18-19 ЙИЛДАН БЕРИ СУВИМИЗ ЙЎҚ,

 АММО МАҲАЛЛА ҚЎМИТАСИ РАИСИ ҲАР ДОИМ БИЗ БИЛАН УЧРАШИШ УЧУН КЕЛГАН ҲОКИМИЯТ ВАКИЛЛАРИГА ОРТИҚЧА ГАПИРМАНГЛАР, ДЕБ ОЛДИНДАН ТАЙИНЛАЙДИ

дейди бизга Тошкент вилояти Янгийўл тумани, “Тинчлик” жамоа хўжалиги, Убай Мусаев қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли “Қоратепа” маҳалласида яшовчи юртдошларимиз бири. “Тинчлик” жамоа хўжалигининг “Агротехника” бўлимида истиқомат қилаётган ва номи сир сақланишини истаган бу юртдошимиз  ичимлик сувининг йўқлиги уларни жуда қийнаб юборганлигини бизга маълум қилди.

–                      Ишонсангиз, 18-19 йилдан бери ичимлик сувини  бизга қўшни бўлган “Агроном” участкасидан ташиб келтирамиз. Қишин-ёзин, кимдир от аравада, кимдир эшак аравада, яна биров ўз транпортида ичимлик сувини ташийди. Бу ҳақда маҳалла қўмитаси раиси Намоз Камбаровга, бошқа тегишли жойларга бир эмас, бир неча маротаба мурожаат қилганмиз. Аммо шунча мурожаат ва аризаларимиз жавобсиз қолмоқда.

“Агротехника” участкасида асосан ўзбеклар, қозоқлар истиқомат қилишади. Аҳоли сони ҳам оз эмас, 15-20 минг нафар. Оз эмас, қарийб  20 йил давомида ичимлик сувисиз яшаб келаётган “Агротехника” ликларга “Балли, яшанглар-ей!!!” деб юборгинг келади. Ахир сабрнинг ҳам чегараси бор-ку!

–                      Ишонсангиз, туман  ҳокимлигига мурожаат этишдан чарчаб кетдик. Бу вақт давомида неча ҳокимлар алмашди. Аммо уларнинг бирортаси муаммомизни ижобий ҳал этиб бермади.

        Бир ойча олдин туман ҳокими маҳалламиз аҳли билан учрашганди. Ўшанда учрашувдан олдин маҳалламиз раиси “Сизлардан илтимос, ҳокимга ортиқча гапларни гапириб юборманглар”, деб жуда қаттиқ тайинлаганди. Ҳоким ҳам муаммони кўтарганимиздан кейин албатта ёрдам берамиз, масалани ҳал этамиз, деб ваъда берди. Шундан кейин оз-оз  бўлса ҳам сув келиб турди. Бир ҳафтадан кейин вазият яна эски аҳволга тушди, дейди ачиниш билан суҳбатдошимиз.

       Унинг маълум қилишича, кўпчилик шу ҳудуддан оқиб ўтувчи “Бўзсув”дан сув олиб ичади. Ариқни сувидан ичгандан кейин нима ҳам бўларди. Мазкур ҳудудда ичимлик сувининг йўқлиги сабаб аҳоли ўртасида турли юқумли касалликларга чалиниш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Ҳатто ўтган йили тиф касалиги билан оғриган   фуқаро Шерхўжа Холхўжаев вафот этди.

–                      21 январь куни  маҳалламиздаги касб ҳунар коллежида мажлиc ўтказилди. Мажлисда вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин қизлар қўмитаси раиси Сайёра Мавлонова келди. Маҳалламиз раиси тайинлаган бўлсалар ҳам, Зуҳра Бобохонова номли маҳалладошимиз Сайёра Мавлоновани саволга кўмиб ташлади.  Уни тушунса бўлади. Оилада кимга қийин хотин-кизларга қийин-да. Бечора аёлларимизга сув ҳаводек зарур. Рўзғор юмушларини бажариш учун сувсизликдан росса қийналиб кетишди, бечоралар. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси “Бу муаммони кўтарамиз, албатта ҳал қиламиз , деб айтди.

Аслида муаммони ҳал этишнинг бир нечта йўли бор дейди, янгийўллик фуқаро. Унинг маълум қилишича, маҳалла ҳудудидан сув тармоғи ўтган. Аммо тармоқнинг устида уйлар қурилиб кетган. Ўша жойни очиш керак. Яна бир йўли “Агротехника” участкасида  “Хирмонтепа” деган тепалик бор. Ўша ердан ҳам сув чиққан. Лекин маблағ йўқлиги сабаб сувни аҳолига етказиш ишлари ўлда-жўлда қолиб кетган.  

Хуллас, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш муаммосининг бир эмас, иккита ечими бор. Бироқ, туман раҳбарлари аҳолини ўйлармиди? Улар бошқа “Ўта зарур” ишлар билан банд, ахир. Лекин туман раҳбарларидан бири айнан шу маҳаллада истиқомат қилганида эди, ичимлик суви муаммоси аллақачон ҳал қилинган бўлармиди. Бу фикримизга сиз нима дейсиз?

 

                                                                        Хўжа Ҳақназаров.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares