УРГАНЧ ДОЛЛАРЧИЛАРИНИ НИҚОБДОРЛАР БОСДИ

ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

 

2012 йилнинг 17 январида Урганч шаҳар деҳқон бозори асосий дарвозаси қошида тўп бўлиб турган қора бозорда доллар  олиб-сотувчилар устига қора ниқоб кийган отряд ва ва бошқа милиция ходимлари ёпирилган.  Воқеа гувоҳларининг сўзига кўра, улар кўзга ташланмайдиган оддий бир машинада келганликлари учун ноқонуний доллар олиб-сотувчилар сезмай қолганлар.

Мазкур ОМОНчилар ҳар томонга  тумтарақай қочган доллар олиб-сотувчиларни ушлаб, айрим қаршилик кўрсатганларини дўппослаб, долларларини тортиб олиб, ўзларини машинага тиқиб, олиб кетганлар. Долларчилардан айримлари “Бизларга иш топиб беринглар, шунда бу иш билан шуғулланмаймиз” деб норозилик билдирганлар.

Бозор дарвозаси ёнбошидаги Урганч савдо маркази олидаги машиналар тўхташ жойида турган таксилар ва бошқа енгил машиналардан бир-бир долларлар қидирилиб, милиция назоратидан ўтказилган. Маълум бўлишича, долларчиларнинг асосий кундалик даромадлари шу машиналардан айримларида жойлаштирилган экан.

 Воқеадан бир-икки соат кейинги кузатувлар шуни кўрсатдики, ўша ҳудудда қора бозорда доллар олиб-сотувчилардан бирортаси ҳам йўқ.  Битта-яримтаси  юриб боришида “Доллар борми?” деб ўтиб кетаяпти. Машиналар қўйиладиган жойда эса бирорта ҳам енгил машина қолмаган.

ВАЛЕРИЙ НАЗАРОВ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares