Хива шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан 1997-98 йилларда Хоразмда “экологик тоза транспорт” троллейбус қатнови йўлга қўйилган эди. У Урганч аэропортидан то Хивадаги Ичон қалъага қадар масофада йўловчи таший бошлади. Хоразмга ташриф буюрган сайёҳлар ҳам хоҳласалар шу транспортда Хивага боришлари мўлжалланганди. Бошида ҳамма суюнди. Бир-иккита сайёҳлар ҳам баъзан троллейбусларда кўриниб қоларди. Янги тролейбуслар ғиз-ғиз одам таширди.
Аммо вақт ўтиб, тролейбуслар эскирди. Уларни асраш, тозалаш, қисмларини янгилаш ишлари тўғри йўлга қўйилмагани учун эскириш ва яроқсизлик тез юзага келди. Эндиликда тролейбусларнинг кўпчилиги ишдан чиққан. Юриб турганлари эса ҳудди шалоқ араванинг ўзи. Шақир-шуқир овоз чиқариб, қалтираб зўрға юради. Йўлда юқоридаги ток берувчи симга уланадиган асбоби тушиб кетса, ҳайдовчи ёрдамчиси шуни тузатгунча троллейбус тўхтаб туради. Баъзан троллейбуз бузилади, баъзан симда ток бўлмай қолади. Бу ҳолатлар 25 километрлик манзилга етунча бир неча марта такрорланади ва Хивага қарийб бир ярим-икки соатга етиб борасиз. Бошқа транспортларда бу йўл ўн беш, йигирма минут, кўпи билан ярим соатда босиб ўтилади.
Бу ҳам майлику-я, троллейбусларнинг кир-чирлигини айтмайсизми? Уларнинг ичи ҳар куни эрталаб ювиб тозаланмайдиган кўринади. Оёқ ости чанг, тўзон. Ўриндиқлар, эшиклар, деразалар кирлиги боис, ташқарига тикилсангиз, худди тумандай туюлади. Баъзи троллейбусларнинг орқа ёки олд ойнаси бир жойи синиб, бошқа жойи чатнаб турибди. Кўпчилик ўриндиқларнинг материали йиртилган. Уларга сайёҳлар минмай қўйишган. Маҳаллий фуқаролар ҳам бу арзон ва экологик тоза транспортга камроқ минади. Унга “эшак арава” номини беришган. Яна шу томони ҳам борки, энди троллейбуслар аэропортгача боришмайди, Урганчнинг бошидан қайтишади. Аэропорт йўли четида жойлашган троллейбус депоси ҳам афтода ҳолга келган.




