ЧЎЧҚАДАН БИР ТУК ЮЛИБ ҚОЛИШ УСЛУБИ

ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

 

ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

 

Чўчқа деярли туксиз ҳайвон ва у одамга тутқич бермайди. Қўлдан сирпаниб чиқиб кетаверади.  Лекин шундай одамлар борки, улар ҳеч бўлмаганда нимагадир эга бўлиш учун чўчқадан ҳам бир тук юлиб қолиш табиатини намоён этадилар. Бугунги кунда Хоразм вилоятида ҳокимият вакиллари шу услубни қўллаётгани кўзга ташланмоқда.

 

Мана баҳор келди. Энди ишчи мигрантларнинг Россия, Қозоғистон каби яқин хориж мамлакатларига ишга кетиш мавсуми бошланди. Хоразмлик гастербайтерлар ҳам бирлари поездда, бирлари самолётда, бирлари автомобилда олис сафарга чиқиш тараддудини кўрмоқдалар.  

 

Гувоҳларнинг маълум қилишларича, шу заруратни англаган маҳаллий ҳокимият томонидан қизиқ бир тартиб ўйлаб чиқарилган. Кимки хорижга ишга кетаётган бўлса,  коммунал тўлов пулларининг (газ, электр қуввати, иссиқ сув, иситиш, ичимлик суви)  ҳаммасини тўлаганлиги тўғрисида маълумотномаларни кўрсатиши зарур, шу маълумотномалар йўқ бўлса, унга темир йўл вокзалида билет берилмас экан.

 

Хоразмлик фуқаролар яшаётган ҳудудида иш тополмагани, яшаш ва оиласини боқишга маблағи камлик қилаётгани учун пул топаман деб сафарга отланади. Йўл харажатлари учун кимлардандир фоизга ёки фоизсиз қарз олади. Шундай пайтда тўловларнинг ундириб олиниши, унинг оёғига тушов вазифасини ўтайди. Ҳеч қаёққа кетоламмай, баттар камбағалликка юз тутиши мумкин. Наҳотки, ҳокимият вакилари шуни тушунмаётган бўлсалар?

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares