ЎТ БАЛОСИДАН, СУВ БАЛОСИДАН, ТУҲМАТ БАЛОСИДАН АСРАСИН….

25  март куни Фуқаролик  ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди судьяси Ибрагимов Дамир Ортиқовични  миллий хавфсизлик хизмати ходимлари олиб кетишди.

Дамир Ибрагимов   фуқаролик ишлари бўйича  Пайариқ туманлараро суди судьяси Нарзулла Атауллаев  ишдан кетганлиги туфайли унинг ўрнида вақтинчалик судья вазифасини ўтаётган эди.

Гумондорнинг рафиқаси билан суҳбат жараёнида аниқ бўлишича, судья Дамир Ибрагимов    Жомбой ўрмон хўжалигида  деҳқончилик  қилаётган бир пайтида гуё унинг котибаси суд биносида, иш жойида  пул – пора олганмиш.   Уюштирилган бу томошада миллий хавфсизлик хизмати ходимлари пора олган котибани қўлга олишолмаган. Айтишларича, котиба МХХ учарларининг қўлидан қочиб қутилган.   Котибанинг пора олишида бевосита  Дамир Ортиқовични айбдор деб билган   МХХ ходимлари судьяни ўз деҳқончилик фермасидан – Жомбой ўрмончилик хўжалигидан “тутиб” кетишган. Дамир Ибрагимовни порахўрликда айблаш нечоғлик тўғри ёки йўқ, бу ҳозирча, ноаниқ. Гумонланувчининг рафиқасига кўра, Дамир Ибрагимовни  асоссиз равишда қўлга олишган.  

– Эрим ўтирган амал курсиси кимларгадир керак бўлиб қолган.  Шу сабабли Дамир Ортиқовични  шу усул билан йўлларидан олиб ташлашмоқчи. Аммо улар кимлар, бу мен учун қоронғу”, дейди  тутқинда ўтирган қозининг рафиқаси, –  Болаларимнинг отаси яқинда нафақага чиқишлари керак эди.  Шунинг учун ҳам қора кучлар шошиб қолишган. Аслида-ку,  котибанинг ҳам айби йўқ бу ерда. Чунки пора берувчи ёлланма кимсалар 250 минг сўмни унинг қўлига эмас, балки “тушлик қиласизлар” деб столнинг устига қўйишган.   Орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан ММХ ходимлари хонага бостириб киришган. Ушбу воқеа гувоҳлари бу борада оғиз очгудек бўлишса, махсус хизмат ходамлари “Жим бўлинглар, акс ҳолда сизларни ҳам ўшаларга қўшиб тиқиб қўямиз!” деб пўписа қилишмоқда. Энг ёмони эримнинг олдига озиқ-овқат  киритишни ҳам ман қилишган. Мен билан кўришишларига ҳам рухсат йўқ”.

 Пора олишда гумонланиб, МХХ ертўласида ўтирган судьянинг турмуш ўртоғи билан суҳбатлашарканман, беихтиёр Дамир Ортиқовичнинг ҳаёти, турмуш тарзи ҳақида хаёл суриб қолдим. Қози бобонинг уч нафар фарзанди бор. Фарзандларининг бари олий ўқув юртларига ўз билими билан киришган.  Ибрагимовнинг ўзи асли Қўшработлик. Жуда камтар, камсуқум одам эди. Бўш бўлди дегунча ўрмон хўжалигидаги қаровчиз қолган катта ерда  деҳқончилик қиларди. Қаровсиз далани обод қилаётганди.  Бир кун гап орасида “Қози бобо, нега деҳқончилик қиласиз-а?” деб сўрагандим, “Фарзандларимнинг контракт пули учун ишлаб, ҳалол пул топмоқчиман”  деб жавоб қилган эди.  Қози бобо ҳарқалай ёмон одам эмасди… Яна ким билади дейсиз…

Дамир Ортиқовичнинг рафиқаси эса “Эримга туҳмат қилишди!” дея тутаб кетмоқда.  Эҳтимол, халқимиз “Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан асрасин” , деб бежиз айтишмагандир….

Айни дамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

 

Зарифа МИРЗАЕВА

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares