НАВОИЙ ҒАЗАЛЛАРИНИ ЎҚИШ ЭМАС, УҚИШ КЕРАК

Носир Зокир

            Ҳар   йили  9 февраль юртимизда  буюк   аждодимиз  Мир  Алишер  Навоийнинг  туғилган   куни   сифатида кенг  нишонланади.  Бу   йил  ҳам  шундай  бўлди. Совет  даврида  Навоий  кўкларга  кўтарилиб  мақталарди-ю,   аммо  шоир   ижодининг   асл  мазмуни  тушунтирилмасди.  Ҳатто  Навоийни  “Социалистик  реализмни  куйчиси”  қилиб қўйишларига ҳам  оз   қолди. 

Афсуски,  мустақилликдан   кейин  ҳам  шоирнинг таваллуд   кунига   бағишланган  тадбирлар   хўжакўрсинга  ўтказилмоқда. Шоирнинг ижоди кўкларга  кўтарилиб мақталади. Бироқ,  Навоий  ғазалларининг   асл   мазмунини   ҳатто катталар  ҳам  тушуна  олмаётган   бир   вақтда, ўқувчи-ёшлар ўзлари  англамаган ҳолда   ҳазратнинг ғазалларини қироат билан ўқийдилар. Бу сохтакорлик   эмасми?

  Мен   навоийшунос  олим  Иброҳим Ҳаққулни  жуда  ҳурмат  қиламан. Ҳар  замонда  телевидение  орқали  шоир  ғазалларининг мазмун-моҳиятини  тушунтириб  туради. Лекин,  бу  кўрсатув   айнан одамлар  кўрадиган  пайтда  берилмайди.  Ростини   айтсам,  Навоийни  ўзим  ҳам, 20-25  фоиз   тушунаман, холос.  Сабаби  бизлар   совет  даврида  ўқидик.  Бизга  шоирни   бойларга  қарши,  ўша   пайтдаги   аслзодаларга  қарши,  Гули  номли   севгилиси  бор  деб  тушунтиришган ва қуруқ ғазалларини ёдлатишган, холос.

 Бу   хатоларни   мустақиллик   йиллари  тўғрилаш   керак  эди.    Навоийни   англаш   мактаблардан   бошланиши   керак  эди.  Лекин  ҳозирги пайтда бундай   бўлмаяпти-да. Бунинг   сабаблари   кўп.  Ҳозир  бу  ҳақда тўхталиб ўтирмайман.

Охирги   марта  қамоқхонада ўтирганимда  кутубхонада   биз маҳбусларга  китоб  тарқатишарди. Қўлимга бир   китоб тушди.  У   ҳали қайта қуриш  шамоллари   эсиб  турган пайтда, 1993-йилда   чоп  этилган   экан. Китобда   Ҳамза  номли ўзбек миллий театрида    саҳналаштирилган   Навоий   асари   асосида   яратилган  «Искандар» деб   номланган  драма   чоп  этилган  экан.  Навоий   Искандар   тилидан   подшо  фолиятига   танқидий   баҳо  бериб,   давлатни   адолатли   бошқариш   йўлларини   шундай моҳирона   тушунтиради.

Искандарнинг   давлатни  бошқариш   тизими  ҳақидаги    фикрларини ўқиб, “Ие,  бу  биз узоқ йиллар   давомида  орзу  қилган   демократик   тизим-ку»  деб  юборибман. Қани,  энди мана шу   асар   ҳозир  саҳнага қўйилса.   Мен   аминманки,  биз  учун  ўта  долзарб   муаммолар   акс  эттирилган   ушбу   асарни  халқимиз   театр   залини   тўлдириб  ўтириб   томоша  қилган   бўларди.    Кейинчалик   шоир  ҳақида   баъзи   нарсаларни   ўқидим.

Навоий ҳазратлари оталаридан қолган мол-мулклар, давлат  амалдори сифатида ажратилган ерлардан келган даромадларидан    кўплаб   мадраса-ю мақбаралар,  йўллар,   кўприклар, ҳаммаси   бўлиб 300дан  ортиқ   иншоотлар  қурдирадилар, ғарибу  бечораларга   ёрдам  берадилар. Бундан   ташқари    талабаларининг   харажатларини ҳам ўз  зиммаларига   олган  эдилар. Сиз  ҳозирги   амалдорларнинг ана шундай мурувват қилишига   ишонасизми?

Ҳазрат ўзлари қурдирган мадрасаларда ўқиётган   талабаларга   ёрдам   берардилар.  Давлат  арбоби сифатида  қўл   остидагиларидан  ўз ҳокимиятларини   мустаҳкамлашни  эмас,   балки   адолатни   талаб   этардилар.   Биргина   мисол.  Теварак-атрофни   тозалаш    ва  дала  ишларига  талабалар   эмас,   турли   хил   лавозимларда   ишлаётган  ходимлар  жалб   этилган    ёки   мардикор  ёлланган. Талабаларни   дарсдан қолдириб, жамоат   ишларига   жалб  этиш қатъиян    маън   этилган.  1500- йилнинг  август  ойида   Мозандарон  вилоятига   ташриф   буюрганларида   юқоридан  аҳолидан  юз   минг   динор солиқ ундириш ҳақида    фармон    келади.

Шунда у киши ҳозирги   даврда   халқ   устига ўринсиз   солиқ   солиш    ярамаслигини   айтиб,    солиқни   шахсий   маблағларидан   бериб   юборадилар.  Халқ   эса ҳазратни   кўп   дуолар қилади.   Алишер Навоий ҳозирги амалдорларга ўхшаб, зиёфат-у   тантаналарга, дабдабабозликка   берилмаган  эдилар.

Ҳазрат   Ҳиротга ҳоким   бўлиб   борганларида,   одамларнинг ҳукуматдан   норози эканлигини кўрдилар. Халқни   бирма-бир   қабул   қилиб,  арзларини   эшитдилар. Уларни   норози қилаётган   раҳбарларни жазоладилар.  У  киши ҳозирги   раҳбарларга ўхшаб,  вилоятларга   бориб,  40-50  нафар   маҳаллий   раҳбарни   йиғиб,   ёлғон, дабдабали   гапларни  гапириб,   оддий   одамларни   дардини   эшитишни ўзларига   эп   кўрмайдиган    давлат   арбоби   эмас   эдилар.   

 Бундан   ташқари   Навоий   давлат   арбоби, шоир  бўлиш   билан   бирга  буюк   файласуф ҳам  эдилар. У кишининг   фалсафага  тўла  фикрлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини   йўқотмаган.  Подшолар ғазабга   минса,   халқнинг қандай   аҳволга   тушишини   ҳазрат қуйидагича   тасвирлайдилар:

Ғазаб   тиғин    чиқарса   подшоҳлар,

Жиноятчи   бўлурлар   бегуноҳлар. 

Ҳазратнинг   мана бу   мисраларини  ўқисангиз,  ўша   пайтда  ҳам  халқпарвар   кишиларга   осон  бўлмаганлигини   англаб   етасиз:

Азизларнинг   боши ҳамиша   ерда,

Итнинг  боши   мистобоқда.

Энди  ҳазратнинг   мана  бу   жумлаларини ўқинг: “Подшоҳ  золим   бўлса, халқ шаккок бўлади».  Мана  шу   бир   қаторгина   файласуфона   фикр   кўп   нарсани   англатади. Подшоҳ  эолим   бўлса,   халқ  ҳақсизликдан ғазаб   отига   минади.  Жамиятда   тинчлик   йўқолади.  Албатта,   золим   куч   билан тинчликни  вақтинча  ушлаб   туриши   мумкин.   Лекин   бу   тинчликнинг    мозордаги   тинчликдан    фарқи   бўлмайди.   Одамлар    фақат   ваҳимада   яшайдилар.  Демак,   Навоий   айтганларидек: “То  зулму   ситам    жонига   бедод  ўлмас,  эл   шод ўлмас,   мамлакат  обод   ўлмас”.

Ҳақиқатдан ҳам  Оллоҳ  инъом  этган  эркинликда   яшаётган   одамларни қулга   айлантирмоқчи   бўлган   золимлар  мамлакатда   уруш   оловини   сочадилар.  Уларнинг   ҳар  қандай    ёлғон   гапларига  учмаслик   ва   улардан   ҳеч  қачон   яхшилик   кутмаслик    керак. Ҳазрат     айтганларидек: “Фосиқдан ҳаё   тилама,  золимдан  вафо”.

“Ҳақиқат, адолат   мисли қуёшким, уни   юзини  бот-бот  булут   қоплайди”, деган   эдилар  буюк   аждодимиз.  Худди   шундай!  Шу боис ҳақиқат  учун   курашаётганларнинг   бошларида   булутлар   пайдо   бўлса, асло  хафа   бўлишмасин. Аксинча, ҳеч   нарсага   парво  қилмай,  курашларини   давом   эттираверишсин.   Золимлар ҳам   булутдай   гап.  Офтоб   чиққач,   булутлар  албатта тарқаб   кетади.  Буюк   бобокалонимиз  ҳазрат Навоийнинг  охиратлари  обод   бўлсин.

 

                                                                  Носир  Зокир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares