ЎЗБЕКИСТОНДАГИ КОНСТИТУЦИЯВИЙЛИК

 

ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

Ўзбекистон Республикаси  Конституциявий суди раиси Р. Эшоновга почта орқали жўнатилган  ва “Бирдамлик” сайтининг 1 февралдаги сонида эълон қилинган мактубимга қуйидагича жавоб олдим:

 

 

Хоразм вилояти Хива тумани

“Оқёп” қишлоғи “Шихлар”

маҳалласи 1-бўлим

 В. Назаровга

 

Сизнинг мурожаатингиз Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддасига мувофиқ Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўради.

Сизнинг мурожаатингизда кўтарилган масалалар Конституциявий суд ваколатига кирмаслиги сабабли, мурожаатингиз тааллуқлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига юборилди.

 

Катта эксперт: Ш. Саидқулов. 

 

Уни ўқиб кўргач, норозилик билдириб, қуйидаги мактубни йўллашга қарор қилдим:

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди раиси

Р. Эшоновга

Хоразм вилояти

Хива тумани “Оқёп” қишлоғи

“Хазина” фермер хўжалиги раиси

В. Назаров томонидан

 

 

ИХТИЛОФИЙ АРИЗА

 

Қонунлар ўз ижроси билан тузук, дейилганидек, ихтилофим мажбур қилаётганлиги учун мен аризамни қайта такрорлашга қарор қилдим.  Чунки 2012 йилнинг 7 январида ҳақиқатнинг чуқур таҳлилиётини кўзлаб кўпни кўрган ва биладиган Р. Эшоновга 90 бетдан иборат ҳолатлар кўргазмасини ҳам тақдим қилиб, маълум бир ҳақиқат эгилаётганидан нолиб, унинг синмаслигига тиргак истаб, қонунлар ижроси найрангбозлик ва зўравонликка йўналтираётганлиги тўғрисида маълумот сифатида йўллаган эдим.

Аммо жавоби мени жунбушга келтирди. Чунки 22.09.05/ 9844-сонли қарор натижасидаги “Хазина” фермер хўжалиги билан Хива тумани ҳокими ўртасидаги ихтилоф 2009 йилдан бери интихосини топа олмай, Ўзбекистон ҳудудида дарбадар ҳақ сўраб, охири айни сиздан Ўзбекистон диёрида қонунлар фуқаролар, ҳокимлар, юридик шахсларнинг барчасига бир хил тенглигини исботини кутгандим.

Қолаверса, катта таҳлилиётчи Ш. Саидқулов томонидан берилган юқори зина мўлжалидаги жавон, яъни Конституциянинг 108-моддаси изоҳловчи тўмтоқ жавоб унинг интеллектуал салоҳиятига мос эмасдек. Шунчаки бир жавоб эътирофи сифатида кўринади. Ваҳоланки, юқори зиналарга қадам биринчи зинадан бошланади. Конституциявий нормаларда 108-моддадан бошқа бошланғич зиналар ҳам бор.

Мисол учун, 13, 18, 26, 30, 54 104/3,4-моддалар.  Ҳозирги вазиятда иш судлов ташкилотлари томонидан, “Ҳолвани ҳоким еди, калтакни етим еди”, қабилида иш тутилаяпти. Шу сабабли рус мақоли “Не ищи у палача милосердия»ни четлаб ўтиб, яна қайта мурожаат қилишга мажбурман. Негаки, қонунлар мажмуаси, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарорини 8-илова сифатидаги “Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олишнинг Намунавий шартномаси” лойиҳасидаги шартларнинг  IV бўлим 13-модда,  V бўлим  14-модда,  VI бўлим 16-модда, VII бўлим 20-модддаларига мувофиқлаштирилмаган сунъий ҳаракатлар Хива тумани ҳокими Д. С. Аллақулиев томонидан  фермерга нисбатан беписандлик билан мансаб суъистеъмоли натижасида ижро қилинган бўлса-да, судлар ушбу ҳолатларни назарга илмай, ҳокимнинг нуфузини қўллаб-қувватлаяптилар. Мен ушбу ҳомийлар мажмуасидан норозилигимни баён қилиб, бу масалага жиддийроқ эътибор берилишини илтимос қиламан.

 

В. Назаров, “Хазина” фермер хўжалиги раҳбари.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares