
PONAUZ сайтида “Бирдамлик аъзоларининг Очиқ хати” деган мақолани ўқиб юқоридаги мақол ёдимга тушди. Юсуф Жуманинг таъбири билан айтганда “соқолли бесоқол” раҳбарилигида ўтган йили катта дабдабаю, баландпарвоз баёнотлар билан тузилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилганига ҳали бир йил тўлмасданоқ парчаланаётган бир пайтда нима учундир PONAUZ сайти “Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг тирноғи остидан кир қидириб қолибди. Бу сайт “Бирдамлик” Халқ Ҳаракатига тош отгандан кўра, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидан нима учун “Андижон. Адолат ва Тикланиш” (ААТ) ташкилоти, ҳуқуқ ҳимоячиси Хазратқул Худойберди,журналист Улуғбек Хайдаров чиқиб кетгани билан қизиқса ёки ЎХҲ томонидан тўқилган ва Мадаминов Салойнинг “Озодлик”даги “земляк” укахонлари томонидан тарқатилган “ГУЛСАЛОЙ”, кечирасиз, “ГУЛСИМОЙ” афсонаси қандай тўқиб чиқарилгани ва қандай фош бўлгани тўғрисида ўз ўқувчиларига маълумот берса яхшироқ бўлармиди. Ёдингизда бўлса, гўёки Андижон вилоятининг Қўрғонтепа шаҳрида яшаган, Германиядаги университетлардан бирининг иккинчи курсида ўқиëтган бўлган 32 ёшли Гулсумой Абдужалилова тўрт кун давомида Андижон милициясида тергов қилинганидан сўнг 4 декабр куни кўп миқдорда дори ичиб ўзини ўзи ўлдиргани, милиция ходимлари тергов жараёнида ундан Мадаминов Салойга қарши кўрсатма бериш талаб қилиб тўрт кун давомида тўхтовсиз қийнашгани, дўппослашгани бунга туртки бўлгани, Гулсумой ўлимидан олдин хат ёзиб кетгани, хатда “Мени бир қанча мухолифатчиларни ўлдиришга мажбурлашмоқчи бўлишди. Кимнидир ўлдиргандан кўра ўзим ўлганим маъқул” деб ёзгани, Гулсумойнинг танишларидан бири Гулсумой Абдужалилованинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлагани тўғрисида Мадаминов Салойнинг тарафдорлари томонидан ёлғон маълумот тарқатилган, PONAUZ сайтида Мадаминов Салойнинг масхарабоз укахони Қудрат Бобожон томонидан ёзилган “Бу шундай бир синовми?” номли мақолада, гўё айнан Мадаминов Салойга ҳайрихоҳлиги учун ўлдирилган қурбонларнинг сўнггиси сифатида “муттасил қийноқларга тутилган” Гулсумой Абдужалилова номи тилга олинган эди. Қизиғи шундаки, бу мақоланинг бошига “Бирлик” Ҳаракати 1989 йилда уюштирган намойишлардан бири Ўзбекистон халқининг озодлик учун кураши тимсоли сифатида қўйилган, аммо бу намойишни уюштирган “Бирлик” ни Каримовнинг буйруғига кўра Мадаминов Салой парчалагани ҳақида Қудрат Бобожон индамаган, яъни масхарабоз масхарабозлигини қилган. Хўш, Мадаминов Салойнинг малайлари нима учун “Гулсумой Абдужалилова” афсонасини тўқиб чиқаришган ? Тунисдаги халқ қўзғалони нимадан бошланган эди,ёдингиздами? Ҳа баракалла, товарлари полиция томонидан мусодара қилинган Муҳаммад Буазизи ўз жонига қасд қилганидан, тўғрироғи, ўзини ўзи намойишкорона ёққанидан сўнг бошланган эди. Сафдошларини Каримовга сотиш эвазига мухолифатнинг лидери,сўнг эса Ўзбекистонга президент бўлиш каби хомхаёллари амалга ошмаган Мадаминов Салой ва унинг тарафдорлари шундай найранг қилишга қарор қилишган кўринади. Бу масхарабозлар, агар биз ҳам шунга ўхшаш воқеани тўқиб чиқариб. “Озодлик” даги “земляк”ларимиз орқали тарқатсак, халқ Тунисда бўлганидек қўзғалади ва Каримовни ағдариб ташлайди, биз эса ғолиблар сифатида Тошкентга кириб борамиз ва ҳокимиятни оламиз деб ўзларича режа тузган кўринади, аммо чучварани хом санашган экан, улар тўқиган чўпчакка деярли ҳеч ким ишонмади ва уларнинг ёлғони фош бўлди.Энди бу ёлғончилар ўз шармандаликларидан халқни чалғитиш учун “Бирдамлик” Халқ Ҳаракатига тош отишаяпти. Мадаминов Салой атрофидаги ёлғончилар тўдаси бировга тош отишдан аввал шу мақолага сарлавҳа қилиб олинган мақолнинг маъносини яхшилаб уқиб олишса фойдадан холи бўлмасди деб ўйлайман.
Адхам Тангриев



