ТОШКЕНТ ШАҲАР 1-CОН СИЛ КАСАЛЛИКЛАРИ ШИФОХОНАСИДА ХОДИМЛАРНИНГ ОЙЛИК МАОШЛАРИНИНГ БИР ҚИСМИ САБАБСИЗ УШЛАБ ҚОЛИНДИ

Саодат Амонова

Гап шундаки, Тошкент шаҳар 1-сон сил касалликлари шифохонасида январь ойида маош олаётганлар қизиқ бир вазиятга тушиб қолишди.

– Мен мазкур шифохонада қатор йиллардан бери ишлаб келаман, – дейди биз билан суҳбатда номи сир сақланишини илтимос қилган тиббиёт ходими. – Бу сафар ойлик маошимизни олаётганимизда ғалати аҳволга тушдик. Қўл қўйиб маошимизни олганимиздан сўнг, негадир биздан пулимизнинг бир қисмини қайтариб олишди. Сабабини суриштирсак, иқтисодчимиз Люда декабрь ойида бизга кўп маош ёзилганини, шунинг учун ортиқча ёзилган пул бу сафар ушлаб қолинди, дея жавоб қайтарди.

Маълум бўлишича, Тоҳир Якубеков раҳбарлик қилаётган шифохонада ҳар кимдан ҳар хил миқдорда нақд пул қайтариб олинган. Кимдир ойлик маошининг 100 минг сўмини, яна биров 90 минг сўмини қайтариб беришга мажбур бўлган.

 

-Мен ҳеч нарсага тушунмадим, – дея гапини давом эттиради шифохона ходими  куйиниб.

 

–  Менинг ҳам маошимдан 30 минг сўмча қайтариб олишди. Бир ҳамкасбимиз бу пулни Спид – ОИТС учун ушлаб  қолишган, дегандай бўлди. Аммо олдин хам шундай деб пулимиздан ушлаб қолишганди. Бир нарса учун икки марта ушлаб қолишмайди- ю, яна билмадим.

-Тиббиёт ходимининг куйинишини тўғри тушунса бўлади.  Ўзи арзимас, озгина ойлик бўлса, шундан ҳам ушлаб қолинганидан кейин одамга оғир ботади-да.  Маошни интиқиб кутаётган ходимлар рўзғорни тебратиш,  бола-чақани боқиш мақсадида нималарнидир режалаштиришган ахир!

 

Балки, ходимлар индамай юрмасдан, шифохона бош шифокори Тоҳир Юнусович Тоҳирбековнинг олдига кириб вазиятга аник киритишса, бўлармиди? Аммо бундай қилишга кимнинг ҳам ҳадди сиғарди.  Биз одатда ноҳақлик қилишса, ҳаққимизни ейишса камдан кам ҳолларда норозилик билдирамиз… Борига барака деб юраверамиз…

Саодат Амонова

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати  матбуот маркази раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares