ДИКТАТОРЛИК ТУЗУМИ ЎЗ ТАНҚИДЧИЛАРИГА НИСБАТАН ҚЎЛЛАЙДИГАН РУҲИЙ БОСИМ ТУРЛАРИ

Муборакхон Маматқулова

Агар сиз Ўзбекистондаги каби диктаторлик тузумининг  танқидчиси бўлсангиз ва сизга нисбатан қандай руҳий  босим турлари қўлланиши мумкинлигини билмоқчи бўлсангиз мен аччиқ  тажрибам билан ўртоқлашишим мумкин. Энг аввало диктатура малайлари сизга нисбатан халқнинг ишончини йўқотишга, сизни одамлар орасида обрўсизлантиришга қаттиқ киришади. Одамлар сиздан узоқроқ юриши учун сиз ҳақингизда ҳар- хил туҳмат ва бўҳтон гап – сўзлар тарқатишади. Агар сиз аёл киши бўлсангиз пок ҳаётингизни булғашга ҳаракат қилишади. Ундан сўнг қонуний ҳуқуқларингизни поймол этишади. Бирор жойга бораётганда икки одам муштлашаётгандек бўлади. Инсонийлик юзасидан, уларни ажратиб қўймоқчи бўлганингизда, улар иккиси бир бўлиб сизни уриб, ҳушсизлантиришади.

МХХ дунёдан аллақачон кўз юмиб кетган бобою- бувингиздан тортиб гўдак қариндошингизгача сўраб суриштиради.Маҳалла комитети  ва ҳокимият вакиллари ҳамкорликда сохта имзоли аризалар уюштириб  прокуратурага юборади. Аризаларда гўёки 141 киши  сизни  Ўзбекистондан  чиқариб юборишни талаб қилган бўлади.  Қонуний ҳақ-ҳуқуқларинингизни ҳимоя қилишни сўраб прокурорга ариза ёзсангиз, аризангиз ўз-ўзидан  йўқолиб қолади. Милиция ходимлари сиз ким билан учрашганингизни, нима ҳақида гаплашганингизни аниқлайди. Сиз билан гаплашган шахсдан  нима ҳақида гаплашганликларингиз тўғрисида ёзма кўрсатма олади. Сиз бирор-бир қариндошингизникига бориб бир-икки кун  қолиб кетсангиз уйингизни  МХХ  ходимлари  ҳеч қандай рухсатномасиз тинтув қилишади. Жиноятчи шахс қайси  жинояти учун турмада ўтирганини билса,сиз нима учун руҳий босимга учраётганингизни билмай юраверасиз ва қамоқ жазосига ҳукм этилганлардан кўра ўн маротаба кўпроқ  азобларни бошдан кечирасиз. Кун ора  МХХга, прокуратурага ва ички ишлар бўлимига чақириласиз ва   ўлимга ҳукм этилган жиноятчиларни ўлдириш ҳолатлари суратга олинган  видеолар сизга  кўрсатилади. Ҳокимият раҳбари эртага автомобиль ҳалокатига учрашингиз мумкинлигини айтади. Руҳий қийноқлар  йиллаб давом эттирилади. Бу қийноқларга дош беролмай қон босимини кўтарилиши ёки юрак хуружидан дунёдан кўз юмганлар қанчадан-қанча. Яна қанча одамлар руҳий босим натижасида орттирилган  касалликлар хуружидан азоб чекмоқда.  Агар сиз билмасдан бирор-бир кичикроқ ҳуқуқбузарлик қилсангиз дарҳол пашшадан фил ясаб сизни   жиноий  жавобгарликка тортишади ва суд қилишади. Қисқаси, бошқалар сизнинг орқангиздан эргашмаслиги ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилмаслиги учун сизни бошингизга турли савдоларни солишади.Буларни мен сизни қўрқитиш учун эмас, балки кураш қурбонсиз бўлмаслигини, агар сиз қонхўр диктаторлик тузуми билан курашга отлансангиз ҳар қандай синовларга тайёр туришингиз лозимлигини унутмаслигингиз учун ёздим.

 

 

Муборакхон  Маматқулова

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares