ёзишаётгандай)туркий халқлар тарихини бўлиб ёзишмоқда.Бугунги кунда бу тенденция ниҳоятда хато ва хавфлидир. Шу маънода, Сизнинг Совет даврида яшаб ижод этганингиз учунми, бошқа сабаблар биланми,бизнингча, Марказий Осиё тарихини битта ўзбекнинг тарихи, деб ўйлаб, шу асосда фикр юритганингиз (айниқса, қозоқларда тарих ва хонлик бўлмаган. тарзида фикрлашингиз) дуруст эмас. Тарих шу ҳудудда яшаган ва яшаётган халқларнинг тарихидир. Уни асли (ўша мақолада ҳам айтилганидек) биргаликда ёзиш керак… Бизнинг биримиз ўзбек, иккинчимиз қозоқ қавмига мансуб инсонлармиз.Тарихчи бўлмасак ҳам шу масалани қўзғаб, бу ҳақда, тарихни мураккаблигича ёзиш кераклиги ҳақидаги ғояни ўртага ташладик. Сиз эса: «Ботир Норбой ва Сейитбой Байдуллаевларнинг “Ўзбек ва Қозоқ хонликлари ҳақида” сарлавҳали мақоласини ўқиганда бир ибора эсимга келди:“Чўмчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”. Муаллифлар тарих фанидан узоқ бўлганликлари учун мақоланинг мазмуни саводсиз,келтирилган ғоялар нодон,далилсиз,ғализ,шу каби қатор камчиликларга эга, дебсиз. Биз мақола бошидаёқ ўзимизнинг тарихчи эмаслигимизни алоҳида айтиб ўтганмиз. Аммо тарихчи эмасман. деб билганларини ёзмаслик ҳам гуноҳ.Сиз бизга: «мақоланинг мазмуни саводсиз,келтирилган ғоялар нодон», деган айбларни қўйгансиз. аслида бу гапларингизни ўзи саводсизлик белгисидай кўринмоқда. «Мақола мазмуни саводсиз». дегани филология, мантиқ илми бўйича ғализку! Мазмун саводсиз бўлмайди, одам саводсиз бўлиши мумкин. Келтирилган ғоялар нодон дегани ҳам олимнинг гапи эмас.Одам (ҳатто олим ҳам)нодон бўлиши мумкин, ғоялар нодон дегани ўзбекчада ғалати эшитилади. Сиз русча ўйлаб ўзбекча гапиряпсиз, шекилли. Гапларингизни кўплари далилсиз. Қозоқ биродарлармизнинг ғашини келтирадиган гаплар. Тарих илми хеч кимнинг онасининг махрига тушмаган. Узр, ёшингизни ҳурматини қилиб қаттиқ гапларни ёзмаяпмиз.Сизнинг Ўзбекистонда чиққан мақолаларингиздан ва (Бирдамлик сайтига берган суҳбатларингиздан)Марказий Осиё тарихни юзаки билишингиз, умумий гаплардан нарига ўтмаслигингиз кўриниб қолади.Биз буюк тарихчимиз Бўривой Аҳмедов (унинг «Ўзбек улуси» китобини эсланг)ва тарихчи бўлмаган аммо ўта ишончли ва илмий мақоласи билан машҳур Рустам Абдуллаевнинг Ўбеклар ва сартлар тарихи ҳақидаги «Узбеки – дворяне тюркских народов, а сарты – предприниматели Центральной Азии» деган мақоласига асосланганмиз. Булар Сизнинг мақолаларингиздан яхшироқ бўлиб кўринди ва уларнинг асарларида ҳам Ўзбек хонлиги илгариги Туркистон (ҳозирги Қозоғистон) ҳудудида тузилганига ишора қилинган.Бу тарихий факт ва ундан кўз юмиб бўлмайди.Бу ҳақда ўзбек ва қозоқ тарихчилари (илдизи бир бўлган икки қавмни бўлмасдан) бирга ёзишлари керак.Сиз ўз ўчоғига кул тортаётган тожикларни Самарқанд ва Бухоро бизники, деяётгани учун тўғри танқид қилгансиз.(Бироқ бизга раддия тарзида ёзилган мақолага бунинг нима алоқаси борлигини тушунмадик)Бунинг устига ўзингиз қозоқ туркийлари масаласида, бизнингча адашгансиз. Бугунги ўзбекистон ҳудудида ўша Абулхайрхон тузган ва унинг невараси Шайбоний аскарлари билан бирга борган туркийларимиз ҳозир Сурхандарё, Қашқадарё вилоятларининг айрим ҳудудларида, Бухоро ва Самарқанд атроф қишлоқларида яшашмоқда. Бугунги кунда ўша ўзини ўзбек деб атаган аҳоли билан ўзини туркий деб атаган («Темур тузуклар»да Амир Темур,»Бобурнома»да Бобур ўзларини туркийлар деб атаганини эсларсиз)туркийлари Ўзбекистоннинг асосий аҳолисидир.Ўзбекистон ҳар иккаласининг юртидир…(Баъзи ўзбекларимизнинг Туркистон ва Сайрам бизники, баъзи қоқзоқларимизнинг Тошкент ёки Конимех бизники, дейиши асосли эмас. Улар Сиз мансуб бўлган коммунистлар чизиб берган чегарларга асосланиб гапиршмоқда. Ҳолбуки. совет давригача Қозоғистон ва Ўзбекистон, айтайлик Чимкент ва Тошкент ўртасида чегар бўлмаган. Яна такрорлаймиз, Марказий Осиё туркийлари, ҳатто форзийзабонлар ҳам ҳамиша аралашиб яшаган ва уларнинг тарихи ҳам бирдир. Бу ҳудудларни бўлганлар ва шу асосда фикр юритаётганлар орага совуқчилик солиб, бизнинг халқларимизга билиб билмай зарар келтиришади.Бу ҳудудлар туркийларга (шу жумладан, тожикларга ҳам) бирдай қадрли. Узр гапимиз (Сизнинг Юнон тарихи ҳақидаги гапларингизга ўхшаб)чўзилиб кетди,Сизнинг шунчаки муносабатингизга шунчаки муносабат билдиряпмиз. Вақти келиб, бу халқлар тарихи бирлиги ҳақида алоҳида мақолалар ёзиш ниятимиз бор.
Бизга шу мақолаларни ёзиш, Сизга эса уларни ўқиш насиб этсин. Яъни узоқ умр, сиҳат саломатлик тилаймиз.
Ҳурмат ила, Ботир Норбой, Сейтбой Байдуллаев.





