
ЁХУД “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ҲАРАКАТИНИНГ ФАОЛИ ГАВҲАР БЕРДИЕВА ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ ЧИНОЗ ТУМАНИДАН МАЖБУРАН ЖИЗЗАХГА ҚАЙТАРИЛДИ
Ҳаракат фаоли Гавҳар Бердиева Ўзбекистон пойтахти Тошкентда, Ўзбекистон Президенти девони олдида мамлакатдаги мавжуд ноҳақликларга қарши пикет ўтказиш мақсадида уч кун олдин хавсизлик нуқтаи назаридан ( тажрибада норозилик намойиши ёки пикет ўтказиш истагида йўлга отланган фуқароларга Ҳукумат идоралари томонидан турфа тузоқлар қўйилиши ҳаётий тажрибада ўз истотини топганлиги сабабли) Тошкент вилояти Чиноз туманига Жиззахдан яширин равишда келган.
Маълумки, мамлакатимизда нарозилик намойишлари, пикет ўтказишга нафақат рухсат берилмайди, балки Ҳукуматнинг юзларига ниқоб тақмаган “замонавий қароқчилар”и очиқ-ойдин йўлтўсарлик касби билан шуғулланади, пикет қилиш истагида ўт бўлиб ёнган фуқарога ҳуқуқ-тартибот идораларининг “пўлат тўри”ни ташланади, тутқунликда ушлаб тураилади. Худди ана шу ҳақиқатни яхши билган Гавҳар Бердиева шу саба ҳам Тошкент вилоятининг Чиноз туманига, бир танишиникига яширин равишда уч кун олдин фарзандлари билан келишга мажбур бўлган. Аммо Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари 20 январь куни Гавҳар Бердиева яширинган жойни топиб, уни мажбуран Жиззахга қайтариб олиб кетишган.
Биз Гавҳар Бердиеванинг қўл телефонига қўнғироқ қилганимизда гўшакни бегона эркак киши кўтарди ва бошқа бу рақамга қўнғироқ қилмаслигимизни айтди.
Фақат кеч соат 19-00 лардан ўтгандагина Гавҳар Бердиева заҳирадаги телефон рақами орқали “Бирдамлик” фаоли Акромхўжа Муҳиддинов билан боғлана олган.
– Гавҳар менга қўнғироқ қилди. Унинг айтишича, ўзларини таништирмаган номаълум эркак кишилар уни ва болаларини машинага солиб, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманига, уйига олиб боришган. Болаларини уйига қўйгач, “номаълум шахслар” аввалига Гавҳар Бердиеванинг хонадонини обдон тинтувдан ўтказишган ва Г. Бердиевага тегишли битта компьютерни ва унинг ёнидаги қоғоз-ҳужжатларни ҳеч бир ёзув-чизувсиз, далолатномасиз, “мусодара” қилишган, яъни машиналарига ортишган. Шунингдек, Г. Бердиевани ҳам тун бўлишига қарамасдан, зўровонлик йўли билан машинага ўтқазиб, уни номаълум жойга олиб боришган. “Бир катта хонага киритишди. Сўроқ-савол, тергов бошланди. Қаерга олиб боришганини ҳам, мени кимлар тергов қилганини ҳам аниқ билмайман. Бир кўрсангиз энди, қўлларим кўкариб кетган, ҳолим хароб” дея кўз ёш қилди Гавҳар. Кўмакка борайликми, деб сўрагандим, “Кела кўрманглар, ўзимнинг ҳам, сизларнинг ҳам бошларингизга бало орттиришни истамайман” деди у йиғлаб. Шу билан алоқа узилиб қолди, – дейди биз билан суҳбатда Тошкент вилояти, Янгийўл туманида истиқомат қилувчи фаолимиз Акромхўжа Муҳиддинов.
Ҳозирча “Бирдамлик” халқ ҳаракати фаолига, пикет ўтказишга бел боғлаган аёлга қўлланилган қийноқлар хусусида бошқа маълумотлар йўқ. Г. Бердиевага йўлтўсарлик қилган “қароқчилар”нинг ҳам шахси аниқланмаган, ҳозирча номаълум.
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Матбуот Хизмати



