
Мана, икки хафтадирки, ҳар сешанба кунлари чоп этиладиган, Ўзбекистон ва дунё футболига оид ошкора, чуқур фалсафага тўла мақолалари билан ишқибозлар кўнглидан мустаҳкам ўрин эгаллаган «Стадион» газетаси чиқмаяпди. Бунинг сабаблари қуйидагича: ушбу газетани шу йилнинг Январь ойидаги сонида шахсан менинг «Спорт» телеканали ва шарҳловчиларни танқид остига олган мақолам чоп этилагн эди. Мендек кишига тўсқинчилик бўлмагани учун ҳурсанд бўлган эдим. Газетанинг навбатдаги сонларида ўйингоҳларда ишқибозларга етарлича шароитлар яратиб берилмаётгани, ҳуқуқ – тартибод идоралари ходимлари ўйингоҳларга ҳатто бакалашкаларда сув олиб кирилишига ҳам қаршилик қилаётгани ва «Навбаҳор» жамоасининг мураббийи Усмон Асқаралиевни ноҳақ ишдан бўшатилганлиги ҳақида Наманган вилояти мутассаддиларини танқид қилинган мақолам ҳам чоп этилиши керак эди. У. Асқаралиев ҳақидаги мақолам «Бирдамлик» сайтида эълон қилинди ва мен бу мақолани «Стадион» руҳига мослаб, қайта ишлаб редакцияга жўнатган эдим. Бу мақолам газета сайтида эълон қилингач, шов – шув бўлиб кетди. Ўз номини айтмасликни сўраган газета ходимларидан бирини айтишича, Асқаралиев ҳақидаги мақола газета сайтида пайдо бўлгач, Намангандан ўзини таништирмаган шахс газета бош муҳаррири Шухрат Шокиржоновга қўнғироқ қилиб, « Носир Зокир мухолифат вакили бўлган, «Озодлик» радиосида ишлаган, ҳали кўрадиганингни кўрасан», деб дўқ – пўписа қилган. Бундай дўқ – пўписани ким қила олиши мумкин? Ахир, мақоламда сиёсий нарсалар ёзилмаган эди-ку? Наҳотки, спорт борасидаги оддий танқид ҳам Наманганлик амалдорларни чўчитиб юборган бўлса?! Юқоридаги воқеадан кейин, ҳатто газета ходимлари ҳам менинг мақоламни чиқаришни муҳаррирдан талаб қилиб туриб олганлар. Ҳатто машҳур журналист, устозимиз Аҳбор Имомҳўжаевнинг набиралари Диёр Имомхўжаев « Агар шу мақола чиқмаса, мен ҳам мақоламни чиқармайман» деб мақоласини қайтариб олган. Бундан ташқари, машҳур журналист, редколлигия аъзоси Бобомурод Абдулла ҳам шундай йўл тутган. Газета кейинги ҳафтада ҳам чиқмади. Мен суриштириб редакцияга қўнғироқ қилсам, телефон гўшагини кўтарган ходим «Газетани икки ҳафтадан кейин чиқади деб айтишаяпди», деди. «Стадион» да ишлаётган журналистларнинг аксарияти илгари «Чeмпион» газетасида ишлаган йигитлар эди. Бу газета ҳам худди шундай йўллар билан тўхтатилган эди. Энди бу журналистларнинг навбатдаги газетаси ҳам тўхтатиладиганга ўхшаб турибди. Илоҳим бундай бўлмасин, агар бу газетанинг тақдири ҳам «Чeмпион» га ўхшайдиган бўлса, Ўзбек газеталарида йилт этган ҳақ гап қолмайди. Умид қиламиз, агар юқори мартабали мутасаддилар ичида ўз манфаатидан Ўзбекистон ва халқ манфаатларини устун қўядиган кишилар қолган бўлса, бу ишга бефарқ бўлмайдилар. Агар ундай бўлмаса, Ўзбек матбуотида тинимсиз равишда демократик ислоҳотларни чуқурлаштираяпмиз деган гаплар ёлғон бўлиб чиқади. Қолаверса Халқаро жамоатчилик орасида мамлакатимиз шаънига яна кўнгилсиз гаплар бўлиши муқаррар.
Носир ЗОКИР
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона ва Наманган вилоятлари бўйича координатори



