МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Носир Зокир

Ёдингизда бўлса, олдинги мақолаларимизда,   адабиётшунос  олим  Озод  Шарофиддиновнинг   2004 йили  «ШАРҚ»  нашриёти  томонидан   чоп  этилган  «Ижодни  англаш   бахти»   китобига   киритилган   Чўлпон   ва Фитрат   ижодига  оид     мақолалари   ҳақида  фикр  юритган  эдик. 

Ушбу   китобдан   олимнинг  яна  бир  мақолалари   ўрин  олган. “Муқаддас бурч” деб номланган ушбу мақола ҳозирги   вақтда   турли  халқаро  ташкилотлар томонидан “Ўзбекистонда  матбуот  эркинлиги  йўқ” деб  баёнотлар  бериб  турилган   вақтда   ўта  долзарблик   касб   этади.

Мақолада Ўзбекистон  Президентининг  2003 йил   27 июнь –Матбуот ва Оммавий ахборот вочиталари ходимлари  куни   муносабати    билан   йўллаган   табригига жавобан ёзилган.  Мақолада   эркин  матбуотга  тўсқинчилик  қилиб   турган      муҳим  омиллар  ва  шахслар  ўта   усталик  билан  очиб  берилган.

Озод Шарофиддинов  шундай   ёзади: “Дарҳақиқат, ҳар  қандай  одамнинг  тириклиги  учун  биринчи  навбатда,  сув   билан  ҳаво  зарур,  аммо  журналист  учун , қаламкаш  ижодкор  учун  сув  билан ҳаводан  кўра   ортиқроқ  даражада   сўз  эркинлиги,  матбуот  эркинлиги  керак. 

Ижод     одамнинг  фикр  ва ҳиссиёт  бобидаги   ички  имкониятларини  рўёбга  чиқаришга имкон беради. Қай  бир  сабаб  билан  бу  имконият  йўлига  ғов  қўйилса,  ижод  эркинлиги  чеклаб  қўйилса,  ижодкор   ҳаво  оладиган  туйнук  турли  мутасаддилар  ва  раҳбарларнинг  қаричи  билангина  ўлчанадиган  бўлса,  ижод  ўлади. 

Ҳамма  ижодкор  қолипга   солинса… уларни детдом  болаларидай   бир-биридан  фарқлашнинг  иложи  бўлмаса,  бунақа   ижодкор ҳеч  кимни қизиқтирмайди”.              

 Олим   Ўзбекистонда  сўз  эркинлиги,   ижод  эркинлигига доир кўплаб  қонунлар   қабул қилинганини   лекин ,   “…барибир  шу  йўл  билан ҳам   тўла  эркинликка  эришдик,   деб   айтишимиз  қийин”,  деб ёзади.

Маълумки  Ўзбекистон Республикаси Конституциясида  матбуотда  цензурага   йўл  қўйилмаслиги  ҳақида  банд  бор.  Амалда   эса   цензура  мавжуд  эди. Ҳукумат  мулозимлари    бўлса  буни  тан   олмас  эдилар. 2003 йилга  келибгина, халқаро  анжуманда  Президент  И.Каримов    расман   цензурага  чек  қўйилганлигини  эълон  қилди.  Аммо,   барча  масъулият газета муҳаррирлари, радио ва телевидение   раҳбарлари зиммасига  юклаб  қўйилди. Шундан  кейин ҳам нисбатан  мустақил  газеталарда долзарб мақзудаги мақолалар  чоп  этиб  турилди. 

Афсуски  секин-аста   зиммасига ана шундай масъулият  юклатилган   шахслар  ички   ва   ташқи   қўрқув  оқибатида,  бора-бора  нимани   ёзиш   керак, нимани  ёзмаслик керак, умуман нималарни  кўрсатиш  мумкин ва нималарни   кўрсатмаслик    кераклигини  тушуниб  ета  бошладилар.

Шунинг учун ҳам бугунга   келиб  матбуот қандай   аҳволга  тушиб  қолганини  ҳамма  кўриб  турибди.  Бу  жараёнларни   Озод   ака   шундай  тасвирлайди: “Чехов “Ҳар  биримиз   бутун  умримиз  давомида    ичимиздаги   қулни   силтаб  чиқармоғимиз   керак”,   деган  эди.  Ана  шу   «ичимиздаги»  қул    бизни  ҳар  нарсадан  ҳадиксирайдиган  қўрқоққа, ҳар  чиқишидан  олдин  теварагига   минг  марта  олазарак  қараб  оладиган   эҳтиёткор  одамга  айлантиради. Шу  қул  бизни  фикр қилмасликка, эскича  тасаввурлар  оғушида  яшашда  давом  этишга   ундайди,  вужудимизга  “оч  қорним,  тинч  қулоғим»  деган  чиркин  фалсафани   сингдиради.  Бу  фалсафа   чиркин  бўлса-да, қулай,  одамни  аллалайди”.

О. Шарофиддинов   ҳатто  мустақилликдан  кейин  ҳам   ижодкорлар   тўла  эркинликка  эриша  олмаганликларини  шундай  тасвирлайди.  “Ҳамон ҳақиқатни  эмас,  чала ҳақиқатни  ёзамиз,  ҳамон  бирон  дадил  гап  оғзимиздан  чиқиб  кетса,  неча  муддат  “фалончи  акам  нима  дейдилар  экан?”  деб  ўзимизча  хавотирланиб  юрамиз.  Натижада  осонгина  маддоҳлик   йўлига  ўтамиз, ҳаётнинг  фақат  нурли  томонлари ҳақида  ҳаяжонланиб  ёзамиз,  бундай  журналистлар   ёзганини   ўқисанг,  гўё  ҳаёт   кунда  байрам,  кунда  тўю-томошадан,  так-така-тум   билан  гижбангдан,  ҳурлиқо   паривашларнинг  кўз   сузиб,  шощ  ташлаб  рақсга  тушишларидан  иборат.  Ахир,  барака   топгур,  бугун  режасини  ошириб  бажарган  деҳқоннинг  режасидан   ортиқча   ҳосилини  ҳам   уни  қақшатиб  тортиб  олаётган    амалдор  ҳам   бор-ку  бу  замонда.   Тадбиркор  бирор  фойдали  иш  қиламан  деса,  ундан   бирор  «ёруғлик»  чиқмагунча, (яъни  пора  олмагунча)   йўлини  тўсиб қўядиган,  унинг  ишлашига   йўл   қўймаётган  тўралар  бор-ку?  Ёки   бирор  оддий  одам   жиноят  қилиб  қолса,  унинг   оёғини  ерга  текизмай  олиб  кетадиган,  бироқ  бирор   амалдор  бировни  уриб,   майип-пайиб  қилиб  қўядиган  бўлса,  бунга  кўз   юмиб   қарайдиган   қонун  «ҳимоячилари»   йўқми? Хўш   нега   улар  ва  уларга  ўхшаш   яна  минглаб  порахўрлар,  қонунни  оёқ  ости  қиладиганлар,  халққа  ғамхўрлик қилиши  керак  бўлган ўринда қўлини   совуқ  сувга  урмайдиганлар  халқдан  андиша қилмайди,  журналистдан   ҳайиқмайди,    кўпчиликнинг   олдида  изза  бўлишни хаёлига ҳам   келтирмайди.   Менинг  назаримда    бир  гуруҳ  амалдорлар,  тўралар  ва  “бу  дунёнинг  зўрларининг”   назоратсизлиги,  кирдикорлари   жазоланмай  қолиши, қилғилиқни қилиб,   оладиганини   олиб  бўлгандан   кейин  силлиққина,  беозоргина  “бошқа  ишга ўтиши   муносабати   билан”    янги  жойга  бориб  юмшоқ қўниши  – журналистикада  ижод   эркинлиги,  сўз   эркинлигининг   тўла  меъёрда  амалга  ошишига   йўл  қўймаётган   сабаблардандир”.

             Олим  мақоласи  сўнгида  Ўзбекистонда   матбуот  эркинлигига  эришиш   учун  қуйидагича   тизим      яратилиши   кераклигини   айтади.  “… мамлакатимиздаги ҳар  бир  фуқаро – ёшдир,  кексадир,  бошига  бирор  мушкулот  тушганда    «журналист   мени  суянган  тоғим,  мушкулимни   осон қиладиган   балогардоним»  деб  астойдил  ишонсин  ва  шу  ишонч  билан    дадил  яшаверсин.  Шунингдек,  турли  мансабдор  тўралар,  зўравонлар ҳам   ножўя  ишларга қадам қўйишдан  аввал “буни  жырналист  эшитиб  қолса,   нима  бўлади,   элу  юрт  олдида  мени  шарманда  қилса,  нима қиламан?”    деган   андишага  бориб  ҳайиқиб  турсин”.

 О.Шарофиддинов  айтганидек, раҳбарларнинг    элу  юрт  олдида    шарманда  бўлишдан қўрқиб, “буни  журналист  эшитиб  қолса   нима  бўлади”  дейиши ўз   олдига      амалда   демократик   жамият қуришни    мақсад қилиб  олган     мамлакатларда  шаклланиб  улгурган  тизимдир.  Бундай   мамлакатларда   эркин   матбуот   секин  аста   шаклланиб  боради. Афсуски   бизда  бунинг   мутлақо аксини   кўриб  турибмиз.  Совет   даврининг  охирги   йиллари   бизда ҳам  эркин   матбуот   анча   шаклланиб  қолган  эди. Аммо, юқорида   олим  айтиб ўтиб  кетган  тўраваччалар  эркин   матбуот  шу  ҳолатда  ривожланиб  борса, қилган   ва қиладиган    кирдикорлари   фош   бўлишидан   қўрқиб    борини  ҳам   йўқ қилишди.  Озод   ака   айтган   раҳбарлар   турли   лавозимларда   ҳануз    турар  эканлар,  бизда  эркин   матбуот  қачон   бўлади?… ростини   айтсам,  буни мен ҳам билмайман.   Ишқилиб, ўша   кунларни    кўриш бизга  насиб  этсин!

    Носир   Зокир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares