
Бахтиёр МАҲМУДОВ
Кейинги пайтларда хоразмлик гастербайтерларнинг яқин хориж мамлакатларига ишга кетиши жуда эрта, январь ойиданоқ бошланадиган бўлди. Илгари асосий мавсумнинг бошланаиши апрель-май ойларига тўғри келарди. Лекин шуниси борки, ҳозирги ишга кетишларнинг кўпчилиги гастербайтерлар учун муваффақиятсиз кечмоқда. Пул топаман деб йўлга чиққан чорасиз фуқаролар одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг қўлига тушиб, сотиладиган молга айланмоқдалар. Жумладан, Хорази вилояти Хазорасп тумани фуқароси Қадам Матмуродов берган хабарга кўра, унинг ўғиллари Отабек ва Ғуломжон Матмуродовлар 2012 йилнинг январь ойида ватандош шериклари билан – жами 16 нафар бўлиб, Россиянинг Волгоград шаҳрига ёлланма ишчи бўлиб кетганлар.
Қадам аканинг айтишича, ушбу 16 нафар фуқаронинг ишга кетишини хорижий давлатларга одам жўнатиш билан 15 йилдан зиёд вақтдан буён шуғулланиб келаётган Урганч шаҳрида яшовчи Зумрад Машарипова амалга оширган. Ушбу аёл Қадам ака билан суҳбатда у хорижга ишчи мигрантларни жўнатиш бўйича Ўзбекистон давлати ва ички ишлар идоралари билан тузилган шартномалар ва бошқа зарурий ҳужжатларга эга эканлигини баён қилган.
Шунингдек, Зумрад Машарипова у олиб борадиган ишчилар Россияда муайян иш билан таъминланиши, 500-800 АҚШ доллари миқдорида ойлик маошларини олиши, ётоқхона, озиқ-овқат билан тўла таъминланиши, яшаш ва ишлашлари учун барча шароитлар яратилишини айтиб, қуюқ ваъдалар берган.
Аммо шароитлар йўқлиги йўлда боришдаёқ маълум бўла бошлаган. Чунки 6 киши сиғадиган енгил автомобилда 16 киши тиқилиб жойлашган ҳолда кетган. Йигитлар манзилга қийинчилик билан етиб борганлар. Уларни Волгоград шаҳрининг Волжский районидаги кичик, бир хоналик дачаларга жойлаштиришган. Бир дачада 20-30 киши тиқилинч ҳолда, оч-наҳор, пулсиз яшашга мажбур бўлишган. Йигитларнинг берган хабарига кўра, бундай дачаларда кўплаб хоразмликлар жойлаштирилган экан.
Маълум бўлишича, 25 февралда дачага асли хоразмлик Равшан исмли шахс келиб, Отабек ва Ғуломжон Матмуродов ва Жонибек Машариповларни ишга олиб кетган. У йигитларнинг паспортларини олиб, ўзларини бир иш берувчига қул қилиб сотган. Ҳеч қандай маошсиз, қулларча меҳнат қилишдан безган Отабек, Ғуломжон ва Жонибек Зумрад Машарипова тақдим қилган дачага қочиб келганлар.
Ушбу меҳнат муҳожирлари Россия Федерациясининг маҳаллий полиция ходимларига мурожаат қилганларида, улар “Биз сизларни чақириб келмадик. Ўзларингиз келдингиз, муаммони ўзларинг ҳал қилаверинглар, бизни бошимизни оғритиб юрманглар” дейишган. Қадам Матмуродовга кўра, дачалардан бирида 35 нафар фарғоналик йигит ҳам шундай азобларни бошидан кечираяпти.
“Зумрад Машарипова 15 йилдан зиёд вақтдан буён одам савдоси, Ўзбекистон фуқароларини қул қилиб сотиш билан шуғулланиб келаётган бўлса ҳам, Хоразмдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг мушугини пишт демайди. У ишга олиб кетган Ўзбекистон фуқаролари эса ана шундай дачаларда сақланиб, қул сотиб оладиганлар топилса сотилади, бўлмаса шу ҳолда оч-наҳор юраверади. Шуниси қизиқки, Зумрад Машарипова ишга кетувчиларни олиб кетаётган 6 ўринлик машиналарга 16 кишини сиғдирилиб, қонунга зид иш тутилса ҳам, чегарадан ноқонуний ўтилса ҳам чегара масканларидаги божхона ходимлари уларни текширмай бемалол ўтказиб юборади” – дейди Қадам Матмуродов.



