
Толиб Ёқубов ва ААТТчиларга
***
Бир-неча кун аввал бир танишим билан сухбатда, мен учун бир кутилмаган ҳолат аниқ бўлди-ки, мен, ўзимнинг, кейинги вақтларда диний мавзудан безор қайфиятда бўлишимга қарамай, диний мавзуда, аниқроғи диндорларга оид мавзуда, яна мақола ёзишга ўтирдим. Мазкур мақолам, ҳусусан, ўзларини “биродарлар” деб атовчи, элда ва халқаро кўламда акромийлар деб танилган диний тоифа ҳақидадир. Ёзишга сабаб бўлган ҳолатни эса, мақоламнинг якунида тушунтиришни ўринли, деб топдим.
Жамоага, аввало, иқрор бўлишим керак, хозирда мен яшаш жойимдаги участка нозирида, акромийлар оқимига мансуб шаҳс сифатида назоратда тураман. Ҳар ойда бориб, қандай яшаётганлигим ҳақида тушунтириш хати ёзаман. Қанча эътироз билдирмай, қанча жанжаллашмай, бари-бир мендан бу ёрликни олиб юборишмаябди.
Акромийлар ўзлари эса, мени ўзларига аъзо ҳисоблашмайди. Мисол, 2008 йили қамоқдан чиққанимда, бирортаси хол-ахвол сўраб қўйгани йўқ. Фақат 2010 йили Абдуллоҳ исмли кимдир, бир марта электрон адресимга хат ёзиб, кейин ғойиб бўлди. Лекин аксига олиб, акромийлар ўзлари мени давлатни одами, сотқин, МХХ агенти, деб ҳисоблашади.
Шу ўринда, кўпчиликка таниш Толиб Ёқубов, ўтган йили “Бирдамлик қовун туширди” номли, асосан, менга қарши ёзган, бир тухматона мақоласида мени сотқин, МХХнинг агенти, акромийларга қўйилган “қулоқ”, ва хатто, мени 13 май фожеаларини уюштирганлардан бири, деган иддаоларни ўртага суриб чиқди. Мақоласида, акромийларнинг рахбарларидан бири, Қобил Парпиев билан бирга 4 ой битта қамерада ўтирганлигимни, Толиб Ёқубов, мени Парпиевга “қулоқ” вазифасида қўйилган деб қуйидагича талқин қилган:
Т.Ё. “…..Жиноий ишнинг тергов иш юритуви пайтида бир хил категория(икки ўғри, икки террорист, мухолифатнинг икки вакили ва ҳ.)га кирувчи икки фигурант ҳеч қачон битта камерага қўйилмайди: битта ҳолда, яъни уларнинг бири «қулоқ» сифатида ишлатилаётган бўлсагина истисно бўлиши мумкин, холос. Савол туғилади: бу икки шахснинг қайси бири «қулоқ» бўлган? У билан олдинма-кейин қамоқдан чиққан бир ҳуқуқбонга С.Зайнобитдинов ушбу гапни айтган: «Бошқа маҳбуслар ёвғон шўрва ичганда мен нонга сариёғ суриб еганман….”
С.З. Толиб Ёқубов ҳақиқат билан ёлғонни омихта қилишга устаси фаранг, виждонсиз одам. Ҳақиқатан, бир жиноят иши бўйича махбуслар, яъни, ж/и бўйича шериклар, тергов жараёнида бир-биридан алохида сақланишади. Лекин суд хукми кучга киргандан кейин, бу ҳизмат йўриғи (инструкция) ўз кучини йўқотади ва бундай махбуслар битта қамерада ҳам, битта қолонияда ҳам сақланаверадилар.
Парпиев билан мен 2007 йил 20 январдан 16 майгача битта камерада ўтирганмиз. Вахоланки, икковимизнинг ҳам хукмимиз кучга кирганига бир йилдан ошганди. Биз, апрель ойида Ўзбекистонга келаётган Европарламент комиссияси аъзолари билан сухбатлашишимиз керак экан, ва сухбатдик. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигининг ўша йилги 15 май кунги расмий баёнотида ҳам айтиб ўтилган (ўша баёнотда ҳам мени акромийларнинг рахбарларидан, деб кўрсатишганди). Шунинг учун на Парпиевга, на менга “қулоқлик” вазифасини юклашмаган.
Табиий-ки, битта менгамас, Парпиев икковимизага, ўша пайт, бошқа махбусларга қараганда, муомала сал бошқачароқ эди. Бизда қуруқчой, сарёғ, шакар тугаб қолса, баландёрга (овқат тарқатувчига) айтардик. У эса, худди, бошқа камералардан олгандек, олиб келиб берарди. Бу гап Толиб Ёқубовгача етиб борибди-ю, у эса, бунга бошқача шакл ва бошқача мазмун бериб, жамоани лақиллатмоқда.
Европарламент комиссияси билан сухбатлашганимиздан сўнг, камерада Парпиев билан ўртамизда шундай мулоқот бўлиб ўтди. Мен судоку ечиб ўтирган пайтим, Парпиев ўзидан ўзи:
– Мен билан гаплашгиз келмай қолдими? Ҳа, майли. Лекин сиз бизни айбимиз йўқлигини биласиз, – деб қолди. Мен, у нима демоқчи эканлигини дарров тушундим ва унга:
– Тўхтанг, қўлга қурол олдиларми?
– Хўш…
– Хўш, деманг, ё “ҳа”, ё “йўқ”, денг. Изохларга кейин ўтамиз. Қўлга қурол олдиларми, йўқми?.
– Ҳа, олдик.
– Горнизонга хужум қилдиларми?
– Ҳа.
– Турмага хужум қилдиларми?
– Ҳа
– Хокимият биносини эгаллаб олдиларми?
– Ҳа.
– Одамларни гаровга олдиларми?
– Ҳа.
– Хукуматга шартлар қўйдиларми?
– Ха.
– Сиз буларни Еврокомиссияга айтдингизми?
– Ҳа.
– Хўш, мендан нима истайсиз?
– Сиз правозашитниксиз, сиз тўғрисини айтишингиз керак эди.
– Шунақа денг… хўп, майли. Лекин мен нимани нотўғри айтдим? Мен ҳам тўппа-тўрғисини айтдим. Сизнингча, террорчилар нима ишлар қилишади? Айнан шу ишларни қилишади ва худди сиздек ўзларини биз ҳақмиз, дейишади, адолат учун курашяпмиз дейишади. Лекин бундай усуллар билан курашиш ҳамма давлатларда ҳам – жиноят…
Парпиев бир неча сония илжайиб қараб қолди. Сўнг:
– Демак, гапиришни фойдаси йўқ экан, – деб, ўзи бошлаган бу мулокотга, ўзи нуқта қўйди.
Ҳамма нарса ўз номи билан айтилгандек, айромийларнинг террористларга ҳос ҳаракатлари ҳақида Европарламент комиссиясига мен ҳам айтганман. Мен хозир ҳам шундай фикрда эканлигимни яширмайман. Чет эл ҳалқаро ташкилотларининг вакилари билан ҳам, дипломат мулозимлар билан ҳам, бу масалада бошқа шахслар билан ҳам, шу гапларимни айтганман ва зарурат туғилган жойда яна айтаман.
Қамоқдан соғ-саломат чиқишга эса, Толиб Ёқубов иддао қилаётгандек “қулоқ”лик қилганим йўқ. Озод бўлишимга, асосан, атрофимда вужудга келган ҳалқаро тамоиллар сабаб бўлган.
Тан оламан, тергов давомида, терговчилар ўзлари биладиган ва ҳаммага маълум нарсаларини, яширмай айтганман. Лекин бирор инсонни сотганим йўқ. Хатто, енгиллик бўлармикин, деб, Қирғизистонга ўзим олиб ўтиб қўйган, ярадор Нодирбек Жапаровни қаердалигини билсам-да, у ҳақда лом-лим деганим йўқ. Лекин Нодирбек ўзи Ўзбекистонга қайтиб келиб, 2 ойдан кейин, Шахрихонда қўлга тушибди. Эшитишимга қараганда, уни ўз амакиваччаси “сотибди”. Мендан, сотқин деб, ўпкаланаётганлар, буни билиб қўйишса, фойдадан ҳолимас, деб ўйлайман.
Т.Ё., ўша мақоласининг бир жойида қуйидагича ёзмоқда: “…..Акром Йўлдошевнинг диний ўгитлардан иборат, адолат ва ўзаро ёрдамга чорловчи «Иймонга йўл» китобини мен ўқиганман. Ибратли китоб. Ўзбеклар диний ўгитли китобларни ўқишни хуш кўришади. Инсонларни ахлоқий тарбияси учун бундай китобларнинг роли беқиёс. Бироқ… Бироқ, бундай китоблар инсонларни ўраб турган реалликни деярли ҳисобга олмайди. Бу китоблардан одамларни сиёсий тузум, давлат қурилиши, унинг кучишлатар ва суд системалари, ғоясини тахлил қилишга ўргатишни топа олмайсиз. Аксинча, бундай китоблар одамларнинг реаллик ва вазиятни соғлом тахлил қилиш, уларнинг хавф-хатарларини енгиш йўлларини топиш, сиёсати ёлғон, алдов, қўрқитиш, зулм қилишга асосланган ҳукумат ва унинг махсус хизматларининг найрангларидан огоҳ бўлиш ҳис ва қобилиятларини пасайтириб юборади…..”
С.З Бу билан Толиб Ёқубов, “Иймонга йўл” рисолага мухолифона баҳо бераркан, ўзи билмаган ҳолда акромийларнинг асосий иллатини очиб қўйибди. Дарҳақиқат, бу китобчада давлат тузумига қарши чақриқларниям, экстремистик ва террористик кайфиятларни қўзғовчи ғояларниям тополмайсиз.
Китобнинг мохияти ва вазифаси эса, итоаткор зомбиларни яратиш эканлигини, Толиб Ёқубов, айтганимдек, ярим-ёлчи очиб қўйибди. Зотан, бу китобни ўкиб, таъсирланган киши, яъни, аксари, ёшлар, ўзларини халол-пок инсон, мўмин, тақводор мусилмон ва дабдурисдан, ишбилармон тадбиркор бўлиб қолгандек ҳис қиладилар. Қандай яхши, а?! Лекин улар, ўзлари билмаган ҳолда, керак бўлганда, харбий ташкилотга айланувчи “оборотень” ташкилотнинг итоаткор аскарига айланганларини билишмайди.
Масалан, қайси тадбиркор, бошқа шаҳардан, бошқа шаҳарга ўзининг ҳамкорини суд биносини олдида, қўллаб-қувватлаб туриш учун, икки-уч ойга ўз ишларини ташлаб, етиб келади?! Ёки, қайси тадбиркор ўз ишларини ташлаб, тезда етиб келинг, деса, бошқа мамлакатлардан, масалан, Қирғизистондан, Россиядан, хокимият биносини эгаллаб олиб, “намоиш” ўтказишга етиб келади?!
Зоналарда мен учратган бундай “биродарлар”нинг барчаси, баралла, ”Нимага чақиришганини мен билмаган эдим” дейишади. Лекин иллатнинг уруғи ҳам, айнан, шу “нимага чақиришганини” билмаган ҳолда, тез етиб келганликларида эканлигини, кўпчилиги тушунишмайди ҳам.
Т.Ё., яна ўша мақоласида ёзмоқда-ки: “….. Интервьюсида [BBCдаги уч кишилик мулоқот назарда тутилмоқда. С.З.] С.Зайнобитдинов бир фикрга урғу бериб, уни камида икки марта такрорлади: эмиш-ки, ўша йили март ойида Қирғизистонда содир этилган давлат тўнтаришини Андижон тадбиркорлари Ўзбекистонда ҳам уюштирса бўлади, деб ўйлаб, уни, яъни давлат тўнтаришини уюштириш учун 1,5-2 ой тайёргарлик кўришган. Саиджаҳон тушмагур шу пайтгача бу гапни айтиб келганини мен эшитмаганман. Нега у 2011 йилга келиб андижонлилар давлат тўнтариши уюштиришни мўлжаллашган демоқда?…..”
