ЎЗБЕКИСТОН ПРОКУРАТУРАСИ: “ГЎДАКЛАРНИ БОШПАНАСИЗ ҚОЛДИРИШНИНГ БАҲОСИ 500 ДОЛЛАР!”

Хабарингиз бўлса, “Бирдамлик” сайтида “… Самарқанд туман прокурор ўринбосари Алишер Шамсиев: “Оила” йилида Каримов  истаган аёлига уйланиши мумкин, ҳоҳласа, ўнтагача хотин олиш ҳуқуқига эга”, сарлоҳаси остидаги   бир мақола эълон қилинганди.

Мазкур мақолада   фуқаро Жамшид Каримов қонуний рафиқаси Зебо Ҳамдамовани икки боласи билан ташлаб, болаларни модддий таъминлашдан қочиб, биринчи хотини билан қонуний ажрасмасдан туриб, иккинчи бор уйланаётганлиги ҳақида гап боради. Эрининг ноҳақликларига дош бера олмаган Зебо Ҳамдамова “Эрим Ж. Каримов мен билан қонуний никоҳдан ўтган. Никоҳимизни бекор қилмасдан туриб, у иккинчи бор уйланмоқда. Қўшхотинлик жиноятини содир этмоқда” деган иддао билан  бошпанасиз қолаётган норасидаларининг тақдиридан қайғуриб, дард-алам билан Самарқанд туман прокуратурасининг эшигини қоққанди. Фуқаро З. Ҳамдамованинг аризасини қабул қилиб олмаган туман прокурор ўринбоосари Алишер Шамсиев, аризачига қарата: “КАРИМОВ истаган аёлига уйланиши мумкин, агар истаса, ўн маротаба  хотин олиш ҳуқуқига эга” дея нописанд пичинг қилиб, аёлни ноумид қайтарганлиги ҳам мазкур мақолада баён этилганди.

Эр-хотин ўртасидаги оилавий мажора баҳона-ю сабаб айни кунларда Ўзбекистонда бошпанасиз, алиментсиз қолаётган тирик етим гўдакларнинг баҳоси, нархи – навоси бор-йўғи 500 АҚШ доллари эканлиги маълум бўлди-қолди.

Гап шундаки, Зебо Ҳамдамова 23 январь куни икки норасидасини опичлаганча бебош эри Жамшид Каримовнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан арз қилиб, Самарқанд туман прокуратурасига нажот истаб келганди. Бироқ, туман прокурор ўринбосари  Алишер Шамсиев фуқаро Зебо Ҳамдамованинг шикоят аризасини қабул қилмай, ноумид ортига қайтарди.

Бироқ, аризачи кетгач, Алишер Шамсиевнинг тинчи йўқолди. У бир муштипар аёлни ноумид қайтарганлиги учун безовта бўлмаётганди. Аксинча, катта бир ўлжа тумшуғининг тагига ўз оёғи билан келганига бетоқат бўлаётганди.  Тўғри-да, кимсан, туман прокурор ўринбосари ҳукумат бераётган  арзимаган  уч юз, тўрт юз минг сўмлик маошга қаноат қилиб ўтирсинми?

Россия шаҳрида тер тўкиб, тўрт танга топиб келган маблағи эвазига икки хотинлик бўлишни ихтиёр этган  бойвачча Каримов Жамшиднинг ҳамёнини қоқиб олиш истаги  прокурор ўринбосари Алишер Шамсиевга тинчлик бермай қўйди.

Алишер Шамсиев худди ана шу ғараз мақсади йўлида гарчи фуқаро Ҳамдамова Зебонинг шикоят аризасини қабул қилиб олмаган,  унинг номасини шикоят ва аризалар рўйхатида қайд этмаган бўлса-да, қўл остидаги югурдакларига шу куниёқ зудлик билан Жамшид Каримовни топиб келиш борасида фатво берди.

Икки норасидасини опичлаган жабирдийда жувон ҳали уйи остонасига етмасиданоқ,  унинг бебош эри   Жамшид Каримов ўз онаси билан участка нозири кузатувида Самарқанд туман прокурор ўринбосари Алишер Шамсиев ҳузурига кириб келди.

Ҳаа-а, бу қонун посбонлари жуда пихини ёрган, фуқарони қўрқитиш йўли билан шилишнинг ҳаддини кўўў-п олган уддабурролардан.

Алишер Шамсиев прокурорларга хос ўзининг азалий тактикаси – ҳужум операциясига ўтди.

–          Ҳов, сен бола? Нима, сенга шаҳар бедарвозами? Нега қонуний никоҳдан ажрашмасдан туриб, икки болани бошпанасиз қолдириб, кўнглинг яна қиз истаб қолди?! Мен сенга хотин устига  хотин олишни кўрсатиб қўяман. Ёш хотиннинг қўйнида эмас, совуқ камерада кўрасан ўзингни!  Жиноят содир қилаётганингни биласанми? – Жамшидга қараб ўшқирди А. Шамсиев важоҳатли қиёфага кириб. Шу тобда унинг артистлигини бир кўрсангиз эди! Эссиз шундай иқтидор! Алишер адашиб, бекорга прокурор бўлиб қолган экан. Санъаткор бўлганида борми, то шу чоққа қадар  бундай  ажойиб  қобилияти билан барча актёрларнинг нонини яримта қилган,  уларни доғда қолдириб, аллақачонлар “Ўзбекистон Халқ артисти” унвонига мушарраф бўлган бўларди-я! Прокуратура идорасининг тор хонасида увол кетди-я, шундай истеъдод, увол!

Якка-ю ёлғиз фарзанди Жамшиджоннинг  қамалиб кетиши мумкинлигини эшитган онаизор прокурорнинг дағдағасидан бехуш бўлиб, йиқилди.

–          Биздаги маълумотларга қараганда, эртага, 24 январь куни тўй эмиш, ёр-ёр эмиш? Шундайми? Бор, аввал ишларингни қонунийлаштириб ол! Болаларга пошпана, уй-жой  қилиб қўй, алиментини тўлаб қўй, ундан кейин, тўрт томонинг қибла. Тушундингми? Акс ҳолда ўзингдан ўпкала, бола!!! Бор!, – керилди Шамсиев  кауёвтўрага синчков назар ташларкан.

Самарқанд туман прокуратурасининг биносидан сувга тушган нондек бўшашиб чиққан она-боланинг -куёвтуранинг боши қотиб қолди. Бу ёқда иккинчи келин учун анчагина  чиқим қилиб қўйилган. Тўй куни ҳам аниқ. Таклифномалар тарқатилган. Тўйхонагаям “залог” берилган. Ҳаммаси тахт бўлиб турганида прокурорнинг пўписаси уларнинг кўнглига ғулғула солиб қўйганди.  Минг бир ўйни ўйлаб, тубсиз дарё бўйлаб, она-ўғил адвокта олишга бел боғлашди. Адвокат дегани қахатми? Жийда дарахтининг баригдан кўп, ҳар қадамда тутдек тўкилиб ётибди. Йўқ, она-ўғил узоқ овора бўлишмади. Ҳа деганда адвокат ҳам топилиб қолди денг.

Жамшиднинг сўзларини диққат билан тинглаган адвокат мийиғида кулди:

–          Чиқимидан қочмасангиз бўлди, укам. “Қаловини топсангиз, қор ҳам ёнади!”.

Сиз биласизми, йўқми, Ўбекистондаги адвокатларнинг аксарияти даллолликни касб қилишган. Шунинг учун ҳам мамлакатда адвокат сўзининг янги синоними пайдо бўлган: адвокат-даллол.  Яъниким, аксарият адвокат-даллоллар қозилар, прокурорлар, умуман, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан жиноятчилар, жавобгарлар, айбланувчи-ю жабрдийдалар ўртасида даллоллик қилишдан ўзгасига ярамайди!

Ж. Каримов ва З. Хамдамованинг оилавий низо масаласида ҳам шундай бўлди.

Аввалдан туман прокуратурасидагилар билан салом-алиги қуюқ-суюқ эмасми, адвокат А. Шамсиев билан кўп қийналмай, тезгина тил топишди.

Даллоллик битимига кўра, прокуратура Ж. Каримовнинг кўп хотинлик жиноятини  500 ( беш юз) доллар эвазига ёпди-ёпди қиладиган бўлди.

Бу келишув Жамшидга ҳам, онасига ҳам сариёғдек ёқиб тушди. Рости-да!  Икки норасидани, “ёзувчи” келини Зебо Ҳамдамовани ўй-жой билан таъминлаш, икки нафар гўдакга нақд 18 йил алимент тўлаш қайда-ю, 500 доллар қайда?! Айни дамда уйларнинг нархи осмонда бўлса. Она-бола Россия-ю азимда умр бўйи ишлашса ҳам, Самарқанддан бошпана олиш учун  соққалариям, қурблариям етмай кетиши аниқ. Шу сабаб насия кимга керак, нақди яхши-да.  Жамшид билан онаси қувончдан юраклари қоқ ёрилгудек бўлиб даллол – адвокатга “беш юз боғ карам”ни қуртдек санаб беришди.

Ҳа, нима бўпти?! Бундан бир неча йил олдин Жиззах вилоятининг Жиззах туман  прокурори вазифасини адо этаётган Шамсиевлар сулоласининг  вакилларидан бири қотиллик жиноатини ёпди-ёпди қилиш учун 50 минг АҚШ долллари талаб қилганида, Шамсиевлар сулоласининг ёш вакилларидан яна бири икки хотинлик жиноятини беркитиш, ҳақиқатдан кўз юмиб,  икки гўдакни бошпанасиз қолдириш  учун норасидаларнинг отасидан бор йўғи 500 доллар олса, олибди-да! Осмон узилиб ерга тушармиди?! Жабирдийда бу гўдакларнинг ҳали тили, оёғи чиқмаган бўлса. Нима, улар Шамсиев  ҳуқуқимни  паймол қилди, дея юқори идорага арз қилиб борармиди, бора олармиди? Иштонини ҳўллаб ўтирган бу гўдаклар эсини таниб, то оёққа тургунига қадар, эҳ-ҳи, қанча қовун пишиғи бор! То унгача Худо подшоҳ-да!

Ана энди якка-ю ягона фарзанди Жамшиджонни иккинчи бор қайта уйлаган қудахоланинг тили ўн қулоч: “Ҳой, айланайлар, пулинг бўлса, чангалда  шўрва-экад-да-а?!!! Мана, келинимиз Зебохон ёз-чиз қила-қила, қўлидан нима келди?! Беобру бўлгани қолди. Бу қози, прокурор деганларининг ҳам томоғи, жиғилдони боракан-ку. Бўлди-да. Томоғи бор жонзот бер,  ютаман деркан. Бу дағдаға-ю пўписаларнинг давоси Америқонинг беш юз сўми экан-ку, билиб ҳам олдик. Ўлмаган қул кўраверар экан, билаверар экан-да-а, ургулайлар?! Ҳа, шу улгурларнинг тешик тамоғи таққиллаб тураверсин экан. Мана, шуларнинг шарофати билан тўйниям вадаванг қилиб ўтказиб олдик!” дея тўртта бош қўшилди  дегунча қудахоламиз  оғзи кўпириб, мақтангани-мақтанган. “Гапнинг оёғи бор” деганлари рост. Кошки гап ётса, бир жойда турса экан.

Юқоридаги мажоралар баҳона-ю сабаб, биз бир нарсага, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибод органлари, қонун идоралари, прокуратура ходимлари  бошпанасиз қолаётган норасидаларнинг келажагини, тақдирини кўп эмас, оз эмас, 500 АҚШ долларига пуллар экан, ана шунга амин бўлдик.  Эсиз, “Фарзандларимиз биздан кўра кўра кучли, биздан кўра билимли ва биздан кўра албатта бахтли бўлиши керак!” ( цитатада адашган бўлсам, узр) деган  “ЮРТ ОТАСИНИНГ”  оташин шиорлари қаерда қолдийкин? Наҳот, Ўзбекистонда болалар тақдири, ёш авлод эртаси, келажаги прокурорлар томонидан савдо растасига қўйилса? Эсиз…

Орзигул ХУДОЁРОВА

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares