
- 1. Ёмоннинг рост гапидан кўра яхшининг ёлғони яхши.
- 2. Истеъдодли ижодкор дадиллик ва чидамлилик орқали буюкликка эришади.
- 3. Ҳақиқий рассом рангдан оҳанг яратади.
- 4. Одамлар жасорат жазоланишни кутадилар, агар у жазоланмаса, унинг ҳақиқийлигига шубҳа билдира бошлайдилар.
- 5. “Жасорат” сўзи “ж” ҳарфидан бошланади, “жазо” сўзи ҳам.
- 6. Довюраклик билан жиноятнинг фарқи қолмаган жойда ватанпарварликка йўл бўлсин!
- 7. Чекмайдиган одам уйида чиройли кулдон сақласа, у шу буюм билан ё дўст орттирмоқчи, ёки кимнидир қармоққа илинтирмоқчи.
- 8. Юпун кийинадиган, катта пул сарфламайдиган, тўлиб-тошган давраларга қўшилмайдиган, ё бадавлат, ё мартабали, ё машҳур кишиларнинг ҳаммаси ҳам хокисор эмас, улар зиқна бўлишлари мумкин.
- 9. Кимлардир ич этларини, бировларнинг ғамини, кимлар эса ўз виждонлари ва бировларнинг умрини еб кун кўрадилар.
- Мевадонда юзлари ял-ял ёниб, дастурхонни безаб олмалардан улар ейилгач, ғажиб ташланган қолдиқлар қолади. Ошиқлар юрагини ҳам золим дардлар кемира-кемира бесўнақай ҳолга келтирадилар. Бироқ ушбу бечирой кемирикда ўша олма қолдиғидаги эзгулик уруғлари қолади. Қаерга экилса, ўша ерда янги ниҳол униб чиқади.
- Муҳаббат дардини оғриқсиз даволаб бўлмайди.
- Қуртлар меванинг юмшоғи ва ширинини яхши кўрадилар. Ғамлар ҳам ҳалим кўнгилга ёпирилиб, уни илма-тешик қилиб ташлайдилар.
- Миниатюра – мўъжазликда яширинган мўъжизадир.
- Ҳаётда ҳеч нарсани, энг муҳим, деб, ҳисоблама, шунда йўқотишлар ва айрилиқлар туфайли камроқ азоб тортасан.
- Ўзингни ва ўзгаларни яхши билсанг ва шу билишларингдан унумли фойдалансанг, ҳеч қачон хўрланмайсан.
- Ёмон ва хато ишга қўл уришга ундаётган яхши одам билан муомала қилиш, шу ишни таклиф этаётган ёмон одам билан муомала қилишдан қийинроқ. Негаки, ёмон одамнинг гапини муросасиз инкор қилаверасан, иши юришмаганида ҳамма унинг ўзини айбдор ҳисоблайди. “Унинг ўзи ёмон”, дейдилар. Лекин яхши одамнинг гапини инкор қилсанг, истагини амалга оширмасанг, “Шундай яхши одамнинг кўнглини оғритди”, деб, сени ёмонотлиққа чиқарадилар.
- Ёшлиги ва ўрта ёшлик даврида обрў ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган инсон, кексайганида обрў талаб қилиш расмини тутса, илгариги обрў-эътиборини ҳам йўқотиши мумкин.
- Аёлнинг қўрқоқлиги довюракликни, довюраклиги қўрқоқликни келтириб чиқаради. Унинг соддалигидан айёрликнинг, айёрлигидан соддаликнинг қулоғи кўриниб туради.
- Аёл ҳақиқий хавфга эмас, ўзининг хаёлида гавдаланган хавфга қарши курашишни яхши кўради. Ҳақиқий хавф хавф ўзини унга намоён этганида эса, ўзи қўрқоқликда айблаган эркакдан ҳимоя сўрайди.
- Жуда узун режа билан иш тутса, ўта донишманд одам ҳам хатога йўл қўйиши ва инқирозга учраши мумкин. Қисқа режа билан ҳатто калтафаҳмлар ҳам муваффақият қозонадилар.
- Ёзсанг, сабр билан ёз. Сабр билан ёзилган асарнинг буюк бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
- Ёзилмаган ёки айтилмаган сўз, қилинмаган иш, яратилмаган асар йўқлигича қолаверади. Амалий ҳаракат уларга жон ато этади.
- Қалбидаги инсоний сезгиси ўлганлар орасида ўта сезгирлигича қолган инсон кўп азоб чекади. Чунки атрофдагиларнинг ички дунёсида акс этувчи ғиж-ғиж бадбинликлар уни ҳаётдан тўйдиради.
- Мен ҳам сизга ўхшаган одаммман, фақат сал бошқача фикрлайман, сиз ҳам ҳудди менга ўхшайтуриб, мендан бошқача фикр юритишингизга қарши эмасман.
- Бошқаларни ўзинг кўриб турган нарсани ўзинг каби кўришга мажбур қила бошлашинг, ҳаммани ўзингдан бездира бошлашингдир.
- Хавф-хатар сезилган пайтда, ҳаракат қилмай, атрофни кузатиб, йўналишни белгилаб олиш, энг яхши ҳимоядир.
- Фақат ўзининг фикрини маъқуллаш ҳам, фақат ўзганикини маъқуллаш ҳам, аҳмоқликнинг ўзига хос кўринишларидир.
- Худо ярлақаган донишманд ва туғма истеъдодли инсоннинг хаттоси ҳам катта муваффақият келтириши мумкин.
- Ёмонликни кўзлаб қилинган савоб ишдан, яхшиликни кўзлаб қилинган гуноҳ афзал.
- Риёзат чеккан юмушингнинг ҳақини олганинг яхши.
- Ўзининг ҳақиқий ишлаган ҳақини сўраш таъмагирликка кирмайди.
- Ижодда ифоданинг қудрати улкан. Ҳақиқий ижодкор йўриғида у муҳлис юрагига ўткир ханжар бўлиб санчилишга ҳам, ханжар тилган ярани бир зумда тузатишга ҳам қодир.
- Яхши ва оқил инсон сўзласа, оддий гаплар йиғиндиси ҳам мазмунли фикрга айланади.
- Кескин айтилган сўз ва кескин қилинган ҳаракат, гарчи тўғри бўлса ҳам, нотўғри қабул қилинади.
- Инсон ўзи ўлишни исташи мумкин, аммо ўзини биров ўлдиришини ҳеч қачон истамайди.
- Омадга ҳам тайёр бўлиш керак.
- Уни кимдир гапиришдан қўрқади, кимдир эса эшитишдан, бу – эркин сўздир.
- Энг яхши қобилиятлардан бири, вазиятни тўғри баҳолаш қобилиятидир.
- Бировнинг фикри билан иш қилганингда, ўша иш амалга ошмай қолса, ўша фикр тўғри бўлса ҳам, нотўғри ҳисобланади.
- Кўпчилик маданиятсиз хатти-ҳаракатни эмас, шу хатти-ҳаракатни ногаҳон билириб қўйишни, маданиятсизлик, деб, ҳисоблайди.
- Кўпинча одамлар одамларни эмас, бир-бирларининг хотираларини қадрлайдилар.
- Инсон баъзан ёлғонларга берилиб кетса ҳам, барибир, ҳақиқатни яхши кўради.
- Инсон ҳаётининг мазмуни – ёлғончи дунёда ҳақиқатни топишдир.
- Фойда кўриш учун имонни унутиш эмас, имонни сақлаш учун фойда кўриш ёҳуд фойдадан воз кечиш лозим.
- Бошқалар англай олмаган бирон нарсани англаганингни бошқаларга англата олишинг, бирон нарсани янгидан яратиш билан тенг туради.
- Баъзан бир одамга бошқа бир одамнинг ўзи эмас, у билан учрашиш ёқмайди. Чунки айнан ўша одам билан учрашганида қандайдир кўнгилсизлик рўй беради, ўзини кўрсатолмаганидан хижолат чекади.
- Доим ножўя ва нотўғри ҳаракат қилиувчи инсоннинг энг яхши иши – ҳеч нима қилмасликдир.
- Ҳеч бир балиқ аквариумга ўз ихтиёри билан тушмайди.
Бахтиёр МАҲМУД



