СИЁСАТ ЖОНИМГА ТЕГИБ КЕТДИ.

Носир Зокир

          Одатда   бирор   бир   даврага   тушиб  қолсангиз   кимдир       ўзи хоҳламаган    ҳолда    сиёсатдан   гап    бошлаб   қолади.  Агар   бу   фикрлар бошқачароқ бўлса,   гап  болшаган    киши    шубҳали   равишда   секин   атрофга   қараб    қўяди.

 

Кейинги   пайтларда   одамлар   атрофга   қарамасдан   ҳам   гапирадиган   бўлиб  қолди. Баъзилари:   

 –  Йўлни   бўйида   чойҳонаси   бор   полончи     бой   бориди-ку,   ўшани  қамаб  қўйибди –   деса,  баъзилари:

 –  Жа   ҳаддидан   ошиб   кетовди-да – деб   қўяди.

Бундай   давраларда   кўпроқ   Жереновский   тилга   олинади.  Уни   Ўзбекистон   хақида  айтган-айтмаган   гапларини   тушиниб-тушинмай   ҳаяжон   билан   гапирадиганлар  ҳам   бор.   Масалан  баъзи   ўтиришларда   Жереновский   гўёки    Ўзбекларни   аввал  қўйга  кейин   балиққа    ўхшатиб   айтган    гапини  бир   киши   гапиради-да   бир  уй  ўзбеклар    хандон   отиб,  жўр   бўлиб   кулади. Жереновскийнинг   асли   кимлиги   кўпчиликни   қизиқтирмайди   ҳам. Бунинг   сабаби   шундаки, ўзимизда    жорий   сиёсатга   нисбатан   танқидий   муносабат  шаклланмаганлиги   боис одамлар гарчанд  бошқа   давлатда   бўлса   ҳам   Жереновскийга    ўхшаган   шаҳсларни фикрларини   қизиқиш   билан   кузатади.  Давлат   сиёсатига   боғлиқ    Япон сериалларини,    ўзимизга   солиштирган   ҳолда    мириқиб   томоша   қилади.

Бир   куни   бир   даврада    ўтирсак, бир – икки   киши,    атрофга   қараб

қўйиб,    расмий   гаплардан   гапира   бошловди.   Бир   укамиз:

           – Бўлди-е ,   сиёсат жонимга   тегиб   кетди –  деди.  Мен    ундан:

         – Ие,    сиз    бирор   бир   сиёсий   партия аъзоси  бўлмасангиз,   сиёсатга   аралашмасангиз,  нимага   сиёсат    жонингизга   тегади?, – деб сўрадим. Саволимга   у   шундай    жавоб   берди:

            –  Эй     ака,   масжидга   кирсангиз    сиёсат, телевизорга   қарасангиз   сиёсат,  канцерт,  сиёсат    концерт.   Жон – жонимдан  ўтиб кетди, –  деди.  

             Кейинчалик    фикрлаб   кўрсам   у  укамиз    сиёсатдан   эмас,    балки ҳамма   жойда   сиёсатнинг   бир  ҳиллигидан   зериккан   экан.  У    сиёсатдан зерикканини   шундай    важоҳат   билан    гапирди – ки,  уни   ўша   пайтдаги   ҳолатини кўрсангиз    қўрқиб   кетардингиз.

Бир    шоир   совет   даврида   «Ўзгармас    либос  кафандур»  деб   шеър   ёзган  эди.

             Худди   инсон   либоси  ҳам   ўзгариб   турмаса, кафанга   ўхшаб   қолганидек    қайси    давлатда      ҳукумдор   сиёсат  хилма – ҳилликлар,    турли    фикрлар     асосига   қурилмаса   бундай   сиёсатни   ҳам  кафанини   тайёрлаш   керак.   Бир   хилликдан    зериккан   инсонлардан   эртага   ҳамма  нарсани   кутиш   мумкин.  Ҳа   деб   тинчлик    ҳақида   гапираверган   билан   унинг  асослари    яратилмаса,  бу   тинчлик   эртага   саробга   айланиши   мумкин.   Тинчликни  жамият   сиёсати   турли   ҳил   қарашлардан   ташкил   топиши   лозимлигини  талаб   қилаётган    ҳур   фикрли   кишилар   бузмайдилар,   Тинчликни     “Полончи   нима  ёздийкин?”, “ Пистончининг   гапи     чиқиб   кетиб   қолмадимикин?  Чиқиб   кетиб   қолса  менга   гап   тегмасимикин?”,  дейдиган,  фақат   ўзини   манфаатинигина   ўйлайдиган  турли   лавозимдаги  ходимлар   бузади.  Уларга    мамлакат    келажагининг   аҳамияти   йўқ.  Бугун ўзидан   юқорироқда   турган   раҳбаридан   «беш»   олиб   олса    бўлди.  Ундайларни  назарида   ҳеч   ким   сиёсатга    қарши  фикр    билдирмаса   бўлди. Унинг   учун  тинчлик   шу.  Тинчликни   асосий   гарови   бўлган   фиклар   ҳилма – ҳиллигини уларга   кераги     йўқ .  Уларни   наздида    ана   ўша   фикрлар    хилма – ҳиллиги тинчликни     бузади. Ахир   совет    мамлакатини    баъзи   сиёсатни  тушинмайдиган   одламлар    айтганидек   Гарбачёв    қулатгани    йўқ.   Гарчан  дунёни   ларзага   солиб   турувчи   армияси, КГБ си  бўлса  ҳам   Совет   ҳокимиятини  ўша    «Ўзгармас    либослар»   қулатди.  Яъни     компартияни  одамларни   жонидан  ўтиб   кетган   бир  хил,  догма   сиёсати    қулатди.  Коммунистларни  «Ким   бизнинг  сиёсатимизни    қўлламаса  у  бизнинг   душманимиз»  деган   сиёсати   қулатди.   Ҳатто  хозир   ҳам  қонунларни   бир   тийинга   олмай,   юқоридан   келаётган  буйруқни    сиёсат  деб тушинадиган     кимсалардан  “Сиз   бизнинг   сиёсатимизга   қаршимисиз?”,  деган  гапларни   эшитиб қоламиз.   Бундай   кимсалар  давлатга   қарши   чиқиш   билан    сиёсатга   қарши  чиқишнинг    фарқига бормайдилар. Уларнинг    назарида   амалдор    «Машинангни    сариққа   бўяйсан» деса,  «Бу  кониституцияга   қарши. Бўямайман»  деган   киракаш  ҳам   сиёсатга   қарши. Давлат  – бу   барчамизнинг  Ватанимиз.  Унга   қарши   чиқиш   душманларни   иши. Олиб  борилаётган   сиёсатни  баъзи     жихатларига    қарши    бўлиш    ва    ўша   фикрни    атрофдагиларга   гапириш  эса  бу   душманлик  эмас.    Бундай  ҳуқуқ    қонун  йўли   билан   кафолатланган.   Демак   фақат   ўз   манфаатини  эмас    балки   Ватанни,    шу   Ватанда   яшаётган   халқни    келажагини    ўйлаган  раҳбарлар  биринчи   навбатда   халқни   эркин   фикрлашдан,   бу   фикрларини  атрофдагиларга   шубҳали   қарамасдан    бемалол   гапиришдан   маҳрум   қиладига  сиёсат   олиб  бормасликлари   керак.  Агар   улар    демократик   ислоҳотларни  чуқурлаштиришни    чиндан   истасалар,  бундай   жамиятнинг   асоси   бўлмиш  эркин  матбуот       учун    шарт – шароитлар   яратиб   беришлари   лозим.  Қуруқ   қонунларни  ўзи   бўлса-ю,   сиёсат    бошқача     бўлса,   раҳбарларни    демократия   ҳақидаги  гаплари   ёлғон   бўлиб   чиқади.

 

                                                                                       Носир   ЗОКИР

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares