
1. Ватан-бизнинг киндик қонимиз тўкилган ер. Нима учун бегоналарнинг киндик қонини Ватанимизга тўкамиз?
2. Аввал ўз юрагимизда иттифоқлик хислатларини топишимиз даркор, ундан кейингина ўзгаларнинг қалбидан аҳилликни излашимиз тўғри бўлади.
3. Дунёнинг бирлиги бизнинг юрагимиз билан ақлимизнинг бирлигидан бошланади.
4. Бу дунёдаги барча нарса бир-бири билан боғланган.Биринчи нарса иккинчисини тўлдириб туради. Гулнинг ажойиб гўзаллиги имонли одамнинг гўзал феълини эслатиб турмайдими? Унинг ўткир тикани ҳаёт қийинчиликларига, тонгги қиров-оналарнинг кўз ёшига ўхшайди.Йил фаслларининг алмашиши, илиқлик ва совуқлик, тинч ва нотинч об-ҳаво одамларнинг феълини эслатмайдими?
5. XXI асрда ривожланган ўлкаларда тез-тез ер қимирлаб,тўфон, сув тошиб ва довуллар, қуюнлар минглаб ҳаётларни олиб кетаётгани ҳаммамизга маълум. Балки бу биз ёлғизгина маишатни ўйлаб руҳий покланишни унутиб қўйганимиздандир?
6. Кўкатларнинг ердан униб чиқиши бу ҳаёт қонуни бўлмиш- туғилиш ва ривожланишни одамларга табиат томонидан кўрсатилишидир. Туғилиб ривожлана олмаганлар қуриб қолади.
7. Ҳаётнинг ўз белгилари бор. Онанинг қорнидаги бола таъзим шаклида бўлади, қариганда ҳам одамнинг тик қади камон бўлади. Ёй шакли Яратганга таъзим ва ҳамду-сано ифодасидир.
8. Ҳақиқий севги қачон пайдо бўлади? Ҳақиқий севги ёшлар ўзларига: “Мен севгилимни бахтли қила оламанми?” деган саволни ўзига бера олгандагина пайдо бўлади. Севишганлар доимо бир-бирига интилиб турадилар. Кўпчилик ёшлар дўстона муносабатларни севги деб тушунадилар. Бундай муносабатлар тугаса: “ Менинг биринчи севгим тугади,”-деб ўйлайдилар. Бу хато фикр одамни бир умрга умидсизликка тушириб қўйиши мумкин, лекин ҳақиқий севгининг биноси мустаҳкам бўлади ва ҳеч қандай куч уни буза олмайди.
Муборакхон Маматқулова



