ХАЛҚ АСЛИДА ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНМАГАН ГАЗ ВА СВЕТГА ПУЛ ТЎЛАСИНМИ ЁКИ ТИРИКЧИЛИК ҚИЛСИНМИ?

Гавҳар Бердиева

       Жиззах  вилоятининг Ғаллаорол туманида аҳолига туман ҳокими томонидан огоҳлантириш хати тарқатилди.             Огоҳлантириш хати 2012 йил 10 январда чиқарилган бўлса-да,  у бир ҳафта кечикиб хонадон эгалари қўлига бориб етди. 17 январь куни ўз эгаларига тарқатилган хатда шундай ёзилган :

     “Ҳурматли абонент:

            Сизни 3 (уч) кун муддат ичида туман электр ва газ таьминоти корхонасига келиб, истеьмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун ҳисоб-китоб қилишингизни, мавжуд қарздорлигингизни тўлашингизни, акс ҳолда электр ва газ таьминоти тармоғидан узиб қўйилишингиз тўғрисида расман огоҳлантираман”.

          Ҳоким жаноблари  хатга имзо ҳам чекишни унутмаптилар.

            Тўғри, туман аҳолисининг асосий қисми электр энергияси ва табиий газдан  катта миқдорда қарздор.  Бунинг сабаби бита: улар биргина пенсия ёки болалар нафақаси ҳисобига кун кечиришади. Афсуски, ана шу пенсия ва нафақа хам ўз вақтида аҳоли қўлига тегмайди. Бундан ташқари, қарилик пенсияси ҳамда болалар нафақасидан коммунал тўлов учун, албатта, мажбурий равишда ушлаб қолинади. Биласиз, ҳар бир оила ўз эҳтиёжини  ҳисобга олиб, рўзғордан ортсагина коммунал тўловларга сарфлайди.

            Тўғрисини айтадиган бўлсак, коммунал ва бошқа тўловларга пулнинг айнан нафақа ва пенсиялардан ундирилиши аҳоли учун анча оғирлик қилмоқда.

                  Устига-устак, Халқ банки томонидан аҳолига болалар нафақаси тарқатилаётган пайтда маҳалла раиси ҳамда котибаси кассир олдида ўтириб олишади.  Улар 2 ёшли ҳамда 16 ёшли болалар учун бериладиган нафақадан металлалом ва обуна учун мажбуран пул йиғишади. Шунингдек, газ ва электр энергияси учун ҳам алоҳида тўлов ушлаб қолинади.  Одамлар қўлида қолаётган пул эса урвоққа ҳам етмайди. Энди ўйлаб қўринг, биргина нафақа ҳисобига кун кўрадиган оила рўзғор боқсинми ёки коммунал тўловларни ўз вақтида тўласинми?

                 Яхши  биласиз, ҳозирги пайтда газ таьминоти  бўйича назоратчилар хонадонма-хонадон юришни одат қилиб олишган. Улар бугун газ ҳисоблагичдаги рақамларни ошириб ёзиб, халқни азоблашдан ҳам тойишмаяпти. Биз жуда кўп марта одамлар бўйнига отнинг калласидек қарзни босиб, кейинчалик карздорнинг иши судга оширилганига гувоҳ бўлганмиз. Судга уй эгасини чақиртирмасдан, қарор қабул қилинган вақтлар ҳам жуда кўп учрайди. Натижада  суд қарорига асосланиб қанчадан-қанча одамларнинг нафақасидан 50 фоиз мажбурий равишда ушлаб қолиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

     Айни пайтда бозорда бир халта уннинг эркин нархи 55.000 минг сўмдан 60.000 минг сўмгача кўтарилган. 1 литр пахта ёғининг нархи эса 5.500 сўмни ташкил этади.

     Энди  бир мулоҳаза қилайлик, 120.000 минг сўм пенсия оладиган кексалар  кейинги ойнинг нафақаси келгунча қандай яшаши, қандай кун кечириши мумкин? Мен бу пенсиясидан кейинги нафақага қадар қарзга ботиб яшайдиган оилаларнинг кўпини биламан. Бир ўйлаб кўринг, бир юз йигирма минг сўмлик пенсия билан бир ой кун  кечириш мумкинми?

     – Гўшт, шакар, сариёғ ва пишлоқларни тушимизда кўрамиз. Қорнимиз тўйиб нон еганимизга ҳам шукур қиламиз, – деди бир онахон биз билан суҳбатда.

               Шунақа, ишлай деса, иш йўқ. Халкнинг дарди қоринни тўйдириш эмас, балки коммунал тўлов учун қаердан бўлса пул топишдан иборат бўлиб қолди.

              Бундай аҳвол қачонгача давом этади, буни ҳеч ким билмайди.

                   Гавҳар Бердиева

    “Бирдамлик” Халқ ҳаракати Жиззах вилояти фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares