
Иттифоқ даврида Хива бозори яхши ва қулай жойлаштирилган, савдо бинолари мустаҳкам қурилган эди. 2009 йилда юқори ҳокимият ва туманнинг ҳозирги ҳокими фармойишига кўра уни қайта қуришга қарор қилинди. Аммо бунинг тагида қандай мақсад ётган эди?
Барча сотувчиларни Қамишли авлиё қабристони яқинидаги, чала қурилган бостирмалар қолдиқлари билан ёпинтирилган, савдо учун ҳеч қандай шароит бўлмаган овлоқ бир жойга зудлик билан ҳайдашди. Савдогарлар эса ноилож вагончалар, автомашина кузовлари, контейнерларвоситасида бир амаллаб савдони бошлаб юборишди. Қишда совуқ, ёзда эса ҳаммаёқ чанг.
Эски бозордаги савдо биноларини қайта қуриш баҳонасида темир каркасли бостирмалар ва устунларни йиқиб, ҳаммасини ташиб кетишди. Бу тадбир туман ҳокими ва амалдорларига бир ўқ билан бир неча қуённи уриш имконини берди: бир томондан, Иттифоқдан қолган мустаҳкам қурилиш материалларини ўзларига олишди, иккинчи томондан, ойлик “совға”ни бериб туришни эсидан чиқарган шахсларни (савдогарларни) четлатиш имкони пайдо бўлди, учинчи томондан, авввалги савдогарлардан қолган участкаларни қайта сотишга қулай имконият вужудга келди.
Ахийри, ният амалга ошди. Ҳоким ҳар бир савдо нуқтасига савдогарларнинг ўз лойиҳаси асосида қурилиши учун олинадиган 150-200 доллар “ҳадя”дан ташқари 10-15 минг долларлик стандарт баҳо белгилади. Бунинг устига, харид қилувчи савдогар савдо нуқтаси биносини хусусий мулк сифатида эмас, ижарага олишга рози бўлиши керак эди.
Иш узоқ тўхтаб қолди. Савдогарлар бу тадбирдан хавфсираб, таваккалга қўл урмадилар. Шунда ҳоким барча амалдорлар, бойлар ва ҳожиларни чақириб, уларнинг номига омонат кредитини ҳужжатлаштириб, биноларни ҳужжатлаштирилган кредит ҳисобига олиб, айрим ён босишларга рози бўлишларига мажбурлади, ҳайдалган эски хўжайинлар ва майда тижоратчиларга бино хўжайинига ҳар ойда ўз қўли билан 300 минг сўм нақд пул ва солиқ тўловларини тўлаши шарти билан яна савдода қатнашишга рухсат берди. Ҳокимнинг ўзи ҳам давлат берадиган ойлик маошидан ташқари ҳар ойда улушини олиб турадиган бўлди.
Шундай йўл билан ҳоким, унинг қариндошлари, амалдорлар ва ҳожилар томонидан барча савдо бинолари ва нуқталари эгаллаб олинди. Бу бозорда менинг ҳам Хива туманининг аввалги ҳокими М. Р. Мадаминов томонидан 2003 йилнинг 3 декабрида 1349-сон билан чиқарилган қарори асосида ажратиб берилган ер майдонига қурилган савдо дўконим бор эди. Хўжалик ҳисобидаги Хива тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати томонидан хусусий мулк сифатида 2009 йилда 22:13:01:02:03:0080 кадастр рақами билан менинг номимга қайта ҳужжатлаштирилди. Лекин айнан шу йили бозор қайта қурилиши муносабати билан дўконимни йиқишди.
Менга, барча қулайликлар ҳоким томонида бўлган, менга эса фақат савдо нуқтасини бошқа жой – бир четдаги ҳали қурилмаган “Буюм бозор”га кўчирилишида кетадиган харажатлар учун давлатдан ҳеч қандай компенсация сўрамасдан дўконни қайтадан қуришга рухсат берилди ва номимга дўкон қуриш учун ер майдони беркитилган кундан 1 ой мобайнида эски дўконимни бузиб, бир йил ичида янги дўконни қуриб битказиб, ишга туширишим тўғрисида ваъда бериладиган аризага имзо чектирмоқчи бўлишди. Имзо қўймадим, компенсация берилишни талаб қилдим.
Шу билан “Буюм бозор”да ваъда қилинган майдон ажратилгани йўқ. Аммо бир қанча вақт ўтиб, яқинда харидорлар эътиборини тортмайдиган овлоқ бир жойда дўкон қуришга жой ажратишди. Мен шу овлоқ жойга ҳам рози бўлдим, аммо “Буюм бозори” қурилмагунча дўкон қурилишини бошламаслигимни айтдим. Ҳоким эса “Буюм бозори” 2012 йил 1 майгача қуриб битказилиб, ишга туширилишини маълум қилди. Мана май ойи ҳам ўтяптики, бозор битказилмаган, қурилиш ўлда-жўлда. Уч йилдан буён болаларим гоҳ эски бозор йўлкасида, гоҳ бошқа тўғри келмайдиган жойда нотинч ҳолатда ўтириб, дайдиларча савдо билан шуғулланмоқдалар.
Алдов билан тортиб олинган эски савдо жойимга қайтиш ёки ваъда қилинганини тезроқ тугатиишим учун “Буюм бозори”ни ишга тушириш ҳақидаги бир неча талабларимга ҳоким яна ваъда билан жавоб бериб келаяпти. Менинг эски дўкон ўрнимни шапкасидан ташқари 15000000 сўмга пуллади. Кўринарли жойда янги дўкон қуришимга рухсат бермаяпти. Ўрин қолмаган эмиш. Аслида ўрин кўп, у бу ўринларни яширинча сотаяпти.
Ҳокимнинг ноўрин ҳаракатларидан норозилигим кундан кунга ортиб бормоқда. Хусусий мулк дахлсизлигини ифодаловчи қонун қаерда қолди? Халқимизда “Ҳолвани ҳоким, калтакни етим” деган мақол бор. Қайта қурилган бозорда туман ҳокимнинг 5 та, ёрдамчиларининг 3 тадан, бошқа бадавлат ва амалдорларнинг 2 та ва 1 та савдо нуқтаси бўлатуриб, менинг савдо нуқтам ўзаро бўлиб олингани ва еб юборилганидан аламдаман.
Валерий НАЗАРОВ, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Хоразм бўлими раҳбари.



