
Қашқадарё вилояти, Китоб тумани йўл бошқармаси йўларни тузатиш ўрнига, ўйдим-чўқур бўлиб ўпирилиб кетган йўлларни, шунчаки, турпоқ, майда тош каби шунга ўхшаш нарсалар билан тўлдириб қўйишмоқда.
Шуям иш бўптими? Оқибатда эса, “ремонт қилинган” йўллар машиналарнинг залворига дош бераолмай, икки соат ўтар-ўтмас чанг-тўзон бўлиб ҳавога кўтарилмоқдаки, бечора одамларнинг бу чанг-тўзондан кўз-бурунлари тупроққа тўлмоқда. Бу ҳам камлик қилгандек, йўллардаги ўрадек ўйилган кавокларга тушиб, балони қоқ ёрилиб, аро йўлда қолиб кетган машиналару, жиғибийрон бўлиб, саргардон қолган ҳайдовчилар қанча. Аммо на илож. Ҳайдовчи шўрлик нима ҳам қилсин? Оддий фуқаролар додини кимга бориб айтсин? Одамларнинг оҳини эшитадиган бирорта валломат бормикин? Бўлса-бордир. Бироқ йўлларга мутасадди бу идоралар аҳолидан-да ночорроқ десак, лоф бўлмас. Нима эмиш, жавоблари тайёр: “Маблағ йўқ!” эмиш. Яна дўғлари баланд. Арз-дод қилгудек бўлсангиз, “Сизда бор кўз бизда ҳам бор. Биз ҳам увададек идраб қолган йўлларимизнинг ҳолини кўриб турибмиз. Соққа ажратишганларида-ку, ўзимиз билардик, нима қилишни! Шесть секундда ямаб ташлардик!” деб осмондан ҳам келишади гоҳо. Бу бор гапми, ё баҳонами, билмадигу, аммо бюжетдан ажратилган маблағнинг борини ҳам йўлга эмас, мазкур идора раҳбарлари ўз жиғилдонига урмаган деб ҳам айтолмаймиз….
Мен афтодоҳол йўлларимизнинг аянчли аҳволга келиб қолишининг сабаби, моҳиятига етиш учун бир эмас, ўн идорага бордим-ов. Натижа йўқ. Энг ёмони, бугун енг ичида, қўл учида “таъмирлаб” кетишади-ю, аммо, бечора “ремонт” икки соатга дош беролмай, яна “кўкси қоқ ёрилиб кетади!”. Гап айтиш учун оғиз жуфталишнг билан, яна ўша гап: маблағ йўқ! Эҳтимол, давлат томонидан ростдан ҳам етарлича маблағ ажратилмаётгандир? Берилгани ҳам кимларнингдир чўнтагини қаппайтириб ётган бўлса, эҳтимол. Аммо мен бир нарсага тушунмайман, кўчага чиққудек бўлсангиз, машиналар турна қатор, битта одамга ўнта транспорт тўғри келади-ёв деб ўйлайсан киши. Чумолидек кети узилмай кетган машина деганининг. Бу машиналар ҳаво билан ҳарактага келмайди-ку? Барчасига ёқилғи керак. Биласиз, бугунги кунда авто уловларга қуйиладиган ёқилғининг нархи осмонда. Нега десангиз, “йўл солиғи бор”миш! Хўш, адоғи-ю саноғи йўқ машиналарга қуйилаётган ёқилғиларга йўл солиғи сифатида қўйилаётган шунча устама маблағларчи? Улар қаён кетмоқда? Гапнинг очиғи, йўлларнинг айнан мана шундек ўпарилган урадек бўлиб қолиши авто ҳалокатларининг содир бўлишига омил бўлмоқда, агар билсангиз. Оқибатда эса, автоҳалокталар туфайли ҳам йўловчилар, ҳам ҳайдовчилар азият чекишмоқда. У эмас, бу эмас, Китоб туман ҳудудидаги мавжуд йўлларда юрган одамларнинг ҳам, ҳайдовчиларнинг ҳам, қўйингчи, машиналарнинг ҳам жонига тузим берсин, дейсиз… Наҳотки, йўл қурилишига мутасадди идора ходамларининг ўз вазифаларига совуққонлиги сабаб, аҳоли азоб чекса? Бу ҳол қачонгача давом этаркин? Китоб туманини кесиб ўтувчи энг асосий йўлнинг ҳам ҳоли хароб. Баъзан телевизорларда текист ва равон йўлларни кўрган аҳоли, “Наҳотки шунақа йўллар бўлса? Бизнинг йўлларимиз ҳам бирор кун обод бўлармикин?” деб орзуманд бўлиб қолишади. Китоб туманининг қишлоқларини туташтирувчи йўлларни эса гапирмай қўя қолинг. Ўтган асрнинг 70- йилларида таъмир бўлгандир, адашмасам. Бугунгилик кунда эса, ушбу бор йўллар ҳам адо бўлди, тугатилиб, йўқ бўлди. Ўрнида чанг, тупроқ қолди, холос…. Ҳой, яхшилар, Китоб тумани ҳудудида ғиз-ғиз қатнаётган автомашиналардан тушаётган даромадлар қаёққа кетмоқда? Шу саволимга жавоб берадиган азамат бормикин, топилармикин?
Зулфия ЧОРИЕВА
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Китоб туман фаоли



