ХОРАЗМДА ТЎРТ ДИНДОР СУДЛАНДИ

Бахтиёр Маҳмудов

Урганч шаҳар ички ишлар бўлими томонидан “Паспорт тизими қоидаларига риоя қилиш” тадбири давомида Урганч шаҳар Термиз кўчаси 9-уй, 6-хонадонда яшовчи, 1955 йилда туғилган Болтаева Сўнажон Болтаева уйига бир неча фуқароларни, жумладан, Урганч шаҳар, Махтумқули кўчаси, 122-уйда яшовчи Рая Болтаева, Шовот туманида яшовчи Зулайҳо Болтаева, Урганч шаҳар, А.Баҳодирхон кўчаси, 43/1-уй, 20-хонадонда яшовчи Саида Болтаевалар “Худонинг шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берайлик” китобини ўқиб, диний йиғин ўтказиб ўтирганликлари аниқланган.

 

Ушбу хонадонга кираверишдаги ўнг тарафда жойлашган тумбочка устидан 1 дона “Худонинг шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берайлик” китоби, 5 дона “Ҳушёр туришда Исо Масиҳга тақлид қилинг”, “Дадил ва ботир бўлинг”, “Жамоатдаги ижобий нуқтаи назарни қўллаб қувватланг”, “Бўлинган оилалар ҳам бахтли бўлиши мумкин” ёзувли варақалари турганлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилган.

 

Шундан сўнг уй эгаси Сўнажон Болтаева уйининг гаражи кўздан кечирилганда, унинг гаражидан христиан динининг «Иеҳова шоҳидлари» оқими ғояларини тарғиб килувчи 1142 дона турли хил китоб, журнал ва варақалар, 8 та DVD диск, 1 та видеокассета топилган ва ҳолислар иштирокида текшириб кўриш учун олинган.

 

Ушбу олинган материаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага жўнатилган. Мазкур қўмита хулосасига кўра, “Муқаддас ёзувларни кунда ўрганамиз”, “Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар”, “Благая весть для людей из всех народов”, “Как завести и продолжить разговор на библейскую тему”, “Муқаддас китоб асосида суҳбат бошлаб давом эттиринг”, “Худонинг шоҳлиги тўғрисида кенг шоҳидлик берайлик” китоблари, “Худонинг раҳбарлиги”, “Қўриқчи минораси”, “Худо бизга ғамхўрлик қиляптими?”, “Худо биздан нима талаб қиляпти?”, “Иеҳованинг шоҳидлари” журналларидан фойдаланиш натижасида миссионерлик ҳолатлари юзага келиши мумкинлиги сабабли, уларнинг республика ҳудудига олиб кирилиши, фойдаланилиши ва тарқатилиши таъқиқланган.

 

Юқорида номлари тилга олинган шахслар қонунда кўрсатилган тарзда суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилганлар. Суд мажлиси давомида уларнинг айримлари миссионерлар таъсирига адашиб тушиб қолганликларини, қилмишидан пушаймон эканликларини таъкидлаганлар. Айримлари эса пушаймонлик билдирмаганлар.

 

Бахтиёр Маҳмудов, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares