ХИВАЛИК ҚАРИЯ АФТОДАҲОЛ УМР КЕЧИРМОҚДА

 

ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

Хива тумани Мевастон маҳаласида яшовчи 60 ёшли Матёқуб Бобожонов ҳозирги кунда ниҳоятда афтодаҳол, қийин шароитда, якка-ёлғиз ҳолда кун кечирмоқда. Шуниси ачинарлики, илгари 300 квадрат метр майдонда жойлашган уйининг иморати ниҳоятда эскилиги ва  термитлар кемириши туфайли йиллар давомида емирила борган. Уйнинг фақат, ҳар бир томони 2,5 метрлик, жами 5 квадрат метргина қисми йиқилмай қолган. Бечора қария қабрдан сал каттароқ шу кичкинагина жойда эски кроват ҳамроҳлигида, бошпанасиз бир кимса даражасида истиқомат қилмоқда.

 

 

Матёқуб Бобожонов 26 йил давомида Хива шаҳридаги Ҳамза ва Аваз Ўтар номли мактабларда ўқитувчилик қилган. У ҳаракатчан зиёли сифатида тарихий асарлар ёзиш билан ҳам шуғулланади, шу давргача  3 та тарихий китоби нашрдан чиққан. Маълум бир даврда ўзининг сиёсий қарашлари билан чиқиб, ҳудудда адолат қарор топиши учун курашган инсонлардан бири.

3 ой бўлибдики, Матёқуб ота қарилик нафақасида. Ўзининг айтиши ва гувоҳларнинг берган маълумотларига кўра, унинг аҳволи бундай даражага келишига, иши юришмаслигига олдинги сиёсий қарашлари сабаб бўлган. У ҳаёти  яхшиланиши учун ёрдам сўраб, яшашига яхшироқ жой беришларини илтимос қилиб, кўплаб тегишли идораларга қатор йиллар давомида мурожаат қилиб келмоқда.

Афсуски якка-ёлғизистиқомат қилаётган қариянинг аҳволи  оғирлиги яққол кўриниб турса ҳам, унга маҳалла фуқаролар йиғини ҳам, ҳокимлик ҳам, кам таъминланган фуқароларнинг ижтимоий муҳофазаси билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳам, соғлиқни сақлаш бўлими ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам  ёрдам бермай келишмоқда.

                                                                                    Валерий НАЗАРОВ.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares