МЎЙҚАЛАМ МЎЪЖИЗАЛАРИ ЁҲУД РАНГДАН ЯРАЛГАН ОҲАНГЛАР

Рассом Хадича Ерматова
Шоир Бахтиёр Маҳмуд

 

21 апрель – Рассомларнинг байрам  куни. Шу муносабат билан  Ўзбекистон Республикаси Бадиий Академияси Тошкент шаҳрида ва вилоятлар марказларида ҳар йили шу кундан бошлаб 5 кун  давомида “Тасвирий санъат ҳафталиги +5” тадбирини ўтказади.  Бу тадбир Хоразмда ҳам кенг миқёсда ўтказиб келинади. Бу йил 21-25 апрель кунлари  Урганч суратлар галереясида ўтказилган шу ҳафталикда Бадиий Академия ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ўқитувчи ва рассом Хадича Ерматованинг 51 та янги асардан иборат шахсий кўргазмаси очилиши ва у ҳафталикнинг олтин медали билан тақдирланиши муҳим  воқеалардан бири бўлди. 

 

Ҳафталик 21 апрель куни очилди. Унда Бадиий Академия вакиллари Файзулла Аҳмадалиев, Эркабой Машарипов, БА академиги Отахон Оллаберганов, уюшма аъзолари – таниқли рассом Солий Қодиров, ҳайкалтарош Бахтиёр Рўзиматов ва Шавкат Усмонов, бошқа таниқли рассомлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бадиий Академияси тасарруфидаги Хоразм вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати, Урганч Давлат Университети, Урганч маданият ва санъат коллежи, умумтаълим мактаблари ва туманлардан келган ёш рассомлар, ҳокимлик вакиллари, ёзувчи ва шоирлар ҳозир бўлишди. Хоразм вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатидаги 40 дан зиёд ўқитувчи ва ўқувчи ишидан иборат  “Устоз ва шогирд” бадиий кўргазмаси очилди.  Ёш рассомлар хоразмлик таниқли мусаввирлардан кўплаб маслаҳатлар олдилар. Ёш дизайнер Шоира Отабекова либос дизайни намуналарини намойиш қилди.

 

Хадича
Хадича

23 апрелда Ўзбекистон Республикаси Бадиий Академияси тасарруфидаги Хоразм вилоят “Ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати” мутахассислик фанлари бўйича директор ўринбосари ЎзБА Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Хадича Ерматованинг шахсий бадиий кўргазмаси очилди. 24 апрелда мактаб-интернатнинг7-8 синф ўқувчилари Урганч суратлар галереясига устозлари билан бориб, этюд чиздилар ва мастер-класслар ўтказилди. 25 апрелда “Тасвирий санъат +5” ҳафталигининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Кимдир диплом, кимдир сертификат, кимдир фахрий ёрлиқ олди. Ҳафталикнинг олтин медали Хадича Ерматовага, кумуш медали эса мактаб-интернат ўқувчиси Холдор Рўзметовга насиб этди.

 

2. “Отамни эслаб” м.м. 2001 й.
1. “Ухлаётган дарахтлар” м.м. 1995 й.

Менинг рафиқам Хадича Ерматова 1972 йил 10 март куни Урганч шаҳрида туғилган. 1991 йилдан 1995 йилгача Урганч шаҳридаги Бадиий безаш комбинатида безакчи рассом бўлиб ишлади. 2000 йилда Урганч Давлат Университетининг “Чизмачилик, тасвирий ва амалий санъат” бўлимини имтиёзли диплом билан тугатди (у рус мактабини битирган бўлса ҳам, уйланганимдан кейин ўқишга киришида ўзбек тилида имтихон топширишга бир неча фандан ўзим тайёрлаганман ва у ҳалол равишда тестларда ҳаммадан энг кўп балл тўплаган). Ўқиш даврида 24-сон санъат гимназиясида тасвирий санъат ўқитувчиси лавозимида ишлади. 2000 йилда Тасвирий ва амалий санъат лицей-интернатида тасвирий санъат ўқитувчиси лавозимида ишлай бошлади. 2009 йилда лицей-интернат номи Ўзбекистон Бадиий Академияси тасарруфидаги Хоразм вилояти  ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати деб ўзгартирилди. Шу пайтдан буён Хадича мутахассислик фанлари бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият олиб бормоқда. Вилоят, республика, Миср элчихонасида бўлиб ўтган жамоавий кўргазмалар иштирокчиси. 2009 йил декабрь ойидан буён Ўзбекистон Бадиий Академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 

 

4. “Ардвисура Анахита” м.м. 2006 й.
3. “Куз навоси” м.м. 2004 й.

Хадича ишлаётган мактаб 1997 йил 11 мартда ташкил топган. Унда туманлардан келган ўқувчилар ётиб ўқийди. Умумтаълим фанлари билан бирга рангтасвир, чизматасвир, композиция, каштачилик, гобелен тўқиш, кулолчилик, наққошлик, хайкалтарошлик, ганч ўймакорлиги, ёғоч ўймакорлиги касб-хунар йўналишлари ўқитилади. Ўқувчилар 5-синфдан қабул қилинади. Урганч шаҳрининг 4-дахасидаги мактабга мослаштирилган боқчада жойлашган. Ўқувчилар сони 202 нафарни ташкил қилади. Мактаб-интернатда 8 та синф ва 8 та устахона мавжуд эди. 2012 йил Ўзбекистон Республикаси Ивестиция Давлат дастури тўғрисидаги ПК 1668-сонли қарорига асосан мукаммал қайта қурила бошланди.

 

Шуни айтиш керакки, мактаб-интернат ўқитувчилари қарийб 15 йил давомида йиғлагудек шароитдаги  бинода дарс бериб келдилар. Бино мослаштирилмаган. Синф хоналари етишмайди. Айрим ўқув хоналарида оёқ остида линолиум ҳам йўқ, бетон пол.  Ётоқхона, ўқув хоналари ва бошқа хоналар  қиш кунлари иситилмайди, музхона. Хоразмнинг қаҳратон совуғида туманлардан қатнайдиган ўқувчилар ниҳоятда қийналадилар. Бошқалар қатори Хадичанинг ҳам ишлайдиган хонаси муздай, шу жойда ҳар куни эрталабки 8 яримдан то соат 17-18 ларгача шу жойда ишлайди. Уйга дилдираб қайтади, тез-тез шамоллаб, йўталади. Хайриятки, мактаб-интернат бу йил замонавий тарзда қайта қурилмоқда. Мен мазкур мактаб устозларининг, айниқса, рассом ўқитувчиларнинг ана шундай шароитда ишлаб, таърифласа арзигудек юқори кўрсаткичларга эришиб келаётганига қойил қоламан.   

 

6. “Амударёда куз” м.м. 2011
5. “Кўл бўйида” м.м. 2009 й.

Ютуқлар ҳақида беҳуда айтмадим. Бошқа яхши шароитли, имкониятлар тўла яратилган мактабларда ҳали бундай муваффақиятлар йўқ. Мактаб-интернатни битказган ўқувчиларнинг асосий кўпчилиги касб-ҳунар коллежларига ўтганда ҳам истеъдодини намойиш этиб, коллежни битиргач, албатта, олий ўқув юртига ўқишга кирадилар. Интернат ўқувчилари АҚШнинг «Дунё болалар нигохида» халкаро кўргазмасида, Словакиянинг “Лидице болалар кўргазмаси”да, Ўзбекистон Бадиий Академияси ва Швейцария элчихонаси ҳамкорлигидаги “Чегаралар” мавзусидаги кўргазмада, Ҳиндистоннинг “Шанқар” халқаро болалар кўргазмасида, Бангладеш Республикаси халқаро кўргазмасида, Польша кинологлар бирлашмаси ва Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан эълон қилинган “Бола ва кучук”, “Инсонлар ва итлар” кўрик-танловида, Словакиянинг «Why I`m happy in the world» болалар кўрик-танловида, шунингдек, республика миқёсидаги  кўргазмалар, кўрик-танловлар, биеналлеларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

 

8. “Полвонпир” 2006 й. ип, мато.
7. “Қовун натюрморти” 2004 й. ип, мато.

Хадича Ерматова шундай оғир шароитдаги мактабда эрталабдан кечгача ишлаши ҳамда уй ишларини бажариши шароитида ижодий ишга ҳам вақт топиб, шахсий кўргазма қилиш даражасига етгани эътиборга моликлигини мактаб директори ҳам қайд этди. Илҳоми келганда холстга мойбўёқда ранг тасвир асарларини чизади, дам олаётганида кашта тўқийди, янгилик яратиш иштиёқида ёғочдан, лойдан, алебастрдан ҳайкаллар ясайди. Хадича ўтирган хона доим ўқувчилар билан гавжум бўлади. Улар устознинг маслаҳатини олиб, шу ерда сурат чизишни хуш кўрадилар. Эрта тонгда бир гуруҳ ўқувчилар уни мактаб қошида кутиб оладилар.

 

10. “Мажнун баҳор” ёғоч 2012 й.
9. “Хоразм воҳаси” 2009 й. ип, мато

Кўргазма очилишида профессионал рассомлар томонидан Хадича Ерматованинг қишнинг оғир юкини, ҳаёт машаққатларини намоён этувчи “Ухлаётган дарахтлар”, рангларга бой ва “Авесто” китобидаги таърифларга мос тарзда ишланган “Ардвисура Анахита”,  Ичон қалъанинг кичик бир парчаси орқали бутун Хива жилосини намоён этган “Нақшинкор Хива”, чексиз меҳрни ифодалаган “Отамни эслаб”, Хоразм колоритини ўзида жамлаган “Шоирнинг ёшлиги”, “Қайнонам хотирасига”, “Амударёда куз”, чириб, қурт кемираётган барг инсон юрагига ўхшатиб ишланган “Хазон” каби ранг тасвир асарлари, “Қовун натюрморти”,  “Полвонпир”, “Хоразм воҳаси” каби кашталари ва “Бу ажиб гуллар” сўзанаси,  гипсдан ясалган “Сирдош дугоналар”, сополдан ясалган “Дарё”, ёғочдан ясалган “Мажнун баҳор” ҳайкалтарошлик асарлари алоҳида эътироф этилди. Шуни айтиш керакки, рассомчиликдаги кашта ва сўзанани яратиш жараёни жуда кўп вақтни олади. Тасвир бир неча ойлар давомида тўқилади. Бунга катта сабр-тоқат керак. Ёғоч ҳайкал яратиш ҳам анча машаққатли иш. Куюнчак, тўғрисўз ва интилувчан Хадича бу ва бошқа қийинчиликларга эътибор бермайди, баъзан кимнингдир адолатсиз қилмиши туфайли азият чекса, бироз йиғлаб олиб,  яна олдинга қараб юраверади.

 

Қуйида Хадича Ерматованинг рангтасвир, каштачилик ва ҳайкалтарошлик асарларидан намуналар келтирамиз:

 

  1. “Ухлаётган дарахтлар” м.м. 1995 й.
  2. “Отамни эслаб” м.м. 2001 й.
  3. “Куз навоси” м.м. 2004 й.
  4. “Ардвисура Анахита” м.м. 2006 й.
  5. “Кўл бўйида” м.м. 2009 й.
  6.  “Амударёда куз” м.м.  2011
  7. “Қовун натюрморти” 2004 й. ип, мато.
  8. “Полвонпир” 2006 й. ип, мато.
  9. “Хоразм воҳаси” 2009 й. ип, мато.
  10. “Мажнун баҳор” ёғоч 2012 й.

 

Бахтиёр Маҳмудов, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares