«ХАЛҚНИ КУП ЙИҒЛАТМАНГЛАР»

Носир Зокир

Кейинги   йигирма  йил  ичида  Ўзбекистон   телевидениесида, эл  орасида  эътибор   қозонган    кўплаб   кўрсатувлар  тақиқлаб қўйилди. Гулмира Мусажоновани  «Оддий   ҳақиқатлар», Эшқобул   Шукурнинг «Баҳс»  каби   кўрсатувларини   одамлар   интизорлик   билан   кутиб,   кўрар   эдилар.

 

Бу   кўрсатувларда   ҳукумат   даражасида   танқид   бўлмаса   ҳам, ҳар   ҳолда   халқни   оз   бўлса   ҳам  фикрлашга   ундовчи,   баъзи   камчилликларни  фош   қилувчи  фикрлар  айтилар   эди. Бу   кўрсатувлар   бирданига   йўқ   қилинмади. Секин–секин    телевидение шу   ҳолатга келтирилдики,  ҳозирга келиб бирор   бир   тишга   босадиган   нарсани   кўрмайсиз, мақтов, ашула, ўйин, қайсидир   рассомни   чизган   расми, қайсидир   чет   элликни  Ўзбекистон   ва   қайсидир   раҳбарни    мақтаётганини   кўрасиз,   холос.

Савет   даврида   халқ   орасида   катта   ҳурматга   сазовор   бўлган   кишилар   вафот   этса, мамлакат    раҳбарлари   уларнинг   оилаларига   таъзия   билдириб баёнотлар   тарқатардилар. Бизда   эса, кейинги   пайтларда    машҳур   кишиларни   вафот   этганлиги ҳақида  ҳам  эълон   қилинмай  қўйилди.  Кейинги    икки – уч   йил   ичида   Эргаш  Каримов, Ҳожиакбар   Нурматов, Жамшид  Зокиров, Мирзоҳид Раҳимов, «Божалар»  груҳидаги   йигитлар   каби  эл  назарига   тушган   шахсларни   вафоти   ҳақидаги    хабарни   халқимиз дастлаб, хорижий   радиолар   орқали эшитишди.       

Телевидениеда  М. Ҳамроеванинг «Эрта   сўнган   юлдузлар»   номли   кўрсатуви   бўлар   эди. Унда  бевақт   вафот   этган   ёш   санъаткорлар   ижоди   ҳақида  қизиқарли   материаллар   берилар  эди. Таниқли    олим  Озод  Шарофиддиновнинг    бир   мақолаларида   айтишларича,  бу   кўрсатув,   юқори   мартабали   бир   сиёсий   саводсиз   кимсанинг   телевидение   раҳбарларига  «Халқни  кўп  йиғлатманглар» деган,  буйруқ   оҳангидаги   гапидан   кейин   тўхтатиб   қўйилган.  «Бизда ,  умуман,   ҳақиқат   ҳеч   қачон   тўрдан   жой   олган   эмас, ўзига   муносиб   тарзда  иззат – икром   кўрган   эмас, ТВ  шунақа   муссасаки,   у  истеъдодларсиз  кун   кўра   олмайди,  лекин   бирорта   истеъдод   эгасининг  ўзлигини   тўла,  бемалол ,  эркин   намoён  қилишига   йўл   ҳам   қўйилмайди. Кўпчиликнинг   фикри   умуман  инобатга   олинмайди»  деб   ёзади  О. Шарофиддинов.  Олимни   шу   фикрларини   ўқиб,   ўйланиб   қоласан   киши. Наҳотки,   бизда   ҳатто   ўлим   ҳам   бўлмаса? Наҳотки,   ҳаётимиз    фақат  ўйин- кулгидангина   иборат   бўлса?

 

Носир ЗОКИР

“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати наманган ва Фарғона вилояти бўйича координатор

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares