АДАМ ЭРЕЛИ: ЎҚИШНИ ТУГАТИБ, МАМЛАКАТИМИЗДА ҚОЛАЁТГАНЛАР АҚШ ҒАЗНАСИ МАБЛАҒЛАРИНИ ЎҒИРЛАШАЯПТИ, ДЕБ ҲИСОБЛАЙМАН!

16 февраль куни АҚШ элчихонасида навбатдаги ПрессГап бўлиб ўтди. Унда журналистлар  АҚШ Давлат котибининг Таълим ва маданият масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари  Адам Эрели билан учрашишди.

Шу ўринда элчи Адам Эрелининг иш фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсак.

Адам Эрели Йель Университетида бакалаврлик, Флетчер ҳуқуқшунослик ва дипломатия мактабида магистрлик даражасини олган. Дипломатик фаолиятини бошлашдан олдин у Франция пойтахти Парижда яшаб, журналист, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича ННТ директори сифатида фаолият кўрсатган.  

Шунингдек, элчи Эрели дипломат сифатида бир қатор хорижий давлатларда фаолият кўрсатди. 2000-2003 йилларда АҚШнинг Қатардаги элчихонасида миссия бошлиғининг ўринбосари сифатида  ишлади.  Шулар қаторида у Яман, Эфиопия, Сурия ва Мисрда меҳнат қилди.

Жаноб Эрели АҚШ давлат департаментида ҳам юқори лавозимларда хизмат қилди. Хусусан 2003-2006 йилда у  АҚШ давлат департаментида воиз ёрдамчиси лавозимида иш юритди. 2006-2007 йилларда эса элчи  халқ дипломатияси бўйича давлат ёрдамчисининг катта маслаҳатчи  бўлди. Шундан кейин 2007-2011  йилларда у Баҳрайн қироллигида АҚШ элчиси сифатида иш юритди.

2011 йилнинг  18 январидан  Адам Эрели АҚШ давлат департаментининг таълим ва маданият масалалари бюросида Давлат котиби ёрдамчисининг бош ўринбосари сифатида ҳам ишлади. Мазкур бюро ўзаро таълим ва маданий дастурларни амалга ошириш, шу орқали АҚШ халқи ва бошқа халқлар ўртасида  ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида иш юритади. Бу эса АҚШ лари ташқи сиёсатинипнг асосий йўналишлариданг бири ҳисобланади.  2011 йилнинг 26 июлида элчи Адам Эрели АҚШ Давлат котибининг Таълим ва маданият масалалари бўйича ёрдамчисининг бош ўринбосари лавозимига тайинланди. У ҳозирда 400  ортиқ ходим меҳнат қиладиган ва бюджет маблағи  635  миллион АҚШ долларидан иборат  дастурларни бошқариб келмоқда.

–                      Мен Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда илк маротаба меҳмон бўлиб турибман. Бу ерда менга кўрсатилган меҳмондорчиликдан бошим кўкка етди. Ташриф чоғида қатор учрашувларни ўтказдик. Музокаралар олиб бордик.

        Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ўтказилган учрашувда икки томонни қизиқтирган кўплаб масалаларни муҳокама қилдик.

            Шу ўринда Ўзбекистон катта имкониятга эга давлат эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Унинг энг катта бойлиги бу унинг халқидир.

            Ўзининг кириш сўзи давомида шулар ҳақида тўхталар экан, Адам Эрели иккитомонлама алоқаларни  янада кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, бошқа давлатлар жуда тез ривожланмоқда. Вақт тез ўтиб бормоқда. Шу боис барча имкониятларни ишга солиш керак. Элчининг таъкидлашича,  бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Мулоқотлар давомида таълим соҳасидаги, шунингдек,  илмий текшириш институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида келишиб олинди.

            Учрашув чоғида  журналистлар ҳамкорликдаги лойиҳалар,  Ўзбекистонда таълим тизимининг ривожланиши, олий  таълим тизими, бу йўналишда мавжуд муаммолар каби масалалар  журналистларнинг диққат марказида бўлди.  Журналистлардан бирининг Ўзбекистонда таълимнинг баллон тизимига ўтилишини сиз қандай баҳолайсиз, илгари совет давридаги таълим тизими яхши эмасмиди, деган саволига  жаноб элчи қуйидача жавоб берди:

–                       Менинг Ўзбекистонга келганимга бор йўғи 14  соат бўлди. Шу боис бу ердаги ўзгаришлар, мавжуд камчиликлар ҳақида аник бир  фикр билдиришим нотўғри бўлади, деб ўйлайман.

           Аммо биз биргаликда ўтириб, ҳамкорликнинг янги йўлларини қидириб  топишимиз керак. Бундай мулоқотга тезда киришишимиз лозим, деб ҳисоблайман.  Совет тизими давридаги таълим, фан соҳалари  жаҳоншумул кашфиётларни қўлга киритишга имкон бертди. Кўплаб гениал  ютуқларни илм фан соҳасига тадбиқ этишга замин яратди. Аммо вақт ўзгаради. Қайси тизимни танлаш бу Ўзбекистоннинг ўз қўлида. Қарорни унинг ўзи қабул қилади.

            Журналистларни АҚШнинг “Айрекс” ташкилоти, унинг Ўзбекистондаги фаолияти, бу ердан чиқиб кетиш сабаблари ҳам қизиқтирди. 

–                      “Айрекс”чиндан хам ажойиб ташкилот ва у Ўзбекистонда жуда самарали фаолият кўрсатди. Аммо унинг бу ердан чиқиб кетишини биз хоҳламаганмиз.  Бу бизнинг қароримиз эмас эди, дея фикр билдирди, бу борадаги саволга жавоб қайтара туриб Адам Арэли.

            Журналистлардан бири Ўзбекистондан АҚШга ўқишга бориб, у ерда қолиб кетаётган ёшларнинг тақдири, иш билан таъминланиши масаласи билан қизиқди. Бу саволга  элчи жуда кескин жавоб берди.

–                       Биз бу мамлакатнинг ривожи учун ўз сармоямизни киритаяпмиз.  Шунинг учун ҳам АҚШга ўқиш учун кетганлар албатта Ўзбекистонга қайтиб келишлари ва унинг ривожи учун хизмат қилишлари керак, деб ўйлайман. Қайтиб келмаганлар эса бизнинг бюджетимиз маблағларини тўғридан-тўғри ўмаришаяпти, деб ҳисоблайман. Аслида улар бу ерга қайтиб келиб, ўз юртларининг ривожи йўлида меҳнат қилишлари зарур.

Тўғри, айрим талаба-ёшлар ўқиш ҳақини ўзлари тўлаб, кейинчалик ўқишнинг бизнинг мамлакатимизда давом эттиришаяпти. Бунга уларнинг ҳаққи бор. Улар  бакалаврлик даражасини, магистратура йўналиши бўйича ўқишни, кейинчалик эса кандидатлик йўналишида илмий ишларини давом эттиришмоқда.

            Мулоқот асносида журналистлар ўзларини қизиқтиргн кўплаб масалаарга аниқлик киритдилар.

 

Саодат Амонова

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares