Ўзбекистон судининг бедодлиги

Хусаинов Владимир

2012 йилнинг 24 январ куни Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида  ҳуқуқ ҳимоячиси Хусаинов Владимирнинг Миробод тумани ва Тошкент шаҳри суд департаменти  ижрочиларининг  ноқонуний ҳаракатлари устидан ёзган аризаси бўйича суд иши бўлиб ўтди. Бу ариза 2012 йилнинг 03 ноябрида судга топширилган эди. Суд ижрочилари аввалги 4 суд жараёнига келишмади. Судья Шукуров А.Г. ўз кабинетидан Хусаинов Владимирни қўллаб-қувватлаш учун келган ҳуқуқ ҳимоячиси Волков Анатолийни ҳайдаб юборди. Хусаинов Владимир суддан Волков Анатолий  унинг вакили сифатида судда қатнашишига имкон берилишини илтимос қилди.  Судья илтимосномани рад қилди. Хусаинов Владимир:”Суд иши очиқми?”-деб сўради. Судья: “Ҳа, очиқ”-деди. “У ҳолда Волков Анатолий томошабин сифатида қатнашиши мумкинми?”- деб сўради. Судья Волков Анатолийни томошабин сифатида иштирок этишига рухсат бермади. Хусаинов Владимир судьяга гувоҳларни таклиф қилишни ва ҳужжатлар сўраб олиш кераклигини маълум қилди, аммо судья барча илтимосномаларни инкор қилди. Хусаинов Владимир судья Шукуров А.Г. ни рад қилди.

Судья радни кўриб чиқди ва ўзига ишонишини айтиб, радни  қабул қилмади. Судья ўз кабинетида Волков Анатолийга ҳам, чет эл элчихоналарининг вакилларига ҳам киришга рухсат бермаслигини, суд иши кўрилувчи зал эса судда мавжуд эмаслигини (аслида суд зали 1-қаватда бор) маълум қилди. Бу Ўзбекистон ҳукумати ошкораликдан қўрқишини кўрсатди. Судья суд жараёнини видео ёки аудио воситалар ёрдамида ёзиб боришни таъқиқлади. Баённома юритилаётганини ва жараён иштирокчиларига у билан танишиб чиқишга имконият берилишини айтиб, суд процесини ҳатто қоғозга ёзиб  боришга ҳам рухсат бермади. Суд ижрочиси Йўлчиев Ж.С. рус тилини билмаслигини маълум қилди ва таржимон сўради. Ҳолбуки, бу суд ижрочиси Хусаиновнинг уйида бўлганида рус тилида яхши гапирган эди. Таржимон келди ва Хусаинов Владимирнинг ёнига ўтирди. Судья  Хусаинов Владимирга фақатгина суд ижрочисининг жавобларини таржима қилиши кераклигини таржимонга айтиб уни огоҳлантирди. Судья ва прокурор аризани кўриш жараёнида суд ижрочиси билан ўзбек тилида гаплашишди (эҳтимол, кўрсатма ва маслаҳатлар беришгандир). Аммо таржимон буни таржима қилмади. Хусаинов Владимир эса ўзбек тилини билмайди.  Хусаинов Владимирнинг рус тилида берилган саволларига суд ижрочиси ўзбек тилида жавоб берди (таржимон суд ижрочиси учун саволларни рус тилидан ўзбек тилига таржима қилмаган бўлса ҳам). Бу эса суд ижрочиси рус тилини яхши билишини кўрсатади.

Хусаинов Владимирнинг тўғридан-тўғри берилган саволига Йўлчиев Ж.С. жиноят ишлари бўйича  суднинг судьяси Аҳмедов қарор ва ижро қоғозида  бошқа одамнинг фамилиясини (Хусаиновники эмас) кўрсатганини,у судья адашган деб ҳисоблашини, бундай хатони тўғирлашга суд ижрочисининг ҳаққи йўқлигини, аммо бошқарма 1-навбатда давлат фойдасига жарима ундиришни талаб қилишини  (бюджетда пул йўқлиги боис) айтди.  Прокурор ўзиниг чиқишида жуда ҳам тажовузкор бўлди. У ҳуқуқ ҳимоячиси Хусаинов Владимир давлатга қарши ишлар билан шуғулланишини айтди (Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига қарши чиқар эмиш). Судья адашгани ва ижро қоғозида нотўғри фамилияни кўрсатгани ва суд ижрочилари бир қанча хатолар қилишганига   қарамасдан, прокурор Хусаинов Владимирнинг арзномасини рад қилиш керак деб ҳисоблайди. Прокурорнинг сўзларидан барча ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари турадиган махсус рўйхатда турувчи Хусаинов Владимир ҳақида у билишини ва  унинг досьесини ўқигани маълум бўлди. Ахир ҳуқуқ химоячилари билан Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Ички Ишлар Вазирлигининг терроризм билан курашиш бўлими ишлайди.Судья Шукуров А.Г. суд жараёнини ёпиқ деб эълон қилди ва мажлислар хонасига кириб кетди. Бир неча дақиқалардан кейин судья Хусаиновнинг аризасини рад қилиш қарорини эълон қилди. Қарор ўқилишида судьянинг кабинетига Волков Анатолий кирмоқчи эди, аммо судья  буни таъқиқлади.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК ПРОЦЕССУАЛ

КОДЕКСИ

10-модда. Судда иш кўришнинг ошкоралиги

Барча судларда ишлар ошкора кўрилади, давлат ёки тижорат сирларини сақлаш манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳаётига тааллуқли маълумотлар ошкор бўлишига йўл қўймаслик, шунингдек фарзандликка олиш сири ва ёзишмалар сири сақланишини таъминлаш мақсадида суднинг асослантирилган ажримига биноан, иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилишига йўл қўйилади.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилганида ишда иштирок этаётган шахслар, зарур ҳолларда эса, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам қатнашадилар.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида судлов ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда кўрилади.

Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора эълон қилинади.

 

Судья бу аризани  ҳайратланарли даражада тез  кўриб чиқди, аммо суд биносида ва судьянинг кабинетида Хусаинов Владимирни кузатиб турган ва қаршиликсиз бинога кирган махсус хизмат вакиллари борликлари эътиборга олинса, қарор ҳам ва кўриб чиқишнинг ҳайратга солувчи тезлиги ҳам тушунарли бўлади. Ўзбек ҳуқуқ химоячилари 2011 йилнинг охирида БМТнинг Женевадаги инсон ҳуқуқлари комитетига суд бедодлиги юзасидан коллектив ариза топширишди. Ягона умид – шу аризани Женевада кўриб чиқилишида.

Ўзбекистон ҳуқуқбонлари.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares