
Абдураҳим Пўлатов ва Мадаминов Салой жаноблари, Ўзбекистондаги диктаторлик режими қулайдиган кун борган сари яқинлашиб келаётган бир даврда мен бир чеккада томошабин бўлиб туришни ўзимга эп кўрмасдан мухолифат сафига қўшилишга қарор қилдим ва яхшилаб ўйлаганимдан сўнг сизлар ўтган асрдан бери раҳбарлик қилиб келаётган ”Бирлик” Ҳаракати ёки “Эрк” партиясига эмас “Бирдамлик” Ҳаракатига аъзо бўлишга қарор қилдим. Нега? Сабаби – сизларда эмас, балки “Бирдамлик” Ҳаракати ва унинг раҳбари Баҳодир Чориевда ҳозир Ўзбекистонда мавжуд бўлиб турган режимга мухолиф бўлган барча кучларнинг лидери бўлиш имконияти жуда катта деб ўйлайман ва бу фикримни қуйидаги далиллар билан исботлаб бераман:
1) Жаноб Абдураҳим Пўлатов, сиз 20 йилдан ошиқ раҳбарлик қилаётган «Бирлик» Ҳаракати ўтган асрнинг 90- йиллари бошларида Ўзбекистонда катта обрў- эътиборга, таъсирга эга эди ва бунинг учун сизга тасаннолар айтаман, аммо ҳозирги кунга келиб “Бирлик” буларнинг деярли барини йўқотиб бўлгани аянчли бўлса ҳам инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат эканлигини тан олишимиз керак. Сизнинг ўзингиз ҳам анча қариб қолгансиз ва сиёсий баҳс – мунозара ўрнига ҳақорату-камситишлар йўлига ўтиб кетгансиз. Бу Сизнинг анча заифлашганингизни ва энди мухолифатга лидер бўла олмаслигингизни кўрсатади.
2) Жаноб Мадаминов Салой, сиз «Бирлик»дан чиқиб, ўзингиз янги партия тузиб, мухолифатга лидер ва шу йўл билан Ўзбекистонга президент бўлмоқчи эдингиз, аммо бунинг уддасидан чиқа олмадингиз. Мухолифатни бўлиб ташлаб, уни кучсизлантирганингиз қолди холос. Бу ишни Каримовнинг ёлғон ваъдаларига учиб қилдингизми, сиёсий тажрибасизлигингиздан қилдингизми, манманлик ёки аҳмоқлигингиздан қилдингизми билмайман. Кейинчалик сиз раҳбарлик қилган «Эрк» ҳам учга бўлиниб кетди. Катта шов – шув ва баландпарвоз баёнотлар билан тузилган «ЎХҲ» ҳам сизнинг “моҳирона” раҳбарлигингиз остида парчалана бошлади. Қолаверса, сиз ҳам анча қариб қолгансиз. Буларнинг бари сиз мухолифатга лидер бўлиш имкониятини йўққа чиқарди.
3) «Озод деҳқонлар партияси» нинг фаолияти ҳозирча музлатилган. Шунинг учун бу партия ҳақида ҳеч нарса демайман.
4) “Бирдамлик” Ҳаракатининг лидери Баҳодир Чориев сиз- А.Пўлатов ва сиз-С.Мадаминовга қараганда анча ёш. Демак,сизларга қараганда унинг куч -қуввати кўп.
5) Баҳодир Чориевнинг иқтисодий билими ва тажрибаси ҳам сизларнинг иқтисодий билим ва тажрибангиздан анча кучли.
6) Баҳодир Чориев қолоқ бир хўжаликни сотиб олиб уни илғор хўжаликка айлантира олган. Бу ҳозирги пайтда абгор ҳолатда бўлган Ўзбекистон иқтисодиётини Баҳодир Чориев кўтара олишидан далолат беради. Сизларда эса бундай тажриба йўқ. Кўпроқ қуруқ гап ва ваъдалар.
7) Баҳодир Чориев йўқ жойдан «Бирдамлик» ни ташкил қилиб, уни ривожлантириб бораяпти. Бу Баҳодир Чориевнинг анчагина сиёсий тажриба орттирганидан далолат беради.
8) А.Пўлатов раҳбарлик қилган «Бирлик» ҳам, Мадаминов С. раҳбарлик қилган «Эрк» ҳам, «ЎХҲ» ҳам парчаланди, аммо Баҳодир Чориев раҳбарлик қилаётган «Бирдамлик» парчаланмади. Бу ҳам катта ютуқ.
9) Баҳодир Чориев «Бирдамлик»ни ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириб келаяпти, бировга иқтисодий жиҳатдан қарам эмас. Бу Баҳодир Чориевнинг ҳар томонлама мустақил эканлигидан, бировлардан тили қисиқ эмаслигидан далолат беради.
10) «Бирдамлик» сафлари аста-секин кенгайиб бораяпти. Бу эса “Бирдамлик” Ҳаракатининг обрўси ортиб бораётганини кўрсатади.
Бир пайтлар Польшадаги “Солидарность” (Бирдамлик) Ҳаракати диктаторлик тузумини енгиб, Польшани демократик ривожланиш йўлига олиб чиққанидек, “Бирдамлик” Ҳаракати ҳам Ўзбекистондаги диктаторлик режимини енгиб, Ватанимизни демократик ривожланиш йўлига олиб чиқа олишига мен тўлиқ ишонаман.Шунинг учун сизларни ва Ўзбекистонимизнинг тақдирига бефарқ бўлмаган барча ватандошларимни “Бирдамлик” Ҳаракатига аъзо бўлишга чақираман.
Муборак Маматқулова.