
АҚШ ПРЕЗИДЕНТИ БАРАК ОБАМАга
М У Р О Ж А А Т Н О М А
Муҳтарам президент Барак Обама жаноблари!
Ҳурматли жаноблар!
Биз НАТОнинг навбатдаги Саммити Америка Қўшма Штатларининг Чикаго шахрида ўтаётганидан ва сиз АҚШ президенти ушбу Саммитнинг мезбони эканлигингиздан бағоят мамнунмиз….
Ҳурматли Барак Обама жаноблари!
Муҳтарам Саммит иштирокчилари!
Барчангизга маълумки, Ватанимиз Ўзбекистон ўзининг минг йиллик қадимий тарихи, бой маданияти, тийран маънавияти, нафис адабиёти, одоб-ахлоқ ила юғрилган бетакрор урф-одатлари-ю, меҳмондўст, ҳалол, қалби мурувват, меҳр-оқибатга лиммо-лим меҳнаткаш халқи билан дунёга маълум ва машҳур.
Мана шундай эртакнамо, жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг танти халқи “собиқ” коммунст Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг адолатсиз сиёсати, ноинсоний бошқарув тузуми, жабру жафоси остида азият чекиб келмоқда.
Каримовнинг 1989 йилда коммунистик партия сафидан бир юмалаб демократик партия аъзолари қаторига қўшилиб олишининг ўзиёқ, Ўзбекиcтон президентининг қалби, онги, дунёқарашида дeмократик ўзгаришлар рўй берганлигидан эмас, аксинча, шунчаки эгнидаги либос ўзгарганлигидан, унинг чопон ўрнига бўйинбоғ боғлаб олган костюм-шимлик амалдор қиёфасидаги жанобга айланиб қолганлигидан далолат беради. Амалда эса Ислом Каримовнинг тани, бутун вужуди коммунистик ғояларнинг шарпаси, қора бир соясидир.
Каримовнинг яккаҳокимлиги, худбин ҳукмдорлиги оқибатида ўзбек халқи бошига ёғилаётган офатларни санаш билан адоғига етиб, бу балоларни бартараф этиб бўлмайди.
Жумладан, Каримовнинг, таъкидлайман, президент Каримовнинг адолатсиз бошқаруви оқибатида айни кунда билаги кучга тўлган қарийиб 6 миллондан ортиқ навқирон йигитларимиз Россия, Қозоғистон, Корея каби ҳорижий мамлакатларда тирикчилик қилиш, оила боқиш учун пул топиш илинжида қул каби тер тўкишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам пахта, пилла каби қишлоқ хўжалик ишларига мажбурий жалб этилмоқда. Мамлакатда кун сайин осмонга сапчиётган нарх-навога нисбатан ишчи-хизматчилар меҳнатига белгиланган ойлик маошларининг ниҳоятда пастлиги аҳолини беҳад азобга қўймоқда. Оқибатда, аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи қишлоқ аҳлининг қозонида ҳафталаб гўшт қанамаётир. Бу ҳол ёш авлоднинг, хотин-қизларнинг, қўйингчи, бутун бир бошли аҳолининг саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Энг аянчлиси, тузумда порахўрлик, таъмагирлик иллати тобора илдиз отиб бормоқда. Каримов олиб бораётган нотўғри сиёсат натижасида, мамлакатда порахўрлик иллати бир ҳунар сифатида ўзга бир қатор касблар рўйхатидан аллақачонлар ўрин олиб бўлган десам, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳарбий хизматга ёлланиш, олий ўқув даргоҳларида ўқиш, ишга жойлашиш кабиларнинг барчасини пора эвазигагина амалга ошириш Ўзбекистонда одат тусига кирган. Собиқ СССРдан “мерос бўлиб қолган” барча завод ва фабрикаларнинг таназзулга юз тутиши, жамиятда ишсизликнинг кескин кўпайишига доя бўлди. Сўз эркинлигининг буғилиши, инсон ҳақ-ҳуқуқларининг топталиши, ҳукумат томонидан айбсиз айбдор деб топилган маҳбусларнинг Жаслик каби турмаларда мислсиз қийноққа солиниши… Юқорида санаб ўтилган аянчли иллатларнинг бари Президент Ислом Каримов олиб бораётган адолатсиз сиёсатнинг, ноинсоний бошқарувнинг инкор қилиб бўлмайдиган исботидир.
Бир сўз билан айтганда президент Ислом Каримов табиий бойликларга макон Ўзбекистонни 23 йил мобайнида иқтисодий таназзул батқоғига ботирди. Таассуфки, Ўзбекистонннинг сал кам чорак асрлик қўштирноқ ичидаги “иқтисодчи” президентининг шарофати билан бугунги кунда мамлакат коммунистларнинг иқтисодий қолоқлиги, қолдиғи бўлган режали иқтисод билан ўжар ва қулоқсиз бола каби бир жойда депсиниб ётибди. Ўзбекистон ривожланиш сари эмас, кун сайин икки қадам ортга қараб кетмоқда, наинки завод ва фабрикалар, балки бутун бир мамлакат таназзулга юз тутмоқда.
Умид қиламанки, юқорида мен санаб ўтган аччиқ ҳақиқатлар, аянчли манзаралар интернет сайтларининг саҳифаларида ёритилаётган Ўзбекистоннинг бугунги ҳақиқий аҳволини намоён қилишга қодир хабар ва мақолалар орқали кўз олдингизда намоён, аҳолининг оғир ҳаёти, фуқароларнинг тил билан, сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган оғирдан-да оғир қисмати сизларга жуда таниш….
Муҳтарам Барак Обама жаноблари!
Қадрли жаноблар!
Саммит иштирокчилари!
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати сизларни тақдирнинг 23 йиллик оғир синовини бошидан ўтказаётган, Каримовнинг таҳқиру тазйиқлари, шафқатсиз босимига дош бериб келаётган, ҳақ-ҳуқуқлари аёвсиз оёқ ости бўлаётган ўзбек халқининг дардига ҳамдард бўлишга чақиради.!
Шуни унутмангки, Ислом Каримов мана, сал кам чорак асрдирки Ўзбек халқини ядровий қуролсиз, ўқ-дорисиз қирғин қилиб келмоқда. Шундай экан, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати фаоллари Сизлардан ва шахсан муҳтарам АҚШ президенти Барак Обама жанобларидан Каримовга нисбатан муросасиз бўлишни илтимос қилади!
Ўз якка ҳокимлигини янада мустаҳкамлаш, тахтини қандай бўлмасин сақлаб қолиш мақсадида ўз халқига қирғин солаётган, тили бошқа, били бошқа камсага – Президент Каримовга ишониш мумкинми?! Асло!
Афсуснарлиси шундаки, 23 йилдирки Ислом Каримов ўзбек халқини қандай таҳқирлаб келаётган бўлса, НАТО, БМТ, Европа Иттифоқи, ЮНИСКО каби ўнлаб бообру ташкилотларни, бутун дунё ҳамжамиятини, кенг жамоятчиликни ўз муғомбирлиги билан айёрона ноғарасига осонгина ўйнатиб, ёлғон чўпчакларига барчани ишонтириб келмоқда.
Ўз нафсини қондириш, амалини асраб қолиш илинжида ўзбек халқининг бошига беаёв бало ва офатларни ёғдириб келаётган Президенти Ислом Каримовнинг кирдикорларига учманг! Биз сизлардан шуни сўраймиз!
Ҳурматли Барак Обама жаноблари!
Муҳтарам жаноблар, саммит иштирокчилари!
Сизлар, модомики, ўз инсонпарварлик ғоя ва қарашларингизга содиқ экансиз, миллати, ирқи, дини, тилидан қатъий назар хар бир халқ, ҳар бир миллат, жамики давлат фуқароларининг тақдиридан ташвишда экансиз, одамзод ҳаёти сизни бефарқ қолдирмас экан, ўзбек миллатининг қайғусига шерик бўлишга, ўзбекдек олийжаноб бир миллатни қайноқлар исканжасида қолдираётган президент Каримовга нисбатан муросасиз бўлишга мажбурсиз!
Биз сизлардан ҳақиқатни қарор топтириш, адолатни тиклаш йўлида президент Ислом Каримов билан ҳеч бир жиддий амалиёт ўтказмасликни ўтинамиз. Токи, ўзингизни жафо чекаётган ўзбек халқининг тақдирига масъул, қайғусига ҳамдард деб билар экансиз, Ўзбекистоннинг диктатор президенти билан бўладиган ҳар қандай учрашув ва мулоқотларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз!
Ўзбек халқига қачонгача золим султон зулм ўтказади? Ўзбек халқи қачонгача қон ютади? Бу йўлда қачонгача Каримовга кўмак берасиз? Қачонгача сиёсий манфаатлар илинжида Каримов билан оғиз-бурун ўпишасиз!
Жаноблар!
Ҳамиша Сиз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари тикланаётганлиги ҳақидаги эртакларга ишонганингиз учунгина эмас, ишонишни истаганингиз учунгина инонасиз! Рост бўлишини истайсиз, орзу қиласиз!
Бироқ, Ўзбекистон аҳолисининг ҳақиқий ҳаётидан хабардор бўлишни истасангиз, халқнинг ичига киринг, додига қулоқ тутинг! Хулоса қилишдан олдин, оламни тутаётган халқимизнинг фарёдини тингланг, ҳақиқий ҳолини кўринг!
Токи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг тикланишига кўмак қўлини чўзмас экансиз, токи мурожаат ва чақириқларимизга қулоқ тутмас экансиз, Каримов зулмидан зор қақшаётган халқдан ҳол сўрмас экансиз, Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноққа солинаётган маҳбусларнинг озод этилишида ҳисса қўшмас экансиз, демократик тамойиллар, инсонпарварлик ғоялар хусусида жон куйдириб айтаётган ваъзларингизнинг барчаси бекор, қуруқ гапдангина иборат бўлиб қолгуси.
Ўз ғоя ва қарашларингизга бўлган садоқатни Ўзбекистон мисолида амалий исботлаш фурсати етган деб ҳисоблаймиз.
Эътиборларингиз учун раҳмат.
Хурмат билан,
Баҳодир Чориев
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати етакчиси
WWW.birdamlik.info 20 май, 2012 йил.



