Бу Ҳукумат жуда узоқ ўйни ўйлайдиган, тубсиз дарё бўйлайдиганлардан чиқиб қолди-ку? Нега дейсизми? Энди-иии, бундо-оооқ ўйлаб қарасам, Ҳукумат деганлари вилоят ва туман ҳокимларини, қозилару прокурорларни беҳудага беш йил муддатга сайлаб қўйишмас экан. (Айрим ҳокимтўралар бундан мустасно албатта!) Ҳаётни кузатиб турсангиз, бу адолатсиз тузумда бир ҳокимнинг омма орасида обрўсизланиши, бебурдлиги туфайли назардан қолиши учун беш йил кифоя қилар экан-да. Самарқанд вилояти, Оқдарё туман ҳокими Нурали Бердибоевнинг бугунги аянчли, айтиш мумкин бўлса, кулгули аҳволи фикримизнинг исботи.
Бундан беш йил аввал Оқдарё туман ҳокимиятининг тепасига гуркираб келган Нурали Бердибоев катта йиғилишларнинг бирида “ Бизда, Қўшроботда ҳамма тезак ёқади. Биласиз, мамлакатимизда газ танқислиги юзага келган. Бундан кейин мен Оқдарёнинг оқ билак хонимларига таппи қилдираман!” дея лутф қилганди.
Шу-шу Оқдарёнинг оқ билак хонимларига молнинг тезагидан таппи қилиш одат тусига кирди.
Мол деганининг тезаги деҳқончилик бўлганида-ку, хўп-у хўп, муаммо бу даражага бориб етмасди-я. Бироқ ем-хашак тақчиллиги туфайли айни кунда Оқдарёда молларнинг туёқ сонига ҳам кўз теккан. Чорвачилик фермалари-ку, СССР деган давлат билан бирга-бирга таназзулга юз тутган-ку, ҳатто ҳовлиларга киргудек бўлсангиз, аҳоли хонадонининг оғилида бир бош сигир кўриш амри маҳол бўлиб қолган…. Хуллас калом, ўтин, кўмир, беминнат бўлган ўша тезак ўлгур ҳам камёблиги боис, Оқдарёликлар учун бу йилги қиш мавсуми ниҳоятда сермашаққат кечди. Табиий газ йўқ, электр токи анқонинг уруғи, камига текин тезак ҳам топилмайди-да…. Бир сўз билан айтганда аҳолининг жони нақд бўғзига келган, тирикчилик азобларидан дод деган бир пайт ҳозир. Эҳтимол шунинг учундир, бироз чапани, бироз жайдари оқдарёликларнинг авзойи бузуқ, қўйиб берсангиз, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган алфозда. Ҳали ўттизга ҳам кириб ўлгурмаган Дилшодни ҳам шу бад кайфият қамраб олганди.
Халқнинг бу кўргуликларига маҳаллий ҳокимият вакилларининг боқибеғамлиги сабаб деган хулосага келган Дилшод тонг саҳар Оқдарё туман ҳокимияти томон йўл олди. Қўлида эса бадбўй анқиб турган бир қора қоп. У қўлидагини ҳокимтўра хонасининг эшиги олдига қўяркан, “записка” қолдиришни ҳам унутмади.
Ҳамма еб, гуё у қуруқ қоладигандек, тонгги соат 7.00 даноқ қимматбаҳо ҳамёни – ҳокимият биноси томон югургилайдиган Нурали Бердибоев бу гал ҳам одатдагидек, ишга эрта келди. Келиб, қарасаки, “кабинет”ининг остонасида лиммо-лим қора қоп “мана,мен!” дегандек тик турибди. “Бомба бўлса-я!” деган ҳадикдан ўтакаси ёрилган Бердибоев тезда туман ички ишлар бўлими бошлиғининг телефон рақамини терди. Зум ўтмай чорловга биноан ҳозиру нозир бўлган қуролли миршаблар ҳокимият биносини қуршаб олишди. Ўтган кетганнинг кўнглида ваҳима….
ИИБнинг қўрқмас баҳодирлари бир чўқиб, ўн қараб, ниҳоят “хавфли объект”ни ишғол қилишга мушарраф бўлишди. Қарабсизки, жиққа ҳўл қора қоп Ҳукумат қўлида. Табиийки, текин томоша ишқибозлари қоп ичида нелигига қизиқишарди. Очиб кўришди ҳам: “Уф-ф-ф-эй-йй, намунча бадбўй бўлмаса!!!”, қопнинг оғзини очган миршаб беихтиёр нафақат бурнини, бирваракайига кўзларини ҳам беркитди… Эй-йй, бу қора қопда,очиғи, нима солинганлигини айтишга ҳам тилинг бормайди, уяласан киши. Ҳарҳолда матбуотда айтиладиган гап эмасу, аммо модомики гап Ҳукумат ҳақида, Оқдарё туман ҳокимтўраси хусусида экан, айтмасак бўлмас: бир қоп ахлат – одамнинг тезаги-да! Хушёр ходимлар қоп ёнида ётган бир парча қоғозни ҳам эътибордан четда қолдиришмади. “Записка”да эса шундай сўзлар ёзилган эди: “ Эй, бехосият Нурали, модомики, сен халқни таппи ёқишга мажбур қиларкансан, унда ўзингни одамларнинг тезагини ёқишга “заставить” қиламан. Билдинг! Дилшод”. Ушбу саргузашт соҳибига бунақанги бемаза маслаҳатни ким берганини билмадиму, аммо юракни қаранг, қўрқмаганини! Исмини ёзмаса ҳам бўларди-ку? Хўрлик халқни мана шунақа қўрқмас қилиб қўйса керак-да!
Нурали Бердибоевнинг амри билан зум ўтмай Оқдарёда истиқомат қилувчи барча Дилшодлар ИИБ биносига жамланди. Ҳаш-паш дегунча гуноҳкор ҳам нақд бўлди – топилди. Айбдорни жазолашди – ўласи қилиб калтакланди. Йигит шўрликни лағмондек чўзиб ташлашди.
“Менга қара, ҳов бола, бундан кейин бунақанги қилғиликларни қиладиган бўлсанг, аввалига бизни хабардор қилиб қўйгин”, деди туман ИИБ бошлиғи ғуддайиб…
Ишга шу тақлид якун ясалди. Аммо бизни бошқа бир масала ўйлантиради. Модомики, Ўзбекистон фуқаролари ишсиз, маошсиз, газу электр токсиз, ҳақу ҳуқуқсиз, эчки улоқсиз йил ўн икки ой юрак бағри ўйилиб, бепичоқ сўйилар экан, Оқдарё туман ҳокими Нурали Бердиёровни довдиратган бадбўй қора қоп эртами-кечми Ҳукумат Отасининг остонасида пайдо бўлмасайди деб қўрқасан-да киши….
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ декмократик ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими фаоли




