ҚИШЛОҚ ҲАЁТИДАН ЛАВҲАЛАР

Мен  Тўрақўрғон  туманининг Бордимкўл  қишлоғида  истиқомат қиламан. Ҳозирги пайтда қишлоғимизда умуман  газ  йўқ. Электр токи  ҳам  тез-тез ўчиб турарди. Биз қишлоғимиз  оқсоқоллар билан  Наманган  электор  тармоғи  идорасига норозилик  билдириб, мурожаат этгандик. Агар илгари суткасига бир- икки соат свет ёнган бўлса,  мурожаатимиздан  кейин электр энергияси кунига 4-5 соат  ўчаяпти, холос.

Бизда одамлар  ўз ҳақ-ҳуқуқларини  билмайдилар.  «Барибир ҳеч нарса ўзгармайди» деган нотўғри фикр кўпчилигимизнинг онгимизга сингиб кетган. Аслида  қонунларимиз  бўйича ҳар  бир фуқаро  мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида фаол қатнашиши даркор. Фуқаролар коммунал  соҳадами ёки бошқа соҳадами ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилса, албатта тегишли идораларга мурожаат этишга ҳақлидурлар.

Яна  бир  мисол  келтирай. Ўтган  йили  «Бирдамлик» Халқ ҳаракати  Тошкентда тадбир  ўтказадиган  бўлди. Бизнинг  вилоятдан  бу тадбирда  қатнашадиганлар  орасида  мен  йўқ  эдим. Чунки  тирикчилик  сабаб Ангренга  боришим  керак эди. Милиция участка нозири келиб,  паспортимни  текшириш  учун  олди. Ва  ўн беш кун давомида турли  сабаблар  билан  паспортимни қайтариб  бермади. 

У  билан  қонун  йўлида  гаплашиб  кўрмоқчи  бўлдим. Агар  қонунни ҳам назар-писанд қилмайдиган  бўлса,  халқаро  жамоатчиликка  мурожаат  қилмоқчи  эдим. Олдига  бориб: «Сиз  аслида  қонунни  ҳимоя қилишингиз  керак, лекин қонунларимизга  зид  равишда  паспортимни  олиб қўйиб, ўн  беш  кундан  бери  бермай  юрибсиз.  Аслида  бунга  сизнинг  ҳаққингиз  йўқ. Мен  прокуратурага  сизнинг  устингизда  шикоят  ёздим. Энди  ўзингиздан  кўринг», дедим. Ишонасизми, у дарров  менга  яхши гапира  бошлади  ва паспортимни  қайтариб  берди.

Хўш ,  у нега  бундай қилди? Гап  шундаки, ҳозир  бирор бир  раҳбар  ўз  ходимига  ноқонуний  буйруқ  беради, айтайлик, эртага  у  раҳбардан  юқорида ўтирганларнинг   сиёсати ўзгариб  қолди. Буйруқ берган  раҳбар,  буйруқ  берганини  тан  олмай, ўз  ходимини чоҳга  итариб  юбориши  мумкин.  Ҳозир  шундай  бўлиб  қолган.

Энди,  эътиборингизни  қишлоқлардаги  яна  бир  муаммога  қаратмоқчиман. Мен  бир нарсага ҳайрон қоламан, қишлоқ  фуқаролар йиғини  раиси ҳар куни мажлисда. Ҳатто  туман  марказида бир  кунда икки  маротаба йиғилиш  бўлади. Билмадим, булар бунча нимани муҳокама  қилади? Буни ҳеч  ким билмайди. Яхши томонга ўзгариш  эса деярли  йўқ.  Тўғри, мажлисбозлик илгари,  совет даврида ҳам бўларди. Лекин бундай  мажлисбозликларни  фош этувчи  фельетонлар, мақолалар ҳам матбуотда чиқиб турарди. Ҳозир эса  ОАВларида бундай  танқидий нарсаларни  умуман  кўрмайсиз. Қишлоқ  фуқаролар  йиғини  раислари  халқнинг  муаммоларини  юқорига  етказадиган  эмас,  балки  юқорининг  буйруғини  халққа  еказувчи  ва  у буйруқларни   сўзсиз  бажарувчи  амалдорларга  айланиб  қолишган.

Кундузи  электр токи  йўқ,  иш  йўқ. Ўспирин  ёшларнинг  ҳаммаси  кўчада  тўпланиб олиб, маза-бемаза,  кераксиз  нарсаларни  муҳокама  этиш  билан  банд. Оқибатда  қишлоқларда  ўғирлик ҳолатлари кўпайиб  кетмоқда.  Болалар китоб  ўқимай қўйган.  Кимнингдир  ўғли,  кимнингдир  акаси  Россия  ёки Қозоғистонда  мардикорчилик  қилаётган  бўлса,  бутун  оила  ўшани  ойда  бир марта  жўнатадиган  пулини  кутиб  юраверади. Хуллас, гапирса гап жуда кўп. Қишлоқларимиздаги вазият бугун  ана шундай ҳолатга келиб қолган.

Адҳам  Отабоев,

«Бирдамлик»  Халқ Ҳаракатининг Тўрақўрғон  тумани бўлими  раиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares