МАДАМИНОВ САЛОЙ ЖАНОБЛАРИ, ҚОЙИЛМАН СИЗГА !

Муборакхон Маматқулова

Ўтган йили берган интервьюларингиздан  бирида  “Бирдамлик” Ҳаракатининг раҳбари Баҳодир Чориевни давлатнинг одами деб атаб,  у  Ўзбекистонга бориб келганини  бу айбловингизнинг исботи сифатида келтирган эдингиз. Халқимизда “Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди” деган мақол бор. Ўзингиз  Ўзбекистон  демократик ҳаракатининг ичидаги давлатнинг одами бўлсангиз керакки, Баҳодир Чориевни ҳам  булғамоқчи бўлгансиз. Сизнинг 20 йилдан ошиқ  даврдан бери олиб бораётган сиёсий фаолиятингизни таҳлил қилган ҳар қандай инсон сиз аслида диктатуранинг энг содиқ малайи эканлигига амин бўлади. Сиз тилда доим диктаторлик тузумига қарши бўлиб, амалда  диктатрорлик тузумига сидқидилдан хизмат қилиб  келгансиз.  Масалан:

1) Ўтган асрнинг  90-йилларида Ўзбекистонда  борган сари кучайиб бораётган  демократик  ҳаракатни парчалаб юбордингиз. Буни Каримовнинг буйруғи билан қилдинигизми, Абдураҳим Пўлатовнинг  обрўсига ҳасад қилиб қилдингизми ёки шуҳратпарастлик орқасида қилдингизми  менга  қоронғу. Буни фақат сиз биласиз. Менимча,  учала фактор ҳам ўз ролини ўйнаган. Нима бўлганда ҳам  сиз  ўз бўлгинчилигиз билан Ўзбекистондаги демократик ҳаракатга кучли зарба бериб  диктаторлик  тузумига беқиёс хизмат қилдингиз.

2)  Ўзбекистон Олий Кенгашининг узоқни кўра оладиган, ватанпарвар  депутатлари Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йил октябридаги сессиясида Каримовни ҳокимиятдан четлатишга ҳаракат қила бошлаганида сиз  яна бир бор Каримовнинг жонига  оро кириб уни қутқариб қолдингиз. Ўшанда сизнинг  иккиюзламачилигингиз туфайли  И. Каримовни  ҳокимиятдан қонуний  йўл билан четлатишнинг сўнги имконияти  қўлдан бой берилди.

3) Ўзбекистондаги  демократик ҳаракатни бўлиб юборганингиз етмагандек, “доно” бошқарувингиз билан  ўзингиз тузган “Эрк” партиясини ҳам учга бўлиниб кетишига олиб келдингиз.

4) Ўтган йили катта дабдаба-ю, баланпарвоз баёнотлар билан тузилган Ўзбекистон Халқ  Ҳаракатини   ҳам  усталик билан парчалаб юбораяпсиз.

Аввал Ҳаракатдан ААТ ташкилоти  чиққан бўлса,  яқинда Ҳазратқул Худойберди ва машҳур журналист Улуғбек Ҳайдаровлар ҳам ЎХҲ дан чиққанларини эълон қилишди.  Ҳазратқул  Худойберди  шу йилнинг 16 январида тайёрлаган   ва интернетда эълон қилган ўз баёнотида  бундай дейди: “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти(ЎИҲХЖ) Ўзбекистон Халқ Ҳаракат(ЎХҲ)ининг фаолиятида иштирок этишни Ҳаракат тузилишининг илк дамларидаёқ бошлади. Қурултойда ЎИҲХЖ томонидан киритилган мўҳим масалалар ЎХҲ Низоми ва Дастуридан жой олдилар. Кейинчалик ЎИҲХЖ вакилининг Ҳаракат раҳбарияти ва умумий фаолияти жараёнида қўшган ҳиссалари кўп ва самарадор бўлди.Хусусан Ҳаракат Раҳбарияти фаолиятини тартибли олиб бориш учун Жамият вакили томонидан киритилган қатор таклифлар, шу жумладан Раҳбариятга “Мувофиқлаштирувчи/Координатор” лавозими киритиш, Ҳаракатнинг Ҳуқуқий масалалар Бўлими, Хавфсизлик масалалари Бўлими ва Махсус Стратегик Марказларини тузиш таклифлари, Ҳуқуқий масалалар Бўлимини ЎИҲХЖ вакили томонидан қисқа муддатда олиб борган самарали ва мўҳим фаолияти, Ҳаракат байроғи, Мурожаатларини тайёрлаш, Ҳаракат фаолиятини кучайтириш ва тарғибот қилишга қаратилган 30дан ошиқ сиёсий ва ҳуқуқий масалалар бўйича мақолалар, Раҳбариятда мажлисларни демократик рўҳда олиб боришга бўлган кўплаб уринишлар ўз вақтида ЎИҲХЖ томонидан Ҳаракат фаолиятини яхшилашга қаратилган мўҳим тадбирларнинг айримлари холос.Аммо Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилиши жараёнидаёқ ЎИҲХЖ вакиллари томонидан бир неча бор кўрсатилган ва кузатилган жиддий камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган ечимлар таклиф этилганига қарамай, афсуски бу таклифлар инобатга олинмади, камчиликлар бартараф этилмади. Аксинча, тузатилмаган камчиликлар секин аста Раҳбариятнинг жиддий ва доимий равишда такрорланадиган хатоларига айланиб қолди.Булар оқибатида Ҳаракатни кучайтириш ишлари орқага кетди, унинг раҳбар ва фаол вакилларини ҳимоя қилиш ишлари жиддий йўлга қўйилмагани боис Ҳаракат ҳам жисмонан, ҳам маънавий йўқотишларга дучор бўлди.Фуад Рўстамхўжаевнинг қурбон берилиши, “Адолат ва Тикланиш” ташкилотининг Ҳаракат сафини тарк этишга мажбур бўлиши, ЎИҲХЖ вакилини ЎҲХ Раҳбарияти бўлмиш Муассислар Мажлисидан чиқиб кетишга мажбур бўлиши ана шу йўқотишларнинг айримлари холос.Ҳаракат Раҳбарияти томонидан йўл қўйилаётган хатолар бу билан тугамади. Раҳбарият вакиллари ва фаолларини Ўзбекистон ҳуқумати айғоқчилари хуружидан ҳимоя қилишга қаратилган чора тадбирлар кўриш ўрнига, узоқ йиллардан бери Ўзбекистон Ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон демократик мухолифатига қарши турли туман фаолиятлар олиб бораётганлиги фош этилган шахслар, бундай айғоқчилар билан ҳамкорлик қилган одамлар (М.Зоҳидов, Ю.Расулов, И.Дадажонов, Д.Худойназаров ва бошқалар) билан ЎХҲ Раҳбарияти яқиндан ҳамкорлик қила бошлади, уларнинг айримлари ҳатто Ҳаракат Раҳбариятига киритилди. Бу нарса охир оқибатда ЎХҲ раҳбариятини кучли инқирозга олиб келишига сабабчи бўлди.Биз, ЎИҲХЖ вакиллари, токи Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларида ва ҳатто унинг раҳбарият органларида юқорида номлари келтирилган шахслар ишлар ёки улар билан ҳамкорлик қилинар экан, биз Ҳаракат сафларида ортиқ қола олмаймиз. Чунки бундай бузғунчи кимсалар билан бир стол атрофида ўтириб бирор бир мўҳим масалани ижобий ҳал қилиб бўлмайди.Ундан ташқари Ҳаракат Раҳбарлигини бошқариш борган сари диктаторлик рўҳини ола бошлагани, унинг раиси ўз партиясидаги бошқарув услубини Ҳаракатга кўчириб, якка ҳолда бошқарув тизимини ўрнатаётгани ҳам демократик ташкилот қабул қила олмайдиган бир ҳолатдир.Ўтган 6 ойлик давр мобайнида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати секин аста Ўзбекистондаги мавжуд мустабид,зўравон ва жиноий тузумга қарши курашувчи энг катта ташкилий бирлашмага айлана бошлаган эди.Аммо мустабид тузум жим ўтирмади ва ўзининг турли туман жиноий усуллари билан Ҳаракатни ичидан емириш учун қаттиқ курашди.Натижада бугун Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ўта оғир аҳволда қолди. Бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулосалар қилиш имконига эга бўлмаган Ҳаракат раҳбарияти ўзининг сўнгги Стокгольм йиғилишида ўз фаолиятини қониқарли деб баҳолади ва бу билан ЎХҲини самарали бошқара олиш қудратига эга эмаслигини очиқ кўрсатди.Юқорида келтирилган сабаблар ЎИҲХЖнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларидаги фаолиятини тўхтатишга мажбур қилаётган шарт шароитлардан мўҳимларидир.Аммо Жамият фаолларининг эзгу ниятлари, ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан ЎХҲ сафларида туриб Ўзбекистондаги мавжуд диктатура режимига қарши курашни собитқадамлик билан охиригача олиб боришдир.Шу сабабдан ЎИҲХЖ президенти ЎХҲ Раҳбарияти сафидаги ўз ўрнидан ўтган йилнинг ноябрь ойида истеъфо берган бўлса ҳам Жамият унинг кўпчилик фаолларининг талаби билан Ҳаракат сафларида қолди. Сабаби, бизда ЎХҲ Раҳбарияти бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулосалар чиқариб олади ва ҳатоларни ўз вақтида тўғрилашга уринади деган умидлар бор эди.Афсуски биз кутган ўзгаришлар Ҳаракат раҳбариятида юз бермади.ЎХҲ олиб бораётган кураш унинг раҳбариятида юзага келган деструктив шароитда муваффақият сари эмас балки мағлубият тарафга қараб оға бошлади. Бундай шароитда Ҳаракат яқин йиллар ичида ўз олдига қўйган улкан мақсадларга эриша олиши дааргумон, Ҳаракат аъзоларини оғир курашга бошлашда зарур бўлган кучли раҳбарлик, қудрат ва матонат каби мўҳим омиллар етишмайди, Раҳбариятда ҳамжиҳатлик, маслаҳат ила бошқарув каби мўҳим факторлар йўқ. Ана шулар сабаб ЎХҲнинг кураши яқин йилларда самарали бўлиши ва бу кураш ғалабага олиб бориши улкан савол остида қолмоқда.Шунинг учун ЎИҲХЖ вакиллари фақат бир ҳолатда Ҳаракат сафларида ўз фаолиятини давом эттира олишлари мумкин. Бу учун Ҳаракат ўзининг фавқулодда Қурултойини чақириши ва у ерда унинг раҳбарияти ёппасига истеъфога чиқиши ва янги раҳбарият демократик сайловлар йўли билан сайланиши керак.Янги сайланажак Ҳаракат раҳбарияти ўзидан олдинги раҳбарият камчиликлари ва хатоларини чуқур таҳлил қилиб, уларни қайта такрорланмаслиги чораларини ишлаб чиқиши лозим.Ҳаракатга раҳбарлик Коллегиал усулда ёки маъсулиятни теппа тенг бўлиб олган уч раисдош бошқаруви кўринишида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир.Бир пайтлар Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати айнан ана шундай демократик бошқарув услубини қўллаганлиги учун ҳам унинг қудрати буюк ва сафлари жипслашган улкан ҳаракат эди. Кейинчалик уни бошқариш яккаҳокимлик шаклини олгач бу ҳаракатнинг инқирозга юз тутгани барчага аён бўлган фактдир.ЎХҲ фаолияти давомида диний фикрлар, ғоялар, ҳадисларни сиёсатдан ажратиш ва уларни сиёсий муаммоларни ечиш жараёнига аралаштирмаслик масаласи ҳам Фавқулодда ўтказиладиган Қурултойда жиддий кўриб чиқилиши лозим. Ўзбекистон кўп миллатли, турли диний оқимлар ва гуруҳларга бой бир давлатдир.Фақат демократик кураш билангина мамлакатдаги оғир сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш мумкин. Бу давр ва замон талабидир.Аммо афсуски, Ҳаракат Низомига “демократик қадриятлар” сўзи ҳам кўпчилик диний фикрловчиларнинг талаблари билан киритилмади. Бу хато ҳам ўз вақтида, Фавқулодда Қурултойда тузатилиши лозим бўлган масаладир.Ҳаракат Раҳбарияти вакили бўлган шахслардан бирининг Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларига даъват қилиши ҳам хато қадамдир. ЎИҲни ЎХҲ сафларига таклиф қилиниши учун ЎИҲ аввало демократик қадриятларни тан олиши керак. Ҳолбуки улар Ўзбекистонда халифат ўрнатиш тарафдори эканлигини кўпчилик билади. Бунга кўз юмиб ЎИҲини ЎХҲ сафларига даъват қилиш ЎХҲ раҳбарларининг тузатиши лозим бўлган хатоларидан биридир.
Юқорида санаб ўтилган шартлар бажарилиши кафолатланса ЎИҲХЖ вакиллари ЎХҲ сафларида ўз фаолиятларини давом эттиришлари ва Ҳаракатни қайтадан, кучлироқ кўринишда оёққа турғазиш, уни янада кучайтириш ишларида фаол иштирок этишлари мумкин
”.

Шу йилнинг 4 февралида эса Ҳазратқул Худойберди интернетда қуйидаги  баёнотнома билан ЎХҲдан чиққани  маълум қилди: “Орадан 18 кун ўтгач Ҳаракат Раҳбарияти бу Баёнотга жиддий жавоб бериш ва йўл қўйилган хатолар бўйича жиддий ишлаш ўрнига бизнинг Жамиятнинг айрим фаолларини ўз тарафига оғдириб олиб улар билан бирга ишлашни лозим кўришибди. Уларнинг ишларига омад. Вақт ҳар доим ҳакамдир. Маълум муддат ўтиши билан ким ноҳақ, ким ҳақлигини у барибир кўрсатади. Бу Баёнот бошқаларга сабоқ бўлсин деб чоп этилди.Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Раҳбариятининг менинг бу Баёнотимга ҳеч қандай муносабат билдирмаслиги аниқ бўлгани ҳамда бу раҳбарлар билан бирга ишлаб бўлмаслиги ҳам аниқ бўлгаанлиги учун мен бугундан эътиборан Ҳаракатдаги ўз фаолиятимни тамоман тўхтатаман.

Кўриниб турибдики. шу яқин йилларда сиз   ЎХҲ ни  ҳам “Эрк”ка ўхшатиб қоғозда бору, амалда йўқ   ҳаракатга айлантирасиз. Ўзбекистондаги демократик ҳаракатига  оғир зарбалар бериб, диктатуранинг мустаҳкамланишига  тинмай хизмат қилиб турган ҳолатингизда Баҳодир Чориевни  “давлатнинг одами”  деб аташингиз, тўғрироғи унга туҳмат қилишингиз  аслида безбетлик ва иккиюзламачиликда  тенги йўқ сиёсатчи эканлигингизни кўрсатиб турибди.  Қойилман сизга,  Мадаминов Салой жаноблари !

 

 

Муборакхон  Маматқулова

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares