Бугун, 16 апрель, Вашингитон вақти билан соат 8.00 да Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида кутилган норозилик намойиши бошланди. Пикет иштирокчилари Ҳасан ота Чориевнинг АҚШда истиқомат қилаётган 6 нафар ўғли, 6 нафар келину набиралари, жами 25 нафар кишини ташкил этди.
Икки ярим соатдан ортиқ вақт давом этган норозилик чиқишида Чориевлар оиласи вакиллари томонидан мамлакат қамоқхоналарида ноҳақ жабр чекаётган Аъзам Турғунов, Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжон, Соли Абдураҳмонов, Рустам Усмонов, Азамат Азимов каби сиёсий маҳбусларнинг катта портрет қилинган суръатлари ҳам кўтарилди. Чориевлар юқорида тилга олинган айбсиз айбдор инсонларнинг зудлик билан қамоқдан озод этилиш талаби билан чиқишди. Шу билан биргаликда, Чориевлар қўлидаги плакатларда “Каримов истеъфо берсин!”, “Сиёсий маҳбусларга қўлланилаётган босимларга барҳам берилсин!”, “Ўзбекитсонда порахўрлик тугатилсин!” каби даъватлар ҳам ўрин олган эди.
Бироқ, таассуфки, Вашингитондаги Ўзбекистон элчихонаси вакиллари худди катагига кириб олган товуқ каби, эшик-туйнукларини батамом беркитиб олишди, қулоқларини кар, кўзларини кўр қилишди гуё.
Энг ачинарлиси, Чориевларнинг норозилик намойиши туфайли лабидан учуқ тошган элчихона муттасаддилари бугун ишламади, ҳисоби. Ҳатто ўз иши билан келган оддий фуқароларни қабул қилишга ҳам ҳайиқиб қолишди.
Кутилганидек, элчихона ходимларидан бирортасини пикет иштирокчиларининг қаршисига чиқишга юраги дов бермади, чоғи, норозилик намойиши иштирокчиларининг талаблари дастлабки босқичдаёқ Ўзбекистон ҳукумати вакиллари томонидан жавобсиз, эътиборсиз қолди.
Норозилик чиқишида Чориевларнинг тўнғич вакили Баҳодир Ҳасанович Ўзбекистон ҳукуматига қарата мазкур пикетдан кўзланган мақсадлари, қатъий талаблари акс этган мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, Чориевларнинг бошқа вакиллари, жумладан, Баҳодир Чориевнинг ўғли Давронбек ҳам сўз олиб, ўз норозилигини изҳор қилди.
Пикетда сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистон сиёсий ислоҳатларга муҳтожлиги, президент Ислом Каримов кечиктирмай ўз ўрнини бўшатиб қўйиши шартлиги, Ўзбекистонда инсон-ҳуқуқлари мунтазам равишда паймол бўлаётганлиги, оталари Ҳасан Чориевнинг мол-мулкини ўз эгасига қайтариш лозимлиги қайта-қайта таъкидланди.
Бироқ, таассуфки, “Америка овози”, “Би-би-си”, “Озодлик” радиоларининг мустақил ва эркин фикрлилиги иддао қилинаётган ўзбек хизмати журналистларини Чориевларнинг жиддий ва қатъий талабларга йўғрилган норозилик чиқиши негадир эътиборини тортмади. Номлари санаб ўтилган ОАВларнинг ўзбек хизмати бўлими ходамлари жараённи четган кузатишни афзал билишди чамаси, воқеани ёритиш, ёхуд муносабат билдиришни ўзларига эп кўришмади. Бироқ, шунга қарамай, норозилик намойиши ниҳоясида “Озодлик” радиосининг инглиз тили хизмати журналисти воқеа жойига ташриф буюриб, пикет тафсилотлари билан қизиқди. Аммо афсуски, бу пайтда, Чориевларнинг норозилик намойиши ўз якунига етиб бўлганди. Журналист пикет ташкилотчиси ва иштирокчиси Баҳодир Чориевдан инглиз тилида интервью олишга муваффақ бўлди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур намойишнинг энг кенжа вакили уч ярим ойлик Азиз Ҳасанов бўлди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, пикет иштирокчиларининг асосини болалар ташкил этганди.
“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Матбуот хизмати




