
Ҳаммамизга яхши маълум, совет тузуми империя тузуми эди. Ўша даврда ҳам ноҳақликлар жуда кўп эди. Лекин коммунистлар одамларга сиёсий эркинликдан ташқари барча шарт-шароитларни яратиб беришган эди. Бирор маҳаллий раҳбар ноҳақлик қилса, мабодо унинг устидан юқори органларга арз қилсангиз, ўша раҳбар албатта жазоланар, сизнинг масалангиз эса тезда хал қилиб берилар эди.
Масалан, татар миллатига мансуб бир дўстим йиллар давомида, навбатда туриб, ўзи ишлаётган ташкилотидан квартира ололмади. Чунки шаҳар ижрокомида ўтирганлар кўпроқ «узат»ганларни рўйхатнинг олдига қўяверишган. 1982 йили дўстим тўғридан-тўғри Брежнев номига арз қилиб, телеграмма юборди.
Ишонасизми, йўқми, икки кун ўтиб, марказкомдан икки вакил Наманганга келди. Улар обком биносида катта йиғилиш ўтказиб, обком секретарини жуда қаттиқ койишди ва ўша куниёқ дўстимга уч хонали квартира беришганди.
Ўшанда обком секретари «Нега юқорига мени устимдан арз қилдинг?» деб дўстимни койимади. У пайтларда Бухородан чиқадиган газимиз бутун Россия аҳолисига ҳам, ўзимизга ҳам етарди. Электр энергияси ўчмас, ичимлик сув доимо бўларди.
Фақат мени тўғри тушунинглар, мен юқоридаги сўзларим билан совет даврини қўмсаб, у даврларни кўкларга кўтариб мақтамоқчи эмасман. Совет давлати миллатимизнинг не-не гулларини қатағон қилди. Халқимиз бошига не-не кулфатларни ёғдирмади.
Оллоҳга шукур, мустақил бўлдик. Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз тикланди. Бугунги кунга келиб, Москвасиз ҳал бўлмаган ишларни ўзимиз ҳал қилаяпмиз. Лекин менга бир нарса доим тинчлик бермайди, юрагимни қийнаверади.
Нега халқимиз мустақиллик даврида ўз уйида газсиз, совуқдан дир-дир титраб яшаши керак? Ахир, бир пайтлар биз бутун Россияни газ билан таъминлаганмизку? Нега бир кунда беш-олти марталаб электр энергияси ўчиб одамларнинг асабига тегиши керак? Нега бирор бир маҳаллий раҳбар устидан юқорига арз қилиб, хат ёзсангиз, у сиз устидан арз қилган раҳбарнинг қўлига келиб тушади? Нега мана шу камчилликлар ОАВларида ёритилмайди? Мана шу саволларимга жавоб берадиган мард борми?
Эргашбой Мўйдинов
«Бирдамлик» Халқ Ҳаракатининг Учқўрғон тумани бўлими раиси.