Менинг икки акам бор…

Исмат Хушев

Исмат Хушев

Ёдгор Турлибековнинг 75 ёшга тўлиши муносабати билан

Менинг икки акам бор,
Етмиш тўрт ва етмиш беш.
Иккиси ҳам исёнкор,
Бири – Сиёб, бири – Кеш.

Бири – Ислом, бири – Ёдгор,
Бири – илҳом, бири – тождор…

Бири юзин ювса терда,
Бири шарбат, сутда ювган.
ЭРК талашиб Она ерда,
Бири қочган, бири қувган.

Бири гадо, бири шоҳдир.
Бири садо, бири оҳдир…

Бири ҳақ деб дилин доғлар,
Номи мухбир – илму толиб.
Бири дунёни сўроқлар,
Шаҳаншоҳдир ҳануз ғолиб…

Бири шодлик, бири ҳасрат,
Бири мардум, бири ҳазрат…

Бири доим тахт кўзлаган,
Ўчдир таъқиб, хусуматга.
Бири эса бахт излаган,
Мухолифдир ҳукуматга.

Бири мулкдор, катта бойдир,
Бири ночор, ҳоли войдир…

Бири асло эгмас бўйин,
Лекин содиқ виждонига.
Бири учун давлат – ўйин,
Чегара йўқ имконига.

Бири ғолиб, бири мағлуб,
Бири толиб, бири маҳбуб!

Бири элга берган зиё,
Иккинчиси – афсус ва панд.
Ажаб, бири – Қашқадарё,
Иккинчиси – Самарқанд…

Бири соғлом, бири бемор,
Бири – сархуш, бири – бедор…

Бири юртдан кетмайди ҳеч,
Йигирма уч йилки – хондир.
Бири четда – эртаю кеч,
Юрак бағри тўла қондир…

Бири Ислом, бири Ёдгор,
Бири – тожсиз, бири – тождор…

Менинг икки акам бор,
Етмиш тўрт ва етмиш беш.
Бири жуда зулмкор,
Бири содда, кўнгли бўш…

Бири тужжор, катта бойдир,
Бири ночор, ҳоли войдир…

Бири Ислом, бири Ёдгор,
Бири илҳом, бири тождор…

Бири сайёд, бири оҳу,
Бири фарёд, бири орзу…

Менинг икки акам бор…

29 апрель 2012 йил, Торонто шаҳри, Канада.

 

http://dunyouzbeklari.com/2012/04/29/6175/#more-6175

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares