
Ўзбек маҳалла деганда, ўз уйи, қариндош – уруғи, қўни – қўшниси макон топган масканни тушунади. Шу маънода маҳалла ҳаммамизники ва унинг ободлиги ва равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз.
Гулистон шаҳридаги Муқимий номидаги маҳалласи шаҳарнинг кекса маҳаллаларидан бири бўлиб, унда истиқомат қилаётган фуқаролар бир – бири билан қон – қариндош, қуда – анда бўлиб, ўзаро чамбарчас боғланиб кетганлар.
Шу кунларда ушбу маҳаллага ҳам ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Бу эса маҳаллада қатор ўзгаришларнинг содир бўлишига замин яратаяпти.
Ҳозирги пайтда Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳри миқёсида “Маҳалла куни” тадбирлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Бир ойда икки марта ўтказиладиган бундай тадбирларда тегишли идоралар раҳбарлар ҳам иштирок этиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказишаяпти. Улар фуқароларнинг кундалик турмуш тарзида юзага келаётган муамолар, умуман уларнинг талаб ва мурожаатларини тинглаб, жойида ҳал қилишга ҳаракат қилишмоқда.
Яқинда фуқаролар билан ўтказилган навбатдаги очиқ мулоқотда ҳам бир қатор долзарб масалалар кўтарилди. Хусусан аҳолига ичимлик сувини етказиб бериш, маҳалла ҳудудидан сизоқ (ёки оқава) сувларни чиқариш, йўлларни таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди. Бу борада маҳалла аҳлини қизиқтирган саволларга эса вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллага бириктирилган масъул раҳбар жавоб берди.
Унинг маълум қилишича, маҳалла ҳудудидаги йўлларни таъмирлаш масаласи вилоят ҳокимлиги режасига киритилган. Режага кўра йўл қурилиши бўйича давлат бюджетидан вилоятимизга ажратилаётган маблағлар ҳисобидан 6.700 метр, вилоят бюджетидан 1.300 метр, жами Муқимий номли маҳаллада 2012 йилнинг иккинчи чорагида 8 километр ҳажмдаги йўлни асфальт қилиш режалаштирилган.
Аҳолини энг зарур бўлган ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам энг долзарб масала бўлиб, уни зудлик билан вилоят ҳокимлиги кенгашида муҳокама қилишга келишиб олинди.
Гулистон шаҳри чуқурликда жойлашган бўлиб, ер ости сизоқ сувлари унга жуда яқин. Муқимий номли маҳалла ҳам шундай ҳудудда жойлашганлиги сабабли куз – қиш мавсумида ер ости сизоқ сувлари кўтарилиши натижасида аҳолига бирмунча қийинчиликлар туғилади. Шуни эътиборга олиб, маҳалла ҳудудидаги скважина насосларини тўлиқ ҳажмда ишлашини таъминлаш масъул корхона раҳбарлари зиммасига юклатилиши белгилаб олинди. Шунингдек мулоқотда очиқ дренажлар орқали сизоқ сувлар чиқиб кетиш масаласини нафақат вилоят ва шаҳар раҳбарлари, балки мазкур маҳалла кенгаши ва аҳоли билан ҳамжихатликда бартараф этишга келишиб олинди.
Кейинги мулоқотларда ахолининг ижтимоий – иқтисодий фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган корхоналар раҳбарларининг шахсан иштирок этиши ва фуқароларни қизиқтирган саволларига жавоб бериши тўғрисида йиғилганларга маълум қилинди.
Мазкур мулоқот маҳалла аҳолисининг турмуш тарзи, яшаш шароити, ижтимоий – иқтисодий фаровонлиги масаласи вилоят, шаҳар раҳбарларининг олдидаги масъулияти вазифа эканлигини мулоқотда йиғилган фуқаролар янада чуқурроқ ҳис қилишди.
“Маҳаллага эътибор, элга эътибор” деган иборанинг нақадар тўғрилиги мазкур мулоқотда яна бир карра ўз тасдиғини топди.
Карим Бозорбоев,
Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридаги Муқимий номли маҳалла фаоли.