
Ҳоҳ кўчада, ҳоҳ маъракада, қаергаки борманг, одамлар Ўзбекистон ҳукуматига ишониб бирор иш қилиб бўлмаслигини айтишади…
Ҳа, сабр-бардошли халқимиз. 20 йил ичида не кунларни бошидан кечирдик, кечириб келмокдамиз. “Келажаги буюк давлат” деган гапга энди ҳеч ким ишонмайди.
Йил бошидан буён лицензия олмай қочиб-писиб киракашлик қилиб юрган ҳийдовчилардан бирига савол бердим:
-Тўловини тўлаб, барча ҳужатларни тўғрилаб қўйиб, кейин беҳавотир ишласаларингиз бўлмайдими?”.
– Биз-ку тўлаймиз. “Шапка”си 200 доллар. Лицензияга яна 60 минг бериш керак. Ҳар куни “путёвка”га 10 минг тўлаш шарт. Ўша “бер-бер”лардан ортса, ўзимизгаям чойчақа учун 4-5 сўм қолса-да, чидармиз, аммо ҳукуматга ишонч йўқ. Уч ойдан кейин, беш-олтита бекорчи ўтириволиб яна битта қонун чиқариб қўйса, лицензияни бекор қилса борми, пулимизга куйдиради.
Ҳааа, бу аниқ турган гап. Мана, бизнинг шундай катта бутун бир бошли туманимизда икки йилдирки аниқ бир жойда бозор йўқ. Одамлар овора. Бузиб ташланган эски бозор ўрнида дўконлар қуриш учун ҳокимият ер ажратган. Ҳокимият ҳатто кредит берамиз деб ваъда қилса ҳам, тадбиркорлар дўкон қуришдан бош тортишмокда.
– Тайёр кредитни олиб, дўқон тикласангизлар бўлмайдими?, – деб сўрасангиз:
– Нега қурарканмиз? Анойи эмасмиз, биз биламиз, улар бизни алдаб-авраб дўкон тиклаб олишади-да, кейин уларни биздан тортиб олишади, бирлашмага ўтказиб юборишади. Ё яна битта “ақилли” чиқиб, қандайдир бир ҳунар кўрсатади-да, қамалиб кетади, ўртада биз пулимизга куйиб қолаверамиз. Юқоридагилар эса “Биз ҳеч нарсани билмаймиз”, деб қутилишади, жуда бўлмаганда “Ана, айбдорни қамадик, қўлимиздан кегани шу, гап тамом дейишади … Йўқ, бу Ҳукуматга ишониб бўлмайди, тепада ўтирганлардан ҳамма нарсани кутиш мумкин, – деб жавоб қилишади…
“Хўш, у ҳолда нима қилиш керак? Қандай яшаш мумкин?”, деган саволимга туман ҳаолисининг 90% “Энг яхшиси Россияга кетиш керак. Энг тинч йўли шу. Бу ерда эшакдек ишласанг-да биринг икки бўлиши қийин” деган жавобни олдим.
Ва яна улар ўз сўзларига “мана, қўринг” дея туман марказининг хароба ҳолини кўрсатишади… Дарҳақиқат, январ ойида Самарқанд вилоят ва жомбой туман ҳокимлигининг буйруғи билан шу йил қиш қатттиқ келишига қарамасдан, газсиз, электр токисиз, ўтин-кўмирсиз зўрға жон сақлаб турган 30 дан ортиқ оиланинг уйлари, камига, туман марказида жойлашган бир қанча дўконлари бузиб ташланди. Нима эмиш, қўчанинг усти икки каватли чиройли, замоновий иморатлар қад кўрашиши керакмиш…. Ўша айтган биноларни Ҳукуматнинг ўзи қўрса кошки эди! Қайда, яна жабрдан жабр, аҳолига жабр. Уйлари ҳокимият томонидан бузиб ташлаган оилаларга қилинаётган зуғумни кўринг: “Қаердан бўлсаям маблағ топасан-да, ўз уйингни ўзинг қурасан. Тамом!”. Бечора ишсиз одамлар нима ҳам қилсин? Йўқни йўндириб бўларканми? Кундалик нонига зўрга пул топаётган аҳоли икки қаватли уйни қаердан ҳам тикласин, ахир? Натижада эса туман марзаки аросатда қолган. Айни кунда туман марказига келган одам қўрқиб кетади. Гуё бомба тушгандек, туман маркази ўйдим-чуқур. Тўрт томон алҳов-далғов… Уч ойдирки, Ҳокимиятда бўлаётган мажлисбозликларда эса ҳар куни мана шу битта масала кундаланг: “Туман марказини тўғрилаш керак!”. Туман ҳокимининг эса топиб олган гапи шу: “Аҳолига етказинг, қаердан бўлса ҳам пул топсин, уйини қуриб олсин, мен билмайман!” …
Одамлар-ку, Россияга борар, Кореяда мардикорлик қилар, Қозоғистону Америкада ҳаммоллик қилиб, сармоя ҳам топиб келар, эртами-кечми икки қават иморатини ҳам тиклар… Амммо, у уйларнинг ҳам вайрона этилмаслигига кафолат борми?… Йўқ, бу ҳукуматга ишонч қолмаган, ишониб бўлмайди….
Клара ЖЎРАЕВА
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими раҳбари



