
Бугунги кунда Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туман марказларига келсангиз, “Матлубот савдо”га қарашли дўконлар ва тижорат дўконларида нарх – навонинг бир хил эканлигига гувоҳ бўласиз. Бироқ қишлоқларда жойлашган дўконлардаги нарх-наво анча юқори. Умуман, шаҳар ва қишлоқлардаги дўконлардаги нарх-навони таққосласангиз, тафовут анча катталигини кўрасиз.
Мана, масалан, шаҳар бозорларидаги дўконларда сотилаётган гуручнинг 1 килограмми 3 минг сўмгача турса, қишлоқларда бу нарх 4 ярим минг сўмни ташкил этади. Ёки шакарни олайлик. Шакарнинг бир килограммини шаҳарликлар 4 минг сўмга харид қилишса, қишлоқликлар бунинг учун 5 минг сўм сарфлашга мажбур.
Негадир, шаҳарда 5 килограмм ёғни 22 минг сўмга харид қилсангиз, қищлоқ дўконларида бу нарх 25 сўм. Нима учун шаҳар ва қишлоқлардаги нарх-наво бунчалик фарқ қилади? Ахир харидорнинг танлаш ҳуқуқи борку, десангиз, қаттиқ янглишасиз. Чунки қишлоқлардаги матлубот савдо дўконларидаги озиқ –овқат маҳсулотлари, бошка нарсалар пластик карточкага ва болаларнинг нафақа пулларига мажбурий равишда сотилади.
Зарур бўлса қарзга хам берилади, ишсиз, пулсиз бўлган одамлар савдо қилгандан кейин ёзда аста-секин қарзларини тўлашади. Cавдо ходимларига эса фарқи йўқ. Мол давлатники, пул давлатники. Тижорат дўконларида эса сотувчи маҳсулотларни камдан-кам ҳолларда қарзга беради. У пулининг фойда келтиришидан манфаатдор.
Хўш, бу аҳволни ким назорат қилади? Биласизми, буни текширадиган ташкилотлар қоғозда жуда кўп, аммо бундай тафовут билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Оддий халқ эса барчасига шукур қилиб юраверади. Ахир биз шунга ўрганганмиз-да!
Клара ЖЎРАЕВА, “БИРДАМЛИК”. Самарқанд.