С.З. Шу пайтгача, менга буни айтишга зарурат йўқ эди. Буни ҳамма билади ва буни “биродарлар” ўзлари айтишлари керак эди. Нега 2011 йилга келиб буни айтишимнинг сабаби эса, хозирда, ҳорижда фаолиятини юритаётган бу “биродарлар”нинг ташкилоти янгича “Андижон-Адолат-Тикланиш Ташкилоти”, деб аталса-да, “эски тос, эски хаммом” зайлда иш олиб боришмоқда. Албатта, қандай ишлаш, уларнинг ҳуқуқи ва ўзларининг иши. Лекин араб инқилоблари кўламида, мазкур “биродарлар”имиз, “Ия, яна Ўзбекистонда инқилоб содир қилиш пайти келиб қопти, шекилли”, деб яна жиддий бўй чўза бошлашди. Яъни, “кўрса, хумор тутадиган чекувчилар”-да булар!
Бундан ташқари, Ўзбекистонда хокимиятни, инқилоб содир этиш, яъни, қон тўкиш йўли билан эгаллаш мақсадда, жаноб Муҳаммад Солиҳнинг раҳнамолигида “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” атамали, янги ўта радиқал диний уюшма тузишиб, “Бирдамлик” Ҳаракатининг атамасига плагиатлик қилишди. Чуқурроқ тахлил этса, нафақат атамага плагиатлик, балки “Бирдамлик”ни обрусизлантиришга, уни сиёий сахнадан суриб чиқариб, ўрнини эгаллашга ҳаракат қилишди. “Бирдамлик” аъзоси сифатида, ташкилотимни ҳимоя қилишни жоиз топиб, интервью ва мақолаларимни шу йўсинда элга ҳавола қилганман.
Мазкур, мақолани ёзишимга эса бир неча кун аввал бир танишим билан сухбатдаги қуйидаги гап сабаб бўлди. Ўша танишим айтишича, уларнинг кўп квартирали уйида, 3-та болали, бир ёш аёл кўшнисининг эри (акромийлардан) қамоқда экан, ва ўша аёл ўзи айтганмиш, эридан ҳабар олиб келиб туриш учун, чет элдан, байт-тул-молдан ҳар ойда 200 доллар ёрдам пули келиб тураркан. Танишим, “Сизнинг икки ўғлингиз ҳам қамоқда, сизгаям бундан дадилроқ жанатишяткандир”, деб қолди. Мен танишимга, “Мен уларга аъзомасман. Ўғилларим бошқа сабаблар билан қамалишган. Менга улардан (акромийлардан) ҳеч қандай пул келмайди”, десам, танишим ишонмай, кулиб қўйди.
Шу вақеа сабаб, шу мақолани ёзиб, ҳаммага маълум қилмоқчиман:
Мен, ўзларини “биродарлар” деб атовчи, элда ва халқаро саҳнада “акромийлар” деб танилган, хозирда “Андижон-Адолат-Тикланиш Ташкилоти” деб аталувчи ташкилотга аъзо эмасман! Улардан менга ҳеч қандай ёрдам пули ҳам келмайди! Моддий жихатдан улардан ҳеч қандай қарзим ҳам йўқ! Уларга содиқ бўлишга, ғояларини тарғиб қилишга, уларнинг олдида ҳеч қандай мажбуриятим ҳам йўқ!
Умумий олганда, улардан менга ҳизматга тухмат қайтмоқда. Майли, бу уларнинг виждонига хавола. Лекин улар билан боғлиқ масалаларда, Толиб Ёқубовдек сафсатабозлар, менга иғво ва уйдирмалар ёғдираётган пайт, ҳақиқатни яшириб, томоша қилиб жим туришларини, мен кечирмайман.
***
Саиджаҳон Зайнабитдинов,
Андижон, “Апелляция” ва
“Бирдамлик” ташкилотлари раиси.