ХОРАЗМДА ДАРАХТЛАР ҚИРҒИНИ ЭКОЛОГИК МУАММОНИ КУЧАЙТИРАЯПТИ

Бахтиёр Маҳмудов

          Бугунги кунда ёз ойларида Хоразмга келган меҳмон бу воҳада дарахтларнинг паканалигини, шаҳарлар ва қишлоқларда қуюқ барглар соя солиб турадиган манзилларни топиш амри маҳол эканлигини ҳис қилади.  Албатта, бу Орол бўйида жойлашган экологик ҳалокат минтақасидаги табиий ҳолатлардан бири. Аммо бу ҳолат воҳада яшовчи фуқаролар, шу жумладан, амалдорларнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги, табиатга нотўғри муносабатидан келиб чиқаётганини ҳар ким ҳам ҳаёлига келтиравермайди.

 

 

            Воҳа тупроғининг шўрлиги, кўпчилик йилларда сув танқислиги ер эгаларини қийин аҳволга солиб қўяди. Экинларни парваришлагунча, меваларни етиштиргунча жон ҳалқумга келади. Аммо Хоразм халқи бу қийинчиликларни енгишга қодир. Шўрни ювиб, оғир меҳнатни қилиб, ерни гуллатиб-яшнатиб юборади. Бу азалий одат.  Кейинги пайтларда Хоразм учун сув ва ҳаводай зарур бўлган манзарали дарахтларга эътиборда мазкур одатдан чекиниш юзага келмоқда.

            Хоразмда гужум – энг севимли ва дунёда топилмайдиган дарахт. Унга шакл бериш шарт эмас, сал улғайганиданоқ яссироқ айлана шаклини олиб, уйдай соя беради, ёзда салқини жонбахш, худди миллий бош кийими чўгирмага қуйиб қўйгандай ўхшайди. Бундан 30 йиллар аввал вилоят шаҳарларида ва қишлоқларида баланд-баланд, соядор гужумлар кўп эди.  Кичкиналигимда катта ва кенг  томсиз айвон ўртасида ўсган улкан гужум бутун айвонга бостирма вазифасини ўтаб турганини кўрганман. Гужумларни шаҳар мўйловдори ва бошқа замонавий қуртлар  еб битирди. Биолог олимларимиз уларга қарши курашолмадилар.  Ҳозир яккам-дуккам,  бағрини қурт еб, бир қисми қуриб бораётган гужумларга кўзингиз тушиши мумкин. Гужумларга ёндош қайрағочлар, тераклар, толлар  ва бошқа дарахтлар ҳам маълум миқдорда шу қисматга дуч келдилар.

Ерга ўтқазилган ниҳолни ундириб, дарахт даражасига етказиш мушкуллашиб бораяпти. Шунинг учун кўкаламзорлаштиришга доир ҳисоботларда, маҳаллий ОАВда юз минглаб дарахтлар ўтқазилгани тўғрисида ахборотлар берилади, мақтанилади, аммо кузга келиб, уларнинг деярли 99 фоизи қуриб қолгани учун хас-чўп сифатида юлиб ташланади. Шуниси қизиқки, хусусий боғларда, шахсий турар жойлар атрофида дарахтларнинг кўпи ривожланиб кетади, жамоат жойлари, истироҳат боғлари, шаҳар кўча ва майдонларида эса бунинг акси. Бириктирилган боғбон ё маошидан мамнун эмасми, ё ҳамманики бўлган нарсани ўзиники деб ҳис қилмайдими, дарахтлар парваришини эътиборсиз қолдиради. Бунга сув йўллари яхши йўлга қўйилмагани ҳам муҳим сабаб.

Энг ачинарлиси ва афсусланарлиси, дарахтларни  етиштириш шундай қийин бўлган шароитда уларни, катта-кичигига қарамай, қўпориб ташлаш, чопиш, йўқ қилиш авжига чиқаётганидир. Айниқса, кейинги йилларда кўпчилик манзиллар тақир майдонга айланиб бораяпти.  Ҳар йили баҳор, ёз, куз  ойларида  жўра-ёронлар билан Амударё бўйларига балиқ овига борамиз. Аввалги йиллари у ердаги тўқайзорларда туронғи, юлғун, жийда ва бошқа тўқай дарахт ва буталари қуюқлигини кўрардик. Улар шаҳар ва қишлоқларни чанг ва тузли шамоллардан асраб, ерлар унумдорлигига ижобий таъсир ўтказган. Кейинги пайтлардаги балиқ ови сафарларида тўқайзорларнинг кўпи ҳар жой-ҳар жойда яккам дукккам бута қўрқибгина бош кўтариб турган тақир майдонларга айланганини кўрдик. Муаммо муаммони келтириб чиқаради.  Бу, совуқ қиш ойларида кўплаб истемолчиларнинг уйида газ йўқлигидан, кунгура печ қуриб, уйини қиздириш учун тўқайда ўтин чопгани оқибатидир. Айрим “ишбилармонлар” бундан бизнес ясадилар. Қишлоқлардаги, ҳатто шаҳардаги дарахтларни кесиб, чопиб, шох ва буталарини араваларга юклаб, деярли кўмирга тенг баҳода сотишга муваффақ бўлдилар.

Қишлоқ далаларининг ариқ ва ариқчалари четига қатор экилган тутлар  ва алоҳида тутзорлар қишлоқ кўрки бўлиши билан бирга, ипак қурти боқиб, пилла етиштириш воситаси. Айниқса, бу йилги қишда улар қаттиқ қирғинга учради. Масъул амалдорлар газ муаммосини ҳал қилмаганидан кейин ахоли қаҳратон совуққа чидолмай, орқа-олдига қарамай, тутларни қийратаверди. Савол туғилади, тутлар шунчалик камайиб кетган бўлса,  режадаги пилла қандай етиштирилади. Унинг ҳам йўлини топишган кўринади, одамларнинг ўзаро суҳбатларига таянадиган бўлсак,  қоғоз соғ бўлсин экан.

Манзарали дарахт деганда ҳозир кўпинча игнабаргли дарахтлар – арча ва қарағайлар тушуниладиган бўлди. Кўкаламзорлаштиришга масъул амалдорларнинг маҳаллий ОАВдаги чиқишларида, игнабагли дарахтлар кислородни бошқа дарахтларга қараганда кўп чиқариши, экологияга ижобий таъсири катталиги изоҳланади. Аммо Хоразм шароитида уларнинг кислородни кўп чиқарадиган даражага етишига кўз етмайди. Кўпчилиги, ҳали айтганимдай, экилган йилининг ўзида нобуд бўлади. Қолганлари бир икки йил ўтиб, ё сувсизликдан, ё томири зах сувни шимган шўр тупроққа етганидан қурийди. Ҳар йили экилаверади, қурийверади, экилаверади, қурийверади. Натижада ўнлаб йиллар ўтаяптики, игнабарглими, бошқами, яккам-дуккам дарахтларнинг шу туриши туриш, кичкинагина ва паканагина. Шунингдек, Хоразм шароитида қарағай ва арчалар бошқа жойлардагидек доимо яшнаб турмайди, негадир йилнинг кўпчилик фаслларида кўримсиз тусга киради.

Бундан ташқари, янги қурилиш объектлари дарахтлар қирғинини вужудга келтирмоқда. Мустақиллик йилларида вилоят шаҳарларида ва туман марказларида гектарларни эгаллаган турли янги боғ-мажмуалар, сайргоҳ ва сайлгоҳлар, майдон ва майдончалар барпо қилинди. Ўша жойларда авваллари қуюқ драхтлар соя солиб турарди. Одамлар жазирама иссиқда чарчаганларида дарахтлар тагида мазза қилиб дам олардилар. Энди эса кўпчилик майдонларда оёқ остида ўт-гуллар ўстирилганига қарамай, бўйдан баланд дарахт тополмай, жазирама иссиқда куйиб ўласиз. Кўп қаватли турар жой, иншоот, корхона ва ташкилот бинолари қурилган жойларда ҳам аҳвол шундай. Чунки, эски дарахтлар, қурт тушганми, тушмаганми, эътибор берилмай, архитектор чизиб берган кўринишни бузиши муҳим камчилик саналиб, таг-туги билан қўпориб ташланган. Неча ўн йиллар давомида парваришланиб шу даражага етган дарахт бир зумда яксон. Унинг ўрнига ниҳол ўтқазилса ҳам, юқоридаги ҳолатларни инобатга олсак, қачон унади-ю, қачон соя беради.

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares