ЭРТАКЛАР ЯХШИЛИККА ЕТАКЛАРМИКИН?

ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

2012 йил 24 февралда  сайтимизда қуйидаги мақолам ёритилганди:

 

Ўзбекистондаги конституциявийлик

 

Ўзбекистон Республикаси  Конституциявий суди раиси Р. Эшоновга почта орқали жўнатилган  ва “Бирдамлик” сайтининг 1 февралдаги сонида эълон қилинган мактубимга қуйидагича жавоб олдим:

 

Хоразм вилояти, Хива тумани, “Оқёп” қишлоғи

“Шихлар”маҳалласи 1-бўлим

 В. Назаровга

 

Сизнинг мурожаатингиз Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддасига мувофиқ Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўради.

Сизнинг мурожаатингизда кўтарилган масалалар Конституциявий суд ваколатига кирмаслиги сабабли, мурожаатингиз тааллуқлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига юборилди.

 

Катта эксперт:                 Ш. Саидқулов.

 

 

 

    Уни ўқиб кўргач, норозилик билдириб, қуйидаги мактубни йўллашга қарор қилдим:

 

   Ўзбекистон Республикаси

                                                                                                  Конституциявий суди раиси

                                                                                                  Р. Эшоновга

                                                                                                  Хоразм вилояти

                                                                                                  Хива тумани “Оқёп” қишлоғи

                                                                                                  “Хазина” фермер хўжалиги раиси

В. Назаров томонидан

 

                                              ИХТИЛОФИЙ АРИЗА

 

Қонунлар ўз ижроси билан тузук, дейилганидек, ихтилофим мажбур қилаётганлиги учун мен аризамни қайта такрорлашга қарор қилдим.  Чунки 2012 йилнинг 7 январида ҳақиқатнинг чуқур таҳлилиётини кўзлаб кўпни кўрган ва биладиган Р. Эшоновга 90 бетдан иборат ҳолатлар кўргазмасини ҳам тақдим қилиб, маълум бир ҳақиқат эгилаётганидан нолиб, унинг синмаслигига тиргак истаб, қонунлар ижроси найрангбозлик ва зўравонликка йўналтираётганлиги тўғрисида маълумот сифатида йўллаган эдим.

            Аммо жавоби мени жунбушга келтирди. Чунки 22.09.05/ 9844-сонли қарор натижасидаги “Хазина” фермер хўжалиги билан Хива тумани ҳокими ўртасидаги ихтилоф 2009 йилдан бери интихосини топа олмай, Ўзбекистон ҳудудида дарбадар ҳақ сўраб,охири айни сиздан Ўзбекистон диёрида қонунлар фуқаролар, ҳокимлар, юридик шахсларнинг барчасига бир хил тенглигини исботини кутгандим.

Қолаверса, катта таҳлилиётчи Ш. Саидқулов томонидан берилган юқори зина мўлжалидаги жавон, яъни Конституциянинг 108-моддаси изоҳловчи тўмтоқ жавоб унинг интеллектуал салоҳиятига мос эмасдек. Шунчаки бир жавоб эътирофи сифатида кўринади. Ваҳоланки, юқори зиналарга қадам биринчи зинадан бошланади. Конституциявий нормаларда 108-моддадан бошқа бошланғич зиналар ҳам бор.

Мисол учун,13-, 18-, 26-, 30-, 54-,  104/3-, 4- моддалар.  Ҳозирги вазиятда иш судлов ташкилотлари томонидан,“Ҳолвани ҳоким еди, калтакни етим еди”, қабилида иш тутилаяпти. Шу сабабли рус мақоли “Не ищи у палача милосердия»ни четлаб ўтиб, яна қайта мурожаат қилишга мажбурман. Негаки, қонунлар мажмуаси, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарорини 8-илова сифатидаги “Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олишнинг Намунавий шартномаси” лойиҳасидаги шартларнинг  IV бўлим 13-модда,  V бўлим  14-модда,  VI бўлим 16-модда,VII бўлим 20-модддаларига мувофиқлаштирилмаган сунъий ҳаракатлар Хива тумани ҳокими Д. С. Аллақулиев томонидан  фермерга нисбатан беписандлик билан мансаб суъистеъмоли натижасида ижро қилинган бўлса-да, судлар ушбу ҳолатларни назарга илмай, ҳокимнинг нуфузини қўллаб-қувватлаяптилар. Мен ушбу ҳомийлар мажмуасидан норозилигимни баён қилиб, бу масалага жиддийроқ эътибор берилишини илтимос қиламан.

 

В. Назаров,“Хазина” фермер хўжалиги раҳбари.

 

Март ойи бошида  аризамга қуйидагича иккита жавоб келди:

 

 

Хоразм вилояти Хива тумани

“Оқёп” қишлоғи “Шихлар”

маҳалласи 1-бўлим

 В. Назаровга

 

Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига юборган такрорий мурожаатингиз кўриб чиқилди.

           Сизга шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Конституциявий суди:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, ҳукуматнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти оргалари қарорларининг, Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослигини аниқлайди;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

3) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколат доирасида бошқа ишларни ҳам кўриб чиқади”.

Мурожаатингиз тааллуқлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига кўриб чиқиш учун юборилди ва натижаси ҳақида сизга хабар бериш сўралди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси   У. Т. Гиясов.

                                                                                    Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси У. Т. Гиясов.

 

“Хазина” фермер хўжалиги

раиси В. Назаровга

Хоразм вилояти Хива тумани

“Оқёп” қишлоғи “Шихлар”

маҳалласи 1-бўлим

 

Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига 2012 йил 10 январда ёзган аризангиз Олий хўжалик судида ўрганиб чиқилди.

Хоразм вилояти хўжалик судида кўрилган 22-0905/9844-сонли иш юзасидан муқаддам шу мазмунда ёзган аризаларингиз Олий хўжалик судининг масъул ходимлари томонидан ўрганилиб, натижаси юзасидан Сизга бир неча бор Олий хўжалик суди судлов таркиблари раислари ва Олий хўжалик суди раиси ўринбосари имзолари билан батафсил жавболар юборилганлиги яна бир  бор маълум қилинади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди

фуқароларни қабул қилиш ва шикоятлар бўлими бошлиғи  Т. Юсупов.

 

Мен бу жавоблардан ҳам қониқиш ҳосил қилмай, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Р. Эшоновга яна ушбу такрорий аризани почта орқали жўнатдим:

 

Ҳурматли қонунлар мажмуаси амалиёти тадбиқчилари! Мен ушбу аризамни учинчи марта йўллаш ҳолатимни ҳамма тарафдан чегаралаб, яшашга бўлган иштиёқимни сўндириш учун қилинаётган ҳаракатлар асосидан келиб чиқиб, поймол қилинаётган ҳуқуқимни тиклаш, унутилаётган қасамёдларни эсга тушириш учун қилинаётган ҳаракат деб билгайсиз. Шу ўринда болалигимда ўқиганим, айёр тулки тўғрисидаги эртакни айтиб беришга руҳсат этгайсиз:

Бир тулки доим товуқларни қийратиб, ер экан. Бунга чидолмаган товуқлар тулкининг устидан арз қилиб, айиқнинг олдига боршибди. “Айиқполвон, тулкининг дастидан бизга кун йўқ. Ҳар куни кечаси бизларни қийратгани қийратган. Ҳеч кимдан ҳайиқмайди”, дейишибди улар. “Тулки-я, вой, муттаҳам-эй, мен уни жазосини бераман”, дебди айиқ. У тулкини чақиртирибди. Тулки келиб, думини силкитиб: “Айиқ ҳазратлари, мен сизнинг биқинингизга тош ботмасин деб пар ёстиқ келтирдим”, дебди тулки ва юмшоққина ёстиқни айиққа узатибди, “Булар сизнинг ғамингида юрганимни билишмайди”. Айиқ пар ёстиққа суяниб роҳатланиб, товуқлардан юз ўгириб: “Аҳмоқлар, боринглар, иккинчи бунақа бемаъни арз билан бошимни қотирманглар”, деб уларни қувиб солибди. Шу кечаси яна икки товуқнинг шўри қурибди.

Товуқлар бўрига арзга боришибди. “Тулкининг дастидан дод!” дейишибди. Бўри тулкини зирқиратиб ҳайдаб келтирибди. “Бўри жаноблари!” дебди тулки думини ликиллатиб. “Мен биқинингиз ерга ботмасин деб пар ёстиқ келтирдим”. У бўрининг қўлтиғи остига юмшоққина ёстиқни қўйибди. “Бу попукли аҳмоқлар сизнинг ғамингизда юрганимни билишмайди”. Бўри пар ёстиққа суяниб роҳат қилибди ва товуқларга дўқ уриб: “Кўзимдан йўқолингилар, бадбахтлар. Тулки ўз ишини билиб қилади. Бундан кейин хайрли иш қилганлар устидан арз қилиб келманглар” деб бақирибди. Товуқлар жонларини ҳовучлаб уйларига қайтибдилар. Шу кечаси уч бош товуқ тулкига ем бўлибди.  

Эртакнинг давомини зарурат туғилса, худо хоҳласа,  кейинги арзимда баён қиларман. Зора, “Эртаклар-яхшиликка етаклар” дейишганидек, сизларга инсоф бериб, қизим сенга айтаман, келиним сен эшит, турфидаги услубни ўзгартириб, ватанимиз қонун поспобнларига “Ҳаёт сабоғидан олмаса таълим, Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим” дегандай, ҳадеб менга фалончи-фалончилардан жавоб берилганини тўтиқушдай такрорлайвермай, “что”, “к чему”, “откуда”, “кому”ларга адолат тарозуси билан ёндашиб, иш юритсангиз. Ахир бу ишда Вазирлар Маҳкамасининг 476-сон қарори 8-иловасидаги IV  банд 13-қисм, VI банд 20-қисмда белгиланган кучи синовдан ўтказилмаяпди-ку. Ёки бу йўриқнома кимгадир қонуний куч, кимларгадир бўйсуниш шарт бўлмаган ҳужжатми?

Мени адресимга Олий хўжалик суди шикоятлар бўилми бошлиғи бу сафар ҳам, “Сизга тушунтирилган”, жавобини канда қилмай, умумий тарздаги жавобни такрорлабди. Хўш, нимани тушунтирди? Биттаси, ҳоким қарорининг бекор қилиниши хўжалик судига тегишлимаслигиними? Кимга тегишлилигини аниқлаш учун мен Конституциявий судга мурожаат қилаяпман. Иккинчиси, иқтисодий тажовуз, яъни давлат божи юклаш билан пўписа қилишми? Хуллас, айёр тулки сценарийси, тулкидан қабул қилинган юмшоққина пар ёстиқни ҳалоллаш. Биттаси йўқки, “Ҳой, тулки, сен нима учун ва нечта товуқни еб битириб, терисидан пар ёстиқ ясадинг”, дейдиган. Яъни туман ҳокимининг фермерга айблов сифатида белгиланган Ер кодексининг 6.36.6-моддаси бузилишини тасдиқловчи исботи қандай тарзда амалга оширилган, ҳужжатлари борми, кўрсатинг, дейдиган.

“Калавани чувалаштирсанг арқон, норозини чувалаштирсанг достон” дейилганидек, 22-09-05/9844-сонли ишнинг ниҳоясини сохталаштириш ёки одиллаштириш сизларга буюк маъбуд томонидан буюрилган. Суюкли пайғамбаримиз САВ Муҳаммад мустафо айтган эканлар: Бир марта адолат юзасидан қилинган ишнинг савоби минг карра қилинган тоат ва ибодатдан юқори туради. Буёғи ўзларингизга ҳавола. Мен фақат ҳақиқат синмаслиги тарафдориман.

Уч йилдан бери адолат излаб ва уни тополмай зўравонликларга, саробларга дуч келиб, ўз ҳуқуқини поймоликдан асрашга ожизлик қилаётган, аммо адолат кучи ғолиб чиқишидан умизд узмаётган  Хива туманидаги “Хазина” фермер хўжалиги раиси В. Назаров.  14 апрель 2012 йил.

 

 ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

    

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares