“ИЖОДНИ АНГЛАШ БАХТИ”

Носир Зокир

7-8 йилдан бери битта газета дўконидан футболга оид газеталарни харид қилиб тураман. Бу ерда фақат газеталар эмас,  балки сотилмай туриб қолган эски китоблар, турли рисолалар ҳам сотилади. Газета дўконининг одамлар кўзи тушадиган пештоқида айнан мустақиллик йиллари чоп этилган рисолалар, китоблар териб қўйилган. Уларнинг деярли ҳаммасини варақлаб чиққанман. Лекин харид қилмаганман. Сабабини ўзингиз яхши тушунсангиз керак.

Дўконнинг юқори пештоқида эса, эски газеталар орасида бир қалингина китобнинг ярми кўриниб туради. Ҳар сафар дўконга келганимда шу китобга бир қараб қўяман. Адашмасам, бу китоб ҳам 6-7 йилдан  бери айнан шу жойда турибди. Яқинда сотувчи акамиздан шу китобни кўрсатишини сўрадим. “Олинг ака, бу китобда айнан сизбоп нарсалар бор”, деди сотувчи менга узатаётиб. Қарасам, 637 бетдан иборат бу китоб, таниқли танқидшунос олим,  Ўзбекистон қаҳрамони, марҳум Озод Шарофиддиновни «Ижодни англаш бахти» номли китоби экан.

Варақлаб кўрсам, китобга раҳматли Озод аканинг мустақилликкача ва ундан кейин ёзган мақолалари, шунингдек эсдаликлари ва турли мавзудаги асарлари киритилган. Китоб 2004 йили «Шарқ» нашриёти томонидан чоп этилган. Китобни олибоқ, тахминан қайсидир саҳифасини очдим. Ногоҳ, Озод аканинг драматург Комил Яшиннинг шоир Чўлпонни оқланишига қарши чиққани ҳақидаги фикрларига кўзим тушди. Нархини сўрадим. 3 ярим минг сўм экан.

Дарҳол дўконнинг пастроқдаги пештоқида ҳаммага кўринадиган жойида турган китобларнинг нархини ҳам сўрадим. Китобларнинг нархи ҳар хил, бири 7 минг, яна бири 13 минг сўм. Ёнимда турган зиёли бир йигит “Ака, мен сизни яхши танийман. Одамлар мустақиллик йиллари чоп этилган китобларни, “фақат қуруқ мақтовдан иборат, савиясиз китоблар”, деб олишмайди. Лекин сиз айнан шу китобни харид қилинг. Сиз билан биз бехабар бўлган анчагина нарсалар бор, унда”, деди. Уйга келибоқ, умр йўлдошимнинг бетоблигига қарамай дарров китобни варақлай бошладим.

Китобнинг биринчи варағини очибоқ, масъул муҳаррир Умарали Норматов эканига, тақризчилар орасида эса Абдулла Ориповнинг  номига кўзим тушди. Кечагина бири социалистик реализмни тарғиб қилган, иккинчиси “Ленин бобо” ҳақида шеърлар ёзган, бугун эса мустақилликни шарафлаётган кишиларни бу китобни чоп этилишига аралашгани чакки бўлибди-да, дедим ичимда.

Тўғри, О.Шарофиддинов ҳам мустақиллик даврида, баъзи сабабларга кўра ҳамду сано сўзларини айтгани рост. Лекин мен биламанки, у киши ҳозирги кўплаб ижодкорлар сингари фақат ҳукуматни олқишлаб асарлар ёзмаган. Бу инсон қандайдир юқор мансабнинг ортидан қувмасдан, ўзидан, келажак авлод ҳам ўқиб, кўп нарсаларни ўрганиши мумкин бўлган, ўлмас асарлар қолдирди.

Озод Шарофиддинов «Жаҳон адабиёти» журналини ташкил қилди. Кўпчилик «ичувчи» деб қоралаган, ишсиз юрган буюк шоирларимиздан бири Рауф Парфини иш билан таъминлади. Биргина Рауф ака раҳматли ҳақли равишда Ўзбекистон халқ  шоири унвонига сазовор бўлди. Яна бир муҳим жиҳати,  700 минг нафар ўзбек коммунистлари ичида биргина О.Шарофиддинов совет давридаги ишлари учун халқдан узр сўради. Бу ўша давр учун тарихий катта жасорат эди. Ҳозирги кунда у киши ўқитиб тарбиялаган ўнлаб олимлар, журналистлар Ватанимизда ва дунёнинг турли бурчакларида ижод қилиб, ўз юртларида демократик жамият қуриш учун баҳоли қудрат хизмат қилмоқдалар.

Олимнинг «Ижоднинг англаш бахти» китобига сўз боши ёзган мунаққид Умарали Норматов О.Шарофиддинов ҳақида сийқаси чиқиб кетган гапларни ёзган бўлсада, китобдаги олим асарларини ўқиётганимда Норматовни сўзлари ёдимдан ҳам чиқиб кетди. Китобда сиз билан бизга ўхшаган халқ келажагига бефарқ бўлмаган кишилардан ўрганишимиз лозим бўлган нарсалар борлигини, асосийси, сиёсий амалдорлар ва оддий ижодкорлар ҳам сабоқ олиши мумкин бўлган жиҳатлар борлигини инобатга олиб, китобда чоп этилган тарихий воқеалар, умуман олимнинг айрим фикрларини сиз билан баҳам кўришни лозим топдим. Сизларни ишонтириб айтаманки, олим китобидаги туркум мақолаларни ўқиб, зерикиб қолмайсизлар.

Хусусан, «Ижодни англаш бахти» номли китобидан ўрин олган «Чўлпонни англаш» деб номланган асарида Озод Шарофиддинов Совет даврининг 1930 йиллардаги Сталин қатағони қурбони бўлган шоир Чўлпон тақдири ҳақида ёзади. Буларни ўқиб собиқ иттифоқнинг, бугун  Кремлнинг тарбиясини олганлар раҳбарлик қилаётган қатор республикаларда ҳали ҳам бундай сиёсат давом этаётганига гувох бўласиз.

Олим ўз асарида қатағонга учраган, ўзбек халқининг чин фарзандларидан бири Чўлпон мисолида қатағон кўламини тасвирлаб беради. Олим қатағон даврида айниқса зиёлилар оғзига талқон солиб олганини афсусланиш билан тасвирлаган, фақатгина юртдан ташқарида ижод қилган тарихчи олим Боймирза Ҳайит, Закий Валидий, Вали Қаюмхон, доктор Иброҳим Ёрқин кабиларгина Чўлпонни «ХХ-асрнинг энг истеъдодли санъаткори» деб, уни ҳимоя қилганларини, лекин уларнинг ҳаракатларидан орадаги «темир девор» сабаб бу ердаги халқ хабардор бўлмаганини ачиниб ёзади.

Шулар тўғрисида тўхталган олим Боймирза Ҳайитнинг Чўлпон ҳақидаги асаридан парча келтиради. Хўш, ўша даврда халқ нима қилди, қатағон қилинганларнинг ҳаёти, фожиаси халқнинг кўз ўнгида кечди-ку! Бу хақда олим шундай ёзади:  «Халқ оғзига талқон солиб олгандек чурқ этмай сукут сақлар эди, оддий томошабин бўлиб турарди, турардигина эмас, кези келганда, масаланинг моҳиятиган етмай, билиб-билмай, чапаклар чалиб, “миллатчиларга ўлим» дея… оғизларидан тупуклар сачратиб, жазавага тушиб ҳайқирарди. Афсуски, шунда “Ҳой биродарлар! Нима қилаяпсизлар? Булар ахир миллатнинг гули-ку! Булар миллат йўлида жон фидо қилувчи қаҳрамонлар-ку” дея овозини кўтарган бирорта азамат чиқмади”. Олим буни сабабларини қуйидагича тушунтиради. “Одамлар юрагида қўрқув туйғуси ҳукмрон бўладиган бўлса, ундай одамларнинг руҳий ҳаёти карахтланади, гўзалликка эҳтиёжи ўтмаслашади. Ҳатто энг зўр орифлар ҳам ҳолсизланиб, гўзаллик самовотларига кўтарила олмайдилар”.

Хўш. Чўлпон қандай қатағон қилинди? Коммунистик мафкурани тепасида турганлар Чўлпонни қатағон қилиш учун қандай баҳоналар топишди? Олимнинг асарини ўқиб, шундай фикрга келдим. Коммунистик руҳдаги шахслар, агар ҳокимият тепасида бўлсалар, азалдан халқни бир ғоя атрофида бирлашишига қарши бўлганлар. Чўлпон эса жадидчилар ғояларига эргашиб, халқни зулмга қарши бир ғоя атрофида бирлашишини истаган. Бу ҳақда муаллиф шундай ёзади: “Миллатнинг равнақ топтириш учун, биринчи навбатда, мустамлака асоратидан халос этиш керак, бунинг учун халқ ўзини-ўзи таниган бўлмоғи, ҳаммани бирлаштирадиган, якдил қиладиган миллий ифтихор туйғусига эга бўлмоғи керак. Чўлпон халқни шу даражага етказиш имкониятларини излайди ва адабиёт уларнинг энг самаралисидир, деган тўхтамга келади…Чўлпон шу эътиқодидан келиб чиқиб… халқ учун кишан ясовчи турли-туман тўралар ва афандиларни қоралади, ҳурликни, эркинликни улуғловчи оташин шеърлар яратди.

1924-йили «Зарафшон» газетасида Абдураҳмон Саъдийнинг Чўлпон ҳақидаги “Ўзбек ёш шоирлари”, “Чўлпон”деган мақоласи чоп этилади. Муаллиф шоирга қисқа таъриф беради. “У ёнадур,  ҳам ёндирадур”. Шундан сўнг Абдулла Қодирий, Зариф Башарий кабиларни Чўлпон ҳақидаги мақолалари босилади ва шоир ижоди ҳақида баҳс бошланиб кетади. О.Шарофиддиновнинг ёзишича, бир йил олдин Чўлпон ҳақида мақола ёзган А.Саъдий энди уни «Омма-халқ шоири эмас. Халққа яқин бўлган зиёлилар шоири» деб даъво қилади.

Саъдий ушбу сўзлари вақтлар келиб Чўлпонга сиёсий айб қилиб бўйнига қўйилишини ўзи ҳам билмас эди. Юқоридаги баҳс энди «Қизил Ўзбекистон» газетасида давом этади. Энди баҳсга Ойбек, Усмонхон ҳамда китоб муаллифининг фамилиядоши Олим Шарофиддиновлар ҳам аралашади. Ойбек Чўлпонни ҳимоя қилса, аслида андижонлик журналист Усмонхон бирга ишлаган, ўз дўсти бўлишига қарамай Чўлпонни қоралаб, “Унда собитлик, мустақил дунёқараш йўқ. У тараққийпарвар рассом эмас, таназзулпарвар хаёлпарастдур» деб шоирни ҳақорат қилишгача боради.

Озод аканинг ёзишича, айнан Олим Шарофиддинов 1927- йилда адабиётни ҳукмрон мафкуранинг хизматкорига айлантиришдек номуносиб ишни бошлаб берган одам эди. У ҳам аввал Чўлпонни кўкларга кўтариб мақтаб, коммунистик мафкуранинг “хўш, бу шоир қайси синфнинг вакили?” деган сиёсати ўртага чиққач,  “Чўлпон йўқсил халқнинг шоири эмас, у миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг шоири” деб уни ҳақоратлайди.  Ҳукумат эса Усмонхон ва Олим Шарофиддиновнинг қарашларини ҳимоя қилади.

1927 йил 4 октябрда Самарқандда Ўзбекистон маданият ходимларининг 2-қурултойида маъруза қилган Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг биринчи котиби Акмал Икромов Чўлпон ҳақидаги мунозарага нуқта қўяди. У Чўлпонни қоралаб шундай дейди: “Олим Шарофиддинов (тахаллуси Айн) Чўлпон ижодининг ғоявий тутуриқсизлигини тўғри таъкидлади…” ва ҳоказо.

Китоб муаллифи ўз асарида юқоридаги воқеаларни келтиргандан кейин шундай ёзади. “Шу тарзда «маданият ходимлари»нинг фатвоси билан Чўлпоннинг юзига қора тортилди… унинг ижоди мафкуравий жиҳатдан зарарли деб топилди. Чўлпоннинг устидан биринчи маънавий қатлиом шу тарзда содир бўлган эди. Чўлпонни қоралаганлар эҳтимол, ўша кезларда… халқ манфаатига хизмат қилаяпмиз, деб ўйлагандир, лекин аслида улар… Сталин истибдодининг қарор топишига хизмат  қилишган эди. Улар Чўлпонни қоралаб чапак чалганларида аслида ижод эркинлигини кўмиб, унинг гўри устида мотам маршини чалишган эди. Тақдирнинг ғалати ўйинини қарангки, орадан роппа-роса 11 йил ўтгач, 4 октябрь куни уни отиб ташлайдилар. 5 октябрь куни эса ўлимга ҳукм қиладилар”.

Олимнинг ёзишича Отажон Ҳошим, Миёнбузурук Солиҳов, Иззат Султон каби ўта билимли адиблар ҳам ёки Туйғун каби ўртамиёналар ҳам Чўлпонни қоралашда жонбозлик кўрсатишган. Озод ака келтирган фактларга эътибор берган бўлсангиз, коммунистик мафкуранинг тепасида турганлар, ўта усталик билан, Леничасига иш тутишган. Улар зиёлиларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, уларни синфларга ажратиб, бир-бирининг устидан ёлғон кўрсатмаларни ёздириб олган. Яъни «соп»ини ўзидан чиқарган. Кейинчалик эса «соп» бўлиб хизмат қилганларнинг аксариятини ҳам қатағон қилишган. Нималардир, ёдингизга тушаяптими?

Чўлпон ижодкорларни мавжуд сиёсатнинг қулига айлантирилишига қарши «Улуғ ҳинд» номли мақола ёзади. Шу мақола атрофида фикр юритиб, Озод ака асарида қуйидаги мулоҳазаларни билдиради. “Ёзувчи …матн устида жон куйдириб ишлаб ўтириши шарт бўлмай қолди. “Ҳаётимиз фаравон, келажагимиз порлоқ” деган гапларни айтса кифоя эди. Бундай сиёсат муқаррар равишда адабиётда “схематизм” деган даҳшатли иллатни туғдирди… санъат бобида талантсиз, лекин иғволарга, фисқу-фасодларга, хушомад ва лаганбардорликка, замонга мослашишга устаси фаранглар, нафси учун виждонини сотишга тайёр одамлар сув бетидаги кўпикдек қалқиб юришига имкон яратди. Афсуски, бу ғайритабиий, тескари ҳодисанинг оқавалари ҳозирги кунга қадар ҳам сирқиб ётибди”.

О.Шарофиддиновнинг ёзишича, 1969-йили унинг Чўлпон ҳақидаги “Тирик сатрлар” деб номланган китобини босишга марказком рухсат беради. Лекин китоб савдо тармоқларига бориб улгурмай, Шароф Рашидовнинг қаҳру-ғазабига учраб ман этилади. Олимнинг ўзи эса қора рўйхатга киритилади. Бу воқеалар Чўлпон оқлангандан кейин рўй беради. Бугун Шароф Рашидов ва унинг даври эсланмайди. Чунки у оқланганда. Лекин тарихимизнинг ҳалол, ошкора ўрганиб ёритмас эканмиз, бугунги авлод ўтмишимиз ҳақиқатини ўрганмас экан, бизни келажагимиз бўлмайди.

Ва ниҳоят 1980-йилларнинг охирларига келиб ижодкорларнинг кўкрагига офтоб тега бошлади. Горбачёв давридаги зиёлилар ҳаёти ҳақида олим қуйидагиларни ёзади. “Россияда, шунингдек, собиқ қардош республикаларнинг деярли барчасида яқин-яқингача энг ашаддий аксилинқилобчи, ҳокимиятнинг баттол душмани деб ҳисобланган ёзувчиларнинг асарлари ҳам босиб чиқилди. Матбуотда социализмни, компартияни ва ҳатто Ленинни ҳам танқид қилувчи мақолалар пайдо бўлди. Бу мақолалар ҳар қандай орифни ҳам уйғотишга, ўз аҳволини ўйлаб кўришга қодир эди.

Янги амаллар, янги ҳаракатлар даври етиб келди. Фақат биздагина аҳвол ҳамон эскича эди. Баъзи бир янгича руҳдаги мақолалар пайдо бўлган эди. Кўп ўтмай уларнинг дамини қирқишди”. Озод ака марказкомдаги 32 нафар адиб иштирокида адабиётга оид йиғилишда Чўлпон ва Фитратларни оқлаш масаласи кўтарилганда фақат Юсуф Султонов, Ҳафиз Абдусаматов ва айниқса Комил Яшингина қарши чиққанини ёзади. “Аввалги замонлар бўлганида, албатта, бу қараш устун келган бўлар эди. Лекин 1987 йилда ҳатто марказком котиби ҳам кўпчиликнинг фикри билан ҳисоблашишга мажбур эди.

Шундай қилиб, ўша кунги кенгашда Чўлпон ва Фитрат асарларини нашр этиш ва ижодларини янгича баҳолаш тўғрисидаги қарорга келинди”,  дейди олим. Натижада 1988-йилдан бошлаб Чўлпон ва бошқа қатағон қилинган адибларнинг асарлари эълон қилина бошлайди. О.Шарофиддинов Чўлпоншунос шогирдлари Замира Эшонова, Дилмурод Ҳуронов, Улуғбек Султонов, Нормат Йўлдошев сингари ижодкорлар адабиётшуносликни ўзиниг асл изига солиб юборишларига ишонади.

Хўп, ҳаммаси ўрнига тушиб кетибди. Бўлмаса, нега ҳозирги пайтда собиқ иттифоқ ҳудудидаги баъзи бир мамлакатларда ҳур фикрли кишиларни қатағон қилишлар ҳамон давом этаяпти? Бу саволга олимни Чўлпон ҳақида ёзган асаридан жавоб топамиз. Олим шундай ёзади “Гап ҳукмрон мафкуранинг йўл-йўриғида, қолаверса, ҳокимият тепасидаги кучларнинг… ҳар бир фикрлайдиган ақлли одамдан, ҳар бир мустақил истеъдод эгасидан қўрқишида экан. Фикрлайдиган одам янги ҳокимиятнинг, улар барпо этаётган янги тузумнинг чинакам янги башарасини дарров пайқаб олиши ва ҳаммага ошкор қилмоғи мумкин-да. Шунинг учун уларнинг боридан йўғи яхши» Олимнинг фикрича, Чўлпонга ўхшаган ҳур фикрли ижодкорларни англаш учун аввало жамиятнинг уларга нисбатан хайрихоҳлиги, муҳаббати керак.  Олим ёзади: “Бунинг учун эса жамият эркинлик салтанатини ўрнатмоғи лозим. Токи ҳар бир одам туйғуларини намоён этишда, фикрларини баён қилишда бунинг оқибатидан, таъқиб-тазйиқларга учрашдан, жазога мустаҳиқ бўлишдан қўрқмасин!»

Яна бир мулоҳаза. О.Шарофиддинов “Чўлпонни англаш” деб номланган асарида Чўлпон, Фитрат, У.Носир, А.Қодирий ва яна қанча-қанча зиёлиларни, ҳур фикрли бошқа касб эгаларини сотганларни, уларга зуғум ўтказиб тергов қилганларни ва бу ишларнинг тепасида турганларни исм-шарифини келтирганлар. Мен уларни баъзиларинигина номларини мақоламга киритдим, холос. Демак, уларнинг номлари тарихга муҳрланган. Уларнинг авлодлари орамизда яшаяпди.  Лекин улар мен “Фалончини авлодиданман”, дея мақтана олмайдилар. Халқ олдида бошлари эгик. Ҳатто бугун ҳам кимларнидир сотаётган, кимларгадир зуғум ўтазаётганлар  юқоридаги воқеалардан сабоқ олсинлар! Чунки бугунги кунимиз ҳам эртага тарихга айланади. Тарихдан эса ҳеч нарсани яшириб бўлмайди.

Мақолам охирида бир муаммо ҳақида тўхталмоқчи эдим. Мен қуйидаги фикрларим билан тарафкашлик қилмоқчи эмасман. Мени тўғри тушунинг, фикрларим бутунлай холис. Чўлпонга ўхшаган ижодкорлар сиёсий қарашлари ҳукмрон мафкура сиёсатидан бошқачароқ бўлгани учун, шунча азоб-уқубатлар тортдилар, тазйиқларга учрадилар, қамалдилар ва ниҳоят отилдилар. Бугун ҳам ижодкорларнинг сиёсий қарашларига қараб, уларнинг ижодига баҳо бермаслик керак.  Бугун биз тамомила бошқа замонда яшаяпмиз, Замон ўзгараяпти. Биз бугун Гулчеҳра Нуруллаева, Рауф Парфи, Юсуф Жума, Ёдгор Обид, Дилором Исоқова, Дадахон Ҳасан каби шоирларни, Замира Эшонова каби адабиётшуносларни, журналист Карим Баҳриев каби ижодкорларнинг асарларини расмий матбуотда учратмаяпмиз.

Тўғри, уларнинг бугунги сиёсатга бўлган муносабатлари бошқачароқдир. Лекин асосийси улар ўз асарлари билан кимларгадир хушомад қилмайдилар. Кўнгилларида қўрқув йўқ. Ҳар куни ОАВларида демократик ислоҳотлар чуқурлашаётгани ҳақида гапирилаётган экан, улар бундай жамият учун керак эмасми? Майли, уларнинг сиёсий қарашларини бир томонга қўйиб турайлик, майли бу фикрлари ёритилмасин, лекин ижодлари албатта ўрганилиб, оммага етказилиши керак. Ижодкорларни табақаларга бўлиб,  буниси бизга ёқади, буниси ёқмайди, деб уларни ижодига сиёсий кўз билан қарамайлик. Ана ўшанда биз собиқ иттифоқ тузумнинг хатоларини қайтармаган бўламиз. Агар бугун ҳам Чўлпонларни оқлаб, уларнинг ижодларини чуқур ўрганиб,  юқорида номи зикр этилган ижодкорларга ўгай кўз билан қарасак, бу мантиқсизлик бўлур эди. Кўришгунча хайр.

Носир Зокир.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares