САОДАТ АМАНОВАГА ОЧИҚ ХАТ

Мухтаров Фарходхон

Саодат Абдураҳмоновна, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати сафидан чиққанингиз  тўғрисидаги билдиргингизни ўқиганимдан сўнг  сиз ҳақингиздаги фикрим  салбий томонга ўзгарди. Сиз Баҳодир Чориевни лафссизлик  ва қатъиятсизликда айблабсиз. Мен Баҳодир Чориевни ёнини олмоқчи эмасман, чунки у ҳам сизга менга ўхшаган бир одам. Унинг ҳам сизу-бизга ўхшаб  ўзига яраша фазилатлари қатори ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. “Беайб парвардигор” . Иш бор жойда камчилик, хато бўлиши табиий. Фақатгина  ишламаган одамгина хато қилмайди.

Баҳодир ака,агар Худо сизга юқтирсагина, Ислом Каримовдек даражага эришасиз, у хоҳламаса балки, умрингзнинг охиригача ҳам  АҚШда юраверасиз  ва ҳеч нарсага эришмайсиз! “ – деб ёзибсиз. Саодат Абдураҳмоновна, Ислом Каримов диктатор эканлиги француз судининг қарори билан ўз тасдиғини топган. Кўпгина таҳлилчилар, нашрлар уни замонамизнинг энг мустабид  ҳукмдорлари қаторига киритган. АҚШ сенатори Джон Маккейн:              “ Ўзбекистондаги асосий террорист Каримовдир” деган. Еurasianet.org сайтида ёзилишича,  Американинг машҳур “The Daily Beast” нашри  Каримов бошқараётган Ўзбекистонни  дунёдаги энг коррупциялашган, энг чириб кетган давлатлар рўйхатида  биринчи ўринга  қўйган. (http://russian. /node/59169# ). Андижон фожеиаси ҳам  тарихда Каримов номи билан чамбарчас боғлиқ  ҳолда қолади. Энди менга очиғини айтингчи, тарихда ўз халқини қонини тўккан, Ватанини дунёдаги энг коррупциялашган, энг чириб кетган давлатга айлантирган, доимо қўшнилари билан ғижиллашиб юрган  мустабид,  диктатор, террорист ҳукмдор номи билан қолган яхшими ёки  Америкада бўлса ҳам  ўз  нонини ҳалол меҳнат билан топиб, оиласини боққан, бошқаларга  ҳам қўлидан келганича моддий, маънавий ёрдам берган  одам сифатида қолган яхшими?  Шахсан мен учун, ўз халқининг бойлигини оилавий мулкка айлантириб олган  диктаторлардан кўра,  ҳалол меҳнат билан кун кўраётган оддий  ишчи минг марта яхши.

Сиз:  Яна бир гап Ислом Каримов тожик. Сиз ўзбексиз, ўзбеклар эса қўрқоқ ва номард халқ. Сиз ана шу халқнинг вакилисиз! Россия бостириб кирганида хонлар бирлашмай, парокандаликка учрашди. Шу боис Россия бошқа қардош республикалардан кўра тезда Ўзбекистонни ишғол қилди.
Октябрь революциясидан кейин ҳам, ўзбеклар русларга тезда қуллуқ қилиб ўзлигидан, миллий урф-одатларидан, ҳатто тилидан ҳам кечишга тайёр, ҳозиру-нозир бўлишди. Бошқа халқлар ўз тилида фильм тайёрлаб, кейин уни рус тилига ўгиришган. Ўзбекистонда бўлса, аввал рус тилида фильм тайёрлаб, кейин ўзбек тилига ўгиришармиди. Қойилман, сизларга қойилман ўзбекларга! Ўзбекларга ҳам, Сизга ҳам қойилман Баҳодир ака!
9.03. 2012 йил. Саодат Амонова.”Яна бир гап Ислом Каримов тожик. Сиз ўзбексиз, ўзбеклар эса қўрқоқ ва номард халқ. Сиз ана шу халқнинг вакилисиз!” дебсиз.

 Мен ўзбек бўлмасам ҳам  бу  гаплар менга жуда оғир ботди. Мен Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида туғилганман. Шаҳарда ўзбеклар билан биргаликда турли миллат вакиллари- руслар, украинлар, немислар, татарлар, тожиклар ва яна бошқа кўпгина миллат вакиллари яшашар эди. Мен борадиган боғча гуруҳида бор-йўғи иккитагина ўзбек боласи бўлиб, қолганлари бошқа миллат вакиллари эди. Ёшлигимда отам мени  бувим яшайдиган, аҳолиси тожиклардан иборат қишлоққа тез-тез олиб борар, у ердаги тожик қариндошларимнинг уйида ҳафталаб қолиб кетардим.  Мен ҳарбий мажбуриятни ўтаган қисмда ҳам СССР да яшовчи барча миллат вакиллари-яҳудийлардан тортиб немисларгача, латишлардан тортиб гагаузларгача бор эди. Кейинчалик,  ҳам тижорат, ҳам саёҳат қилиб анчагина мамлакатларни зиёрат қилиш, у ердаги халқлар билан танишиш менга насиб қилди. Турли мамлакатларни кўриб, турли миллат вакиллари орасида яшаб бағрикенгликда, меҳмондўстликда, андиша ва сабрда ўзбеклардан ўтадиган халқ  йўқ экан  деган хулосага келдим. Сиз тожик деб атаган Ислом Каримов ўзини саноқсиз танқўриқчилар билан ўраб олгани, акромийларнинг “Каримов келади”  деган гапига ишониб майдонга чиққан Андижон халқини оттиргани,   бирор жойга борадиган бўлса бир неча километр  радиусдаги ҳудудни  қуролли соқчилари билан ўраттириб олиши сиз  учун балки  мардлик ва ботирлик намунасидир, аммо  мен бундай  “ботирлик” ва “мардликка”  тупураман.   

Россия бостириб кирганида хонлар бирлашмай, парокандаликка учрашди. Шу боис Россия бошқа қардош республикалардан кўра тезда Ўзбекистонни ишғол қилди”  деган гапингиз тарихни  яхши билмаслигинигизни  кўрсатиб турибди. Россия қўшинлари Ўрта Осиёга бостириб кирганда  бу ерда  Ўзбекистон деган давлат  ҳам , қардош республикалар ҳам  мавжуд  бўлмагани, Ўрта Осиё  ҳудудида  учта  феодал давлат бўлиб,  улардан  бирини – аҳолисининг кўпчилигини ўзбеклар ташкил қиладиган  Бухоро  амирлигини,  рус қўшинлари  ХХ асрнинг 20-йилларидагина ишғол қила олганини  эътиборга олинса,  сизнинг юқоридаги гапларингиз  асоссиз сафсата  эканлиги кўринади. Агар юқоридаги асоссиз гапларингиз билан ўзбекларнинг  ноаҳиллигига шаъма қилаётган бўлсангиз, сизга ўтган асрнинг 90-йилларида Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролик уруши даврида  тожиклар  тожикларни  қандай қирганини  бир эслашни маслаҳат бераман. Ўзбеклар қанчалик ноаҳил бўлмасин, аммо фуқаролик уруши даврида тожиклар тожикларга қилган ёвузликларни бир-бирига қилмаган.   

“Октябрь революциясидан кейин ҳам, ўзбеклар русларга тезда қуллуқ қилиб ўзлигидан, миллий урф-одатларидан, ҳатто тилидан ҳам кечишга тайёр, ҳозиру-нозир бўлишди”дебсиз. Агар ўзбеклар  Октябрь революциясидан кейин ўз тилидан воз кечганда  Ўрта Осиё  аҳолисининг 60 фоиздан  ошиғи ҳозирда ўзбек тилида сўзлашаётган, 100 дан ортиқ миллат вакиллари яшаётган собиқ СССР ҳудудида   ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли эса сон жиҳатидан  учинчи ўринда бўлмасди.

“Бошқа халқлар ўз тилида фильм тайёрлаб, кейин уни рус тилига ўгиришган. Ўзбекистонда бўлса, аввал рус тилида фильм тайёрлаб, кейин ўзбек тилига ўгиришармиди” деган иддаонгизга эса жавобим шундай: С овет даврида нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Украина каби республикаларнинг киностудияларида  ҳам фильмларнинг аксарияти  рус тилида олинган, чунки собиқ совет даврида рус бўлмаган миллатларни руслаштириш сиёсати олиб борилгани, натижада баъзи миллатларнинг ёш авлоди ўз она тилини унутиб юборгани  ҳеч  кимга  сир  эмас. Ўзбек халқи шундай даврда ҳам  ўз тилини, урф-одатини  йўқотмади. 

Сиз номард ва қўрқоқ деб атаган  ўзбек халқининг вакиласи Мўътабар Тожибоева ўз эътиқоди йўлида қанча-қанча азобу-уқубатларни кўрди, соғлиғини йўқотди. Ислом Каримов уни таҳқирлатди, унга қарши туҳматлар уюштирди, бир неча йил қамоқда  ушлаб турди, аммо уни синдира олмади. У қамоқдан озод қилинганидан сўнг уни кўргани ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат вакиллари, турли халқаро ташкилот ва элчихона ходимлари келишди, у турли нуфузли халқаро мукофотлар билан тақдирланди. АҚШ давлат департаменти Мўътабар Тожибоеванинг мард аёл эканлигини тан олиб уни “Мард аёл” мукофоти билан тақдирлади. Сиз-чи сиз? Кучингиз бор–йўғи 16 кун рўза тутишга етди холос. Уюштирган пресс-  конферециянгизга  ҳеч ким келмади. Миллати тожик бўлган Суҳробжон сизни ким эканлигингизни тушунганидан кейин сизга тупуриб кетди.  Суҳробжон  сизга баҳо беришда адашмаган экан. Мана, ўзингизнинг ҳақиқий башарангизни кўрсатдингиз. Бу башара менда фақатгина жирканиш ҳиссини уйғотмоқда. Саодат Абдураҳмоновна, ниқобингизни ечиб, ҳақиқий башарангизни оммага кўрсатганингиз учун раҳмат.

                                                                   Мухтаров  Фарходхон

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares