
Хоразмлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бирининг айтишича, Россия Федерациясида фақат Ўзбекистонгина эмас, Туркманистон Республикасининг ҳам кўплаб фуқаролари ишчи мигрант сифатида фаолият кўрсатиб, муаммоларга дуч келмоқдалар. Санкт-Петербургда ишлаётган Абдужалол исмли туркман йигитига кўра, улар, 5 та ўзбекистонлик ва 6 та туркманистонлик йигитлар биргаликда, аавало, шу ердаги руслар қўлида 2 йил давомида турли дуч келган ишларни бажаришган. Бунинг эвазига ойига 250 доллар атрофида пул олишган. Қурилиш ишлари бораётган янги уйлардан бирининг бир хонасини яшаш учун мослаб, кун кечиришган. Айрим ҳолларда кунни ертўлаларда қийинчилик билан ўтказишган. Муаммонинг сабаби бир нарса, бу ҳам бўлса паспортдир. “2011 йилни 18 ноябрида, ҳужжат тўғирлаб бераман, деб, «Алюхин” фирмаси бошлиғи Слава исмли шахс пул ва ҳужжатларимизни олди-ю, қайтариб бермай, йўқолиб кетди. Шундан кейин инсон яшаши учун ҳеч қандай шароит бўлмаган кунларни кўрдик” дейди Абдужалол.
“Андижонлик Раҳимжон исмли ўзбек йигити бизни ишга жалб қилди ва янги қурилаётган уйларда ишлаб, хоналарни кун кўришга мослаб, 7 ой кун кечирдик. Бу давр мобайнида бизга – 17 кишига ҳар ойда 300 доллардан пул беришди. Ўша Раҳимжон, 2011 йилнинг август ойидан ҳужжатларингизни расмийлаштирамиз, кўпроқ пул оласизлар, деб алдаб, бизни Коля исмли иш берувчига сотиб кетибди. У бизга озми-кўпми пул бериб, йил охиригача ишлатди. Аммо биз паспортсиз қолдик. Ҳозирда темир йўл бўйларида тозалаш ишларини қиламиз, йўл атрофларини чиқиндидан тозалаймиз, ер кавлаймиз ва бошқа бир қатор арзон-гаров қора ишларни бажаришга мажбурмиз. Паспорт масаласида кимга мурожаат килишимизни билмаймиз” дейишди Туркманистондаги инсон ҳаёти учун хавфли вазиятдан келиб чиқиб, исм-шарифини маълум қилишни истамаган бир гуруҳ туркман йигитлари.
Йигитларнинг сўзларига қараганда, Россияда туркман ишчи муҳожирлари йилдан йилга кўпайиб бораётган экан. Уларнинг ўзбеклардан фарқли равишда қўрқаётган томони шундаки, ватанига қайта кириш жуда мушкул. Улар ўз уйларида тутқунликда яшаётганликларини, факат пора бериб, таниш-билишчилик қилиб, хорижга чиқа олишларини, айтишади. Қайтиб киришда қийин бўлмаслиги учун Туркманистон паспортини хорижда ишлатишмайди, Россиядаги устомон ўзбеклар орқали ўзларига сохта Ўзбекистон паспортини тўғирлаб олишаркан. “Шу қийинчиликлар билан пул ишлаб оламиз, оддий қора халққа қийин, бойлар дунёнинг турли мамлакатларига чиқиб савдо-сотиқ қилишаяпти. Узоқ қишлоқ жойларида ишсизлик, қолаверса, бой-камбағал деган муаммолар бор, халқ чорвачилик билан шуғулланиб нон топар эди, ҳозир қўйларни боқиш ҳам муаммога айланиб бормоқда” дейишади туркман ишчи муҳожирлари.
Маълум бўлишича, Россиядаги ўзбек ва туркман ишчи муҳожирларига муносабатда ҳам қизиқ бир фарқ бор экан. Ишчи муҳожирларни назорот қилувчи россиялик ходимлар беларус, молдаван, қозоқ, қирғиз ва туркман миллати фуқароларига унчалик эътибор қилишмайди. Бирор бир ўзбекни учратишса, албатта, қандайдир айб қўйилиб, жазога тортишади ёки жуда синчиклаб текширишади. Арманлар ва бошқа кавказлик ишчи муҳожирлар ўзларини беклар каби тутишади. 2010-11 йилларда 2 нафар туркманнинг жасади юртига жўнатилгани ва 20 нафарга яқин туркман фуқароси турли регионларда қамалганини, айтишмоқда. Россияда ҳозирда туркман аёлларига ҳам катта йўл берилган, улар савдо марказларида, уй бекалиги ва бола боқиш ишларида ишлаб, яхши пул топаётган эканлар.
Хорижга кетиб ишлаётган Туркманистон фуқаролари уч гуруҳни ташкил қилади. Биринчиси, ҳокимликка ва ҳукумат амалдорларига қариндош ёки яқиндан таниш одамлар бўлиб, Германия, Туркия, Арабистон каби давлатларда ишчи мигрант сифатида ишлашади. Иккинчиси, Туркманистоннинг пулдор бизнесменлари бўлиб, Туркия, Эрон, Араб мамлакатлари ва бир қатор Европа давлатларида фаолият олиб бораётган эканлар. Учинчиси, Туркманистоннинг оддий авом халқи бўлиб, купчилиги Россияда ишлаётган экан. Тахминий маълумотларга кўра, уларнинг сони Россия Федерациясида 17000 нафарни ташкил қиларкан. Ҳозир Туркманистонда хорижга чиқадиганларга унча эътибор бермай қўйишган, аммо ичкарига қайтиб кириш ғоят мушкул, манзилга етгунча обдон текширилиб, қаерда бўлгани, мамлакатда йўқ пайтлари нима билан шуғуллангани суриштирилиб, чуқур ўрганилади.
Бахтиёр МАҲМУДОВ
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Хоразм вилоят бўлими фаоли



