ЭЛЕКТР КОРХОНАСИГА АҲОЛИНИНГ АРЗИ

Бугун Самарқанд вилояти Жомбой туманинг Ҳалвойи қишлоғида яшовчи аҳолининг юраги тилка пора бўлмоқда. Мазкур қишлоқдаги электр подстанция қурилмаси анча йиллар олдин қурилган бўлиб, ҳозирги пайтда у анча эскириб қолган. Ҳозир у жудаям носоз, ачинарли аҳволда.

Қишлоқ аҳолиси бир неча марта пул йиғиб, уни тузатишни электр корхонаси ишчиларидан илтимос қилишга (албатта пул эвазига) уриниб кўришди. Аммо, у барибир носозлигича қолди. Қишлоқ аҳолиси орқага чекинмасдан, белларини маҳкам бойлаб яна пул йиғишди. Яна электр корхонасига подстанцияни тузатишни илтимос қилиб сўрашдилар. Бироқ  фойдаси бўлмади.

Маҳалла қўмитаси раисига ҳам  арз қилишди, илтимос қилишди, барибир фойдаси бўлмади. Охир-оқибатда ўзлари енг шимариб, электриклик қилишди. Симларни алмаштириб, токка уланиб ҳам олишди.

Лекин барибир электр корхонасидагилар токни ўчириб, ёқишдан ҳеч чарчамаяптилар. Ҳар ярим соатда уч марта электр токи ёниб, ўчади. Бунинг натижасида фарзандларимиз дарсни шам ёруғлигида қилишмоқда.

Биз дунёдаги ўзгаришлардан бехабар қолсак хам,  кундузи бизга худо ёруғлик беради, шунинг учун худога шукур қиламиз. Мана уч йилдирки, битта ҳолатни кузатиб келамиз. Энг азиз рамазон ойида айни ифтор вақтида электр токини ўчириб қўйишади, ноинсофлар.

Нега электр корхонаси ходимлари йўқ светга пул йиғиш учун кўчама-кўча юришдан чарчашмайди, ундан кўра подстанция қурилмасини текширса, яхшироқ бўлармиди? Бу аҳвол қачонгача давом этади? Бундай аҳволда биз яна қанча яшашимиз керак?  Ахир неча маротаба пул йиғишимизни сўрадингиз, биз бу пулни йиғиб бердик. Айтинг, бизни электр токи билан доимий таъминлашингиз учун яна нима қилишимиз, керак?

Зарифа Мирзаева.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares