
Юқори лавозимдаги мансабдорларнинг зўравонлигини бугун ҳамма яхши билади. Турли йиғилишларда ҳокимлар фермерлар ва бошқа ташкилотлар раҳбарларини кўпчиликнинг олдида ота-онаси, бола-чақасини сўкиб, ҳақоратлаши, керак бўлса, ҳатто оғзи бурнини қонатгунча уриши деярли ҳар бир вилоят, шаҳар ёки туманда учрайди. Қисқаси, ҳозирги пайтда қўл остидаги инсонларни хўрлаш ҳар бир ҳокимининг кундалик юмушига айланиб қолган.
Сўкиш эшитиб, калтак еган бечоралар эса ҳокимларга гап қайтара олмайдилар. Сабаби ҳар бир ҳоким йиғилишга прокурор ва ички ишлар бошқармаси бошлиғини ҳам олиб келади. Кимдир норозилик билдиргудек бўлса, ҳоким ёнида ўтирган прокурор ёки ички ишлар бошқармаси бошлиғига қараб, “Ушла буни, қамаб қўй”, деб бақиради. Шу билан тамом.
Ҳокимларнинг бундай ноқонуний ишларига гувоҳ бўлиб ўтирган бўлса ҳам, қонун посбонлари унга нисбатан чора кўрмайди, уни жазоламайди. Аслида бундай ишлар янада юқорироқда ҳам бўлаётгани ҳақида маълумотлар талайгина. Фақат бу воқеалар чет эл матбуотидан ташқари, маҳаллий матбуотда умуман ёритилмайди.
Хайрият, ана шу бўшлиқни «Даракчи» газетасида ишлаётган укаларимиз тўлдирибдилар. Хурсанд бўлдик. Чунки биз икки оғиз бўлса-да ҳақиқатни ёзган ижодкорни қўллаб-қувватлаймиз. Асосийси ушбу газетанинг 26- январ сонида чоп этилган «Ҳоким еган «ҳолва»лар деб номланган мақолани оддий журналист Амрулла Ҳикмат ёзган. Унда ёзилишича, ҳокимлар энди милиция ходимларини ҳам калтаклаш, ҳақорат қилишни ўзларига эр кўришмоқда.
Мақолада бу зўравонликларнинг асл сабаблари тўлиқ ёритилмаган. Лекин ҳозирги шароитда бир ҳокимнинг зўравонлиги, порахўрлиги гарчанд ҳоким жиноий жавобгарликка тортилганидан кейин ёритилган бўлса ҳам ижодкорларга ташаккур айтамиз.
Ушбу мақолада Сурхондарё вилоятининг Денов туманига 2004-2010 йиллар мобайнида ҳокимлик қилган Абдусамат Ҳожиқуловнинг жиноятлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Ҳокимнинг жияни Б.Абдураимовни қонунни бузганлиги учун, машинасини олиб қўйиб, уни устидан ҳужжат тайёрлагани, милиция ходими А.Ҳожиевга жуда қимматга тушди. Ўшанда ҳокимнинг жияни «Сенга ҳали ҳокимнинг жиянини жазолашни кўрсатиб қўяман», деб дағ-даға қилган эди. Кўрсатиб қўйди, ҳам.
Ҳоким қонун посбонини кабинетига чақириб, ҳамкасбларининг олдида уни оғзи бурни қонагунча росса урган эди. Милиция ходимининг шу хусусдаги арзи республика ички ишлар вазирлигида ўтирганларнинг ҳам иззат-нафсига теккан, шекили. Уларнинг ҳаракатлари туфайли бўлса керак, ҳоким А.Ҳожиқулов қилмишлари учун ҳибсга олинади.
Қизиғи шундаки, ҳоким қамалгач, унинг калтагини еб, ҳақоратини эшитганларнинг барчаси терговга ўз хоҳишлари билан келиб, унга қарши кўрсатма бера бошлайдилар. Тергов жараёнида ҳокимнинг порахўрлиги ҳам очилиб кетади. Ҳоким олдига ишини битириш учун келганлардан бир миллион сўмдан минг АҚШ долларигача пора талаб қилган.
Масалан, ишбилармонлик билан шуғулланиб келган А.Ҳайитовни янги қурилган бозорга директор этиб тайинлаш учун ҳоким ундан 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора олади. Порани бериб, иши битмаганлар қанча. Аслида бундай воқеани мамлакатни хоҳлаган вилояти, туманида учратишингиз мумкин.
Бундан беш-олти йил олдин менга бир воқеани айтиб беришган эди. Наманган туманида бўлиб ўтган бир йиғилишда марказдан келган амалдорлар залда ўтирган фермерларни, маҳаллий ҳокимларни ёзиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, сўкадилар. Ҳокимлар ҳам жим, бошқалар ҳам жим. Шу пайт кутилмаганда 50 ёшлардаги бир аёл ўрнидан туради-да, ўтирганларга қараб, “Сенларнинг бола-чақанг борми? Сенлар ўзи эркакмисанлар? Қилмаган гуноҳларинг учун, шунча ҳақоратни эшитиб, жим ўтираверасанларми? Сенларнинг белингда белбоғ бўлмаса, мана менда бор” деб айтади. Қарашса, ҳалиги юқоридан келганлар йўқ эмиш. Қочиб кетишибди.
Бунақа қаршиликлар яна давом этиши мумкин. Чунки қурбақани ҳадеб босаверсангиз, охири вақиллайди-да. Менимча, бу ишларнинг охири яхшилик билан тугамайди. Ҳақоратлаш, калтаклаш энди милиция ходимларигача етиб келдими, энди бунга қарши ўша ҳуқуқ- тартибот органлари ходимларининг ўзлари омма ёрдамида қарши курашишлари керак. Лекин ҳозирча уларда бундай ҳуқуқ йўқ. Сабаби, ҳуқуқ- тартибот органлари жилови ҳалигача ҳокимларнинг қўлида.
Тўғри, қонунларда бу нарсалар кўрсатилмаган. Лекин бу тизим 20 йил давомида норасмий равишда шаклланиб улгурди. Агар бу ҳолат яна давом этаверса, келажакда юқоридаги воқеалардан баттарларини кўришимиз мумкин.
Ҳозирги кунда қонунда белгиланмаган бўлса ҳам, ҳокимлар милиция ва прокуратура ходимларини оғзаки буйруқ билан хоҳлаган ишларига аралаштираяптилар. Оқибатда, аслида қонунларга буйсуниши лозим бўлган хуқуқ-тартибот органлари хщодимлари ҳокимларни хизматкорига айланиб қолмоқда. Бундай тизим демократик жараёнларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади.
Ҳалигача, мамлакатимизда милиция ҳақида қонун қабул қилинмаган. Аслида қонун бўлиши керак. Ва улар ҳокимларнинг эмас, фақат қонунга буйсунишлари лозим. Ҳоким жиноят қилдими, уни ҳам жазоласинлар. Ҳокимларнинг кирдикорлари юқоридан буйруқ берилгандан кейингина фош этилиб, жазоланиши керак эмас. Уларнинг жиноятини ҳуқуқ тартибот органлари вақтида аниклаб, айбдорлар ўз қилмишларига яраша жазоланишлари керак.
Ҳар ҳолда бугун раҳбарлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштираяпмиз, деб бонг уришаяпти, агар бу гаплар рост бўлса, қонун устиворлигини таъминлаш тизимига ўтишдан бошқа йўлимиз йўқ.
Носир Зокир.



