2012 йилнинг 26 февраль куни тушликни қилгач, нон олиб келиш учун бозорга кетган ўғлим Умиджон телефон қилиб, бозорда отасининг қўлида пичоқ билан “Одам ўлдиришга кетаяпман!” деб ҳаммага айта-айта биз томонга қатнайдиган таксига ўтириб кетганлигини айтиб, удан тезлик билан чиқиб кетишимни қўрқув билан қайта-қайта такрорлади.
Мен югуриб уйдан чиқдим-да, туман Пахтакор туман ИИБ сига бордим. У ерда навбатчи “участковой”га учрашдим. Воқеани айтиб, маҳала участка нозирини чақириб беришини сўрадим. Навбатчи телефон қилди-да, “Телефони жавоб қилмаяпти. Қаердаям бўларди, участка таянч пункитида бўлиши керак. Ўша ерга борақолинг” деб ортимга қайтарди.
Шу пайт ўғлим ҳам олдимга етиб келди. У жудаям қўрққан, ранги оқариб кетган эди. У яна «Онажон, дадам маст, қўлида чархланган пичоқ бор, одамларга “Одам ўлдиргани кетаяпман!” деб бақирганча, уйимиз томон кетди, деди.
Биз она-бола иккимиз пана жойлардан уйларни оралаб ўтиб, қўрқа-қўрқа маҳаллага, участка таянч пункитига келдик. Бироқ у ерда дам олиш куни бўлганлиги сабаблими, билмадим, негадир ҳеч ким йўқ экан. Биз шошиб ортимизга қайтдик ва катта кўчага чиқдик.
Марказий дорихонанинг олдидаги кўчадан ўтаётганимизда собиқ турмуш ўртоғим Холбоев Акбар биздан 150 метрлар узқоликда қўлида пичоқ тутганича келаётган экан. Бизлар бир – биримсизни кўрдик. Собиқ эримни кўришим билан болам иккимиз орқамизга қараб қочдик. Холбоев Акбар бизни ортимиздан қувлади. Менга етиб олди ва билагимдан ушлаб қўлидаги пичоқни санчмоқчи бўлди. Мен иккинчи қўлим билан тўсдим. Пичоқ тирсагимни кесиб, суякка етди ва қон оқа бошлади. Шунда у менга «Телефон қилиб Саида Курбоновани чақир! Саидани топиб бер!» дея талаб қила бошлади. Мен чақирмаслигимни айтгач эса яна иккинчи бор пичоқни чап томонимга санчди ва “Бу ўзинг учун!” деди, учинчи бор санчаркан, “Бу Саида учун!” деди ҳайвонларча бақириб.
Бу дахшатли воқеаларни ўз кўзи билан кўриб, гувоҳ бўлиб турган ўғлим Умиджон отасига қўл кўтаришга мажбур бўлди. Умиджон ердан тош олиб отасига ота бошлади. Қутириб кетган Холбоев Акбар мени судраб, ўғлимни қува бошлади. Кейин мени кўчага ташлаб, ўз боласини ўлдириш учун қувлаб кетди. Етаолмагач, ортига қайтди. Бу пайтда одамлар тўплпниб қолганди. Оломонни кўриб, қаёққадир жуфтакни ростлади. У кетгач, ўғлим олдлимга югургилаб келди-да, дастаси синиб танамда колиб кетган пичоқни суғуриб оларкан, “Ойи, пичоқни олган еримдан қон тўхтамай оқаяпти” деди йиғлаб. Ўғлим гапираётган бу пайтда гоҳ хуш, гоҳ бехуш эдим. Ўғлим таниш таксисни тўхтатиб, мени касалхонага олиб келди. Оллоҳнинг мархамати, шифокорларнинг кўрсатган беминнат ёрдами туфайлигина мен ўлимдан омон қолдим.
Мени қуйидаги саволлар кийнайди: Холбоев Акбар маст бўлса қандай қилиб бизни қувиб етиб олиши мумкин? Унга пичоқни ким тутқазди? Саида Курбонованининг бизнинг қўйди-чиқди ишимизга нима алоқаси бор? Энг асосийси, менинг ва Саида Қурбонованинг ўлимидан ким манфаатдор?
Тергов жараёни бу саволларга аниқлик киритади деб умид қиламан.
Нуринисо Холбоева
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Пахтакор туман бўлими фаоли
Жиззах. Пахтакор тумани. 2.04. 2012 йил




