Мен иқтисодичи эмасман. Камина мактабда ҳам математика фанидан ҳаминқадар ўқиганлардан. Шу чоққадовур каракарани ёд олмаган бўлсам-да, аммо шуни аниқ биламанки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли умумтаълим ўрта мактабларида етакчилик қилаётган директорлар Давлат хазинасидан ажратилган бюджет маблағларини ўмариш борасида пойга қўйишмоқда. Бу ким ўзар пойгада, айтиш мумкинки, Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳридаги 45-ўрта мактаб директори В. Г. Полуднева ҳозирча биринчилар қаторидан ўрин олган.
Гап шундаки, тепадан келаётган “комиссия” аъзоларига “чойчақа” бериш, тўкин дастурхон тузаб, чой-пой қилиш учун сарфланадиган харажатларни қоплаш мақсадида респуликамиздаги мавжуд барча мактабларда, лоф бўлмаса, камида 4 ёки 5 та штат ўйлаб топилган. Аниқроғи ҳар бир мактабда биттадан фаррош, қаровул, йўқ боғга боғбон, жуда топилмаганда ҳамшира ёхуд “сантехник” лар амалда эмас, фақат қоғозлардагина, янаям аниқроғи, ойлик маошлари ведомостьларида, табельлардагина “тер тўкишади”, “фаолият юритишади”. Фаррошу боғбонларга, ҳамшира-ю “сантехник”ларга ҳарна иш исташининг кетиб тургани наф бўлса ( нафақа ёшини ҳам ўйлашлари керак-да, ахир!), мазкур мактаб директорларига саноқда бору, амалда мавжуд бўлмаган ходимлар учун ҳайр ой ёзиб олинадиган маош – “тушум” муҳимроқ! Ҳа, нима, йўқса, мактаб директорининг биргина 400-500 минг сўмлик ойлик маошига илм даргоҳига кети узилмай келаётган текширувчиларнинг қорнини туйғазиб, кўнглини олиб бўларканми? Ўғирликнинг бу каби “замонавий” усули давр, қолаверса, шароит тақозаси-да! Директор деганининг чўтагидан кетибдими? Кетса, Ҳукумат отлиқ отанинг қора қозонидан, ҳамёнидан харж бўлибди-да, муаллимларнинг КОТТАСИга не ғам!
Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳридаги 45-ўрта мактаб директори В. Г. Полуднева ҳам, мана, бир неча йилдирки, бюжет маблағларини ўмаришнинг ана шундай “самарали” усулидан унумли фойдаланиб келаётган шаввозлардан. Аммо шуни ҳам тан олиш керакки, Полуднева хонимни ҳар қандай қинғирликлари кечирилиб, яхшиси оширилиб, ёмони яширилиб, ўз “тахтида” узоқ умр кўришига айнан мана шу ўғирлик маблағларнинг кучи-қудрати кўмак бериб келмоқда.
Бироқ “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади” деганларидек, айни шук еча кундузда Полуднева хонимнинг қилғиликлари оммага ошкор бўлиб, кети очилиб қолаёзди. “Қолди” эмас, “қолаёзди” дейишимизга сабаб шуки, Самарқанд туманида истиқомат қилувчи Каримов Жамшид исмли фуқаро гарчи бир неча йилдирки Россия мамлакатида ишлаётган бўлса-да, уни “фаррош” дея ходамлар штатига расмийлаштириб, ведомость ва ойлик табельларига номини қайд этиб, қатор йиллардан буён амалда ишламаётган шахсни ишлади дея кўрсатиб, унинг номига ноқонуний йўл билан маош ёзиб, бюжет маблағларини ўзлаштириб келаётганлиги ошкор этилган, ўз исботини топган бўлса-да, бироқ Самарқанд шаҳар прокуратураси 45-ўрта мактаб директори В. Г. Полудневанинг бундай кирдикорларига қонуний баҳо беришга шошилишмаётир. Афтидан, Самарқнад шаҳар прокуратураси Полуднева хонимнинг давлат мулкини талон-тарож қилиш борасидаги ҳаракатларини Ўзбекитсон Республикаси жиноят кодекисининг 167-моддаси билан баҳоласакмикин, ёхуд ЖКнинг 205-, 206- моддалари билан иш қўзғасакмикин, ё 209-модда билан жиноий жавобгарликка тортсакмикин, дея бош қотиратган бўлишса, ажаб эмас… Ёхуд Полуднева хонимнинг “қора дипломмат” кўтарган “элчи”лари келишини кутишаётганмикин? Ким билади дейсиз?
Бизнинг билганими эса шу: Самарқанд шаҳридаги 45- ўрта мактабда давлат мулки ўмарилаётганлигига ойдинлик киритган Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини модидй техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Самарқанд вилоят Ҳудудий бошқармаси 2012 йилнинг 27 март куни тегишли прокуратура идорага 14 – 01-248/1- сонли хат йўллаб, жумладан, қуйдагиларни маълум қилган:
“… Бундан ташқари, қарздор ( Ж. Каримов – таҳририят изоҳи) 2010 йил август ойидан бошлаб ҳозирга қадар Самарқанд шаҳридаги 45-сон умумий ўрта таълим мактабида фаррош бўлиб ишлаб келганлиги тўғрисида тегишли ҳужжатларни тақдим этган бўлиб, қарздор (Ж. Каримов – таҳририят изоҳи) томонидан берилган тушунтириш хатида ва ўтказилган суҳбат давомида, қарздор (Ж. Каримов – таҳририят изоҳи) 2010 йил декабрь ойидан 2011 йил ноябрь ойига қадар Россия давлатида бўлганлигини, шу даврда унинг иш ҳақини ҳоласи З. Ҳусенова ведомостьга имзо қўйиб, олиб турганлигини маълум қилган…
Юқоридагиларга кўра, … Самарқанд шаҳридаги 45-сон умумий ўрта таълим мактаби мансабдор шахсларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ихтиёрингизга юборилмоқда.
Илова: Ҳужжатлар 37 (ўттиз етти) варақда.
Бошқарма бошлиғи ўринбосари /имзо/ У. ШУКУРОВ.”
Суд департаменти Самарқнад вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари у Шукуров имзоси қўйилган хат мазмунидан фаҳмлаган бўлсангиз, дарҳақиқат, Самарқнад шаҳридаги 45-ўрта мактаб директори В. Г. Полуднева Россия мамлакатида ишлаб юрган фуқаро Жамшид Каримовни мактабда “тер тўкмоқда” дея, давлат маблағини ғайриқонуний тарзда талон-тарож қилгани етмагандек, камига, ўз жиноий шериги -унга йиллик ойлик маошлари кўрсатилган сохта маълумотнома беришдан ҳам тоймаган.
Сиз нима деб ўйлайсиз, қинғирликлари, молиявий ўғирликлари учун В. Г. Полуднева хоним қонун олдида жавоб берадими? Бизнингча эса, давлат мулкини ўмарса-да, Халқ таълими вазирлиги мутасаддиларининг, қолаверса, Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиқларининг устини бут, қорнини тўқ қилишда кўрсатган хизматлари, чеккан заҳматлари, қонундан ҳам кўрқмаслик бобида кўрстаган жасоратлари учун, эҳтимол, Халқ Қахрамони унвонини олмас-у, аммо, Вазирлик томонидан “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” совринига сазовор бўлиши тайин. Ўзбекистон Халқ таълими Вазирлигидан ҳамма нарсани кутиш мумкин… Акс ҳолда В. Г. Полуднева хонимга ўхшаган юлғучлар бу тизимда фаолият юритмаган бўларди, шундай эмасми?
Мақсуда РАББИМОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими фаоли




