ЎЗБЕКИСТОН: “ГАЗ ҚУВИРЛАРИНИ УЗИБ ТАШЛАГАНИМИЗГА ЙИЛ БЎЛДИ, ЭНДИ ЭЛЕКТР СИМЛАРИНИ ҲАМ КЕСИБ, СИМЁҒОЧЛАРНИ ЁҚАМИЗ”

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

             Яқинда 86 ёшли онамнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида болаларимнинг мактаб таътили баҳона Самарқандга бордим. Бордиму, қариндошларим, ёру-дўстларим қишлоқ деб аталмиш бу дунёнинг  жаҳаннамида қандай қилиб яшаётганига ақлим етмай, лол қолдим. Мана, ўн кундирки, ўзимга келолмайман. Ёзаман дейман, ёзолмайман. Гуё  қишлоқ кишиларининг чекаётган азоблари, тортаётган уқубатларини тасвирлашга луғатимизда сўз йўқдек, борининг ҳам залвори, тоши енгилдек, қўллай десам, ҳатто сўзлар ҳам зириллаётгандек, юм-юм йиғлаётган, кўз ёш қилаётгандек… Кўп ўйландим, ниҳоятда қийналдим…

          Электр энергияси, йўқ, табиий газ йўқ. Бир кило кўмирнинг нархи фалон пул. Ўтин йўқ, илгарилари сероб бўлган гўзапоя ҳам анқонинг уруғи… Эй, қай бирини гапирай, қишлоқдошларимнинг, қишлоқ аҳолисининг кўрган азоблари  айтган билан адо бўлмайди.  Уйлар “холодинлик”.  Ночор қолган аҳоли иложсизликдан ҳатто қабристондаги дов-дарахтларни ҳам кесиб келиб, ёқишга мажбур бўлишмоқда.  Ўтин муаммо бўлганлиги сабабли, ота-ўғил, қайнона келин, бола-чақа битта уйга – танчага тиқилиб олган. Бир кунда минг бор кўмир ковлаган, ўчоғу тандирга, печкага тезак қалаган қўллар йилда ўн икки ой ҳаммом кўрмайди. Сув-ку, қудуқда текин, бироқ қорли қишда сувни иситишга газ қани, ток қани, ўтин қайда?  “Гигиена”га риоя қиламан дея қахратоннинг қоқ ўртасида “холодинлик” уйларда ( ҳаммом йўқ-ку?) чўмилиб касал бўлсинми, шамоллаб ўлсинми шўрликлар. Ҳа, энди, шу “гигиена” деган шиорлар мамлакатнинг, ҳукуматнинг қоғозларида  бўлса бўлди-да,  Ўзбекистон шароитида амалда бўлиши кўпам шарт эмас, керакмас.

           Бу каби кўргуликлар енгиб қўйган чамаси кичик келинойим Оқдарё туман бирлашган касалхонасига тушиб қолибди.  Беморнинг ҳолидан хабар олиш савоб, дея қош қорайган бўлишига қарамасдан, “балниса”га отландим. Буни қарангки, ҳатто Самарқанд вилояти, Оқдарё туман касалхонасида ҳам электр токи бўлмаскан. Қўл телефонимизнинг чироғида туртиниб-суртиниб янгамиз ётган палатани ҳам топиб, кирдик.  Кирсам, бир эмас, беш аёл  шамнинг шуъласида икки қават кўрпага бурканиб, ё-ё-ё-ётишибди. Эгниларида  қалин, қавилган пахтали тўнча, бошларида қат-қат рўмол.

         Беморлар билан ҳали ҳол сўраб улгурмасимиздан “Ҳурматли хотинлар, уко-ооол!” деганча ҳамшира кириб келди.

          Битта шам катта хонани ёритишга ожизлик қиларди.

–          Ҳой, хотинлар, қоронғуда юмшоқ жойларингга игна санчишга қийналаман-ку? – деди ҳамшира эркаланган оҳангда.

             Беморлар қўшимча яна битта шамни ёқишганди, палата бироз ёришгандек бўлди.

–          Яшаворинглар, ана бу бошқа гап, –  ҳамшира қизнинг ҳам чеҳраси ёришди, – энди бемалол уколни бошласак бўлади…

–          Қоронғуда дориларни алиштириб юбормаганингизга қойилман. Дори қоғозларига майда ҳарфлар билан ёзилган бўлса, ўқиш қийин… Яна новокаин қўшаман деб, қоронғуда бошқа нарса қўшиб юборманг, – дедим ҳавотирдан юрагим гупирлаб.

–          Оповси, биз қоронғуда ишлайвериб “ас” бўлиб кетганмиз. Ташвиш чекманг. Биз-ку, битта укол қиламиз, ишимиз осон. Ана, тўғриқхонага боринг, тунда чироқ бўлмасаям дўхтирларимиз  ўнталаб аёлларни  туғдириб ётибди.  Туққан аёллар ўлганмас-ку? Ё чақалоқ қўлларидан тушиб кетганмас.

–          Йўғ-э?!, – дедим ҳайратланиб.

–          Ҳа, нима, момонгизни чироқнинг ёруғида гинеколог туғдирганмиди? Жа-ааа  ваҳима экансиз ўзиям, –  кулди ҳамшира, – шунақа шароитда ишлаймиз, туғдирамиз, ўлмаган бизнинг жонимиз…

–          Янга, хона жудаям совуқ-ку, шу уч-тўртта уколни уйда олсангиз бўлмайдими? Бу ерда ётавериб, шамоллаб, баттар бўлманг яна?, – гап қоттим келинойимга.

–          Эй, сўраманг, кўрпа-ёстиқ, чойшаблар ҳам ўзимиздан. Мана, электр печкаям обкегандим, 7 кундан бери свет ўлгур йўқ. Куёвимга айтиб, ўтинам обкелтирувдик, лекин балнисалардаги печкалар газга мослаштирилганакан. Йўқ газга-я? Ўтин қалаб бўлмасакан. Газ бўлмагандан кейин, бу печкаларни бузиб, ўтинга мослаштиришса бўлмасмикан?  Совуқдан тиришиб ётибмиз-да, – дардини дастурхон қилди келинойим.

Кўнглим чўкиб, уйга қайтаётгандим “ Бугун жиянимизнинг туғилган куни. Йўл-йўлакай табриклаб, унинг ҳам кўнглини олиб кетайлик” деб қолди опам. 

Опамнинг таклифи маъқул тушиб, туғилган кун нишонланаётган хонадонга бош суқдик.

Қуда-андалар, тоға-жиянлар, амма-ю холалар, қўни-қўшнилар, ҳамма жамул жам экану, фақат биз кам эканмиз. Бориб, даврага қўшилдик. Ҳали айтганимиздек, дастурхон ўртасида битта шам. Шунинг учун ўтирганларнинг юз қиёфасини кўришнинг имкони йўқ. Гапирганларнинг овозидангина таниб, ўтирибмиз. Туғилган кунда қўшиқ йўқ, ўйин йўқ, куй йўқ, кулгу йўқ. Чунки қургур электр токи йўқ-да.Токдан озуқа олмаса, радио қўшиқ айтмаса. Аммо йиғилганлар зерикиб қолишгани йўқ. Гап-гап, фақат гап. Ҳол сўрашдан кўра,  ҳасрат кўпроқ.

–                      Менга қара, қароғим, сен ажабтовур журналист энинг-ку, биз  бу кўргуликларимизни айтсак, сен ёзсанг, Каримовга етказсанг бўлмайдими?,  – деб қолди дастурхон атрофида ўтирган қўшни аёллардан бири.

   “Ҳаҳ, холам-а, Пойтахтнинг – Тошкентнинг қоқ ўртасида, бир эмас, иккита журналист бўлволиб нақд икки йил дардимизни тингланг деб, томоғимиз йиртилгудек бўлиб дод дедик, бироқ овозимиз бир мартаям Отамизга етганмас, етсаям эътибор қилганмас. Сизларни ким ҳам эшитарди?… “Йиғлаганнинг олдига инграган келади” деб шунга айтсалар керак-да” – дея жилмайиб қўйдим. Ичимда. Кўнглимдагиларни тилимга чиқара олмадим, олмасдим ҳам, уларни ноумид қилгим келмасди….

– Менга қара, қишлоққа меҳмон бўлиб келганингга қанча бўлди?, –               гапида давом этди суҳбатддошим.

–                                    Тўрт кун бўлиб қолди…

–                                    Ана-ааа, шу тўрт кун  ичида бир марта свет ёнганини кўрдингми? сўради у.

–                      Светми? Ҳа, шу тўрт кун ичида икки-уч соат ёниб қолди, фақат ярим тунда, сиз ухлаб қолганингизда. Шунинг учун ҳам свет ёнганини билмай қолгандирсиз-да? –  жавоб қилдим ҳазил аралаш.

–                       Кўрдингми, чироқ ўлгурини булар фақат ҳамма маст уйқуга кетганда беради. Биров билиб, биров билмай, кимдир кўриб, кимдир кўрмай ҳам қолади. Уйимизда бир  ойда бир марта свет ёнмайди-ю, аммо ҳар ой светга ҳамманинг  пенсиясидан ушлаб қолишларини қўймайди булар.  Битта хонадондан бир кишидан ушлаб қолсаям гўргайди. Мана, менинг келиним икки ёшгача бўлган боласи учун пул олади. Бола пулиданам ҳар ой 25000 (йигирма беш минг)  сўмдан ушлаб қолишади.Менинг пенсиямдан эса ҳар ой 30.000 ( ўттиз минг) сўмдан ушлашади. Катта ўғлим касалхонада, тез ёрдамда ишлайди. Унданам ҳар ой 30000 ( ўттиз минг) сўмдан ушлаб қолинади. Қўйингчи, битта бизнинг ойиламиз бир ойда йўқ свет учун ҳар ойда нақд 85000 (саксон беш минг ) сўм тўлайди, – деди қўшни хотин хуноб бўлиб.

–                                    Электр ҳисоблагич борми? Унга қараб тўламайсизларми?  Сўраса бераверасизларми, бермангизлар-да? – дедим.

–                      Бермайсан-а, бермайсан! Агар бермайман, десак, почтачи “Овмин” дейди-ю, тўрвасини эгнига осиб, кетади-қолади. Бориданам қуруқ қолмайлик деб ноилож рози бўламиз. Кўнмай қаергаям борардик. Бермаймиз десак, болаларнинг пулиниям беришмайди, ўғлимнинг ойлигиниям ушлаб ўтиришади. Бу Хукуматнинг ҳукмидан қочиб, қаергаям борардик, чироғим.  Майли, пулни олишса, гўрга-я, олганига яраша свет берса ўладими?  Светам беришмайди-я. Ўрта ичида одамлар пулига куйи-иииб қолаверади. Пулам йўқ, светам йўқ, – деди қўшни надомат билан.

– Ўтган йили йўқ газга пул тўланглар деб эшигимизни қоқавериб, қон  қилишганди, – гапга аралашди Оқдарё туманининг  Найманча қишлоғида яшовчи Қумри хола ( исми ўзгартирилди) – Ҳали 200 000 (икки юз минг) сўм, ҳали 300 000 ( уч юз минг) сўм қарзларинг бор, тўлаб қўйинглар, ишларингни судга оширамиз деб ҳиқилдоғимиздан олишарди. Охийри, газ идорасидан, ҳокимиятдан, қишлоқ фуқаролар йиғинидан одам чақириб, катта йўлдан қишлоғимиз томон қайрилган газ қувирини кесдириб ташладик. Кейин, битта АКТ туздириб қўйдик, “Найманча қишлоғи газлашмаган” деб. Шу-шу  йўқ газ учун тўла-тўлалардан қишлоқ аҳолиси, барчамиз қутилдик.

                Энди светниям шундай қиламиз чоғи. Яна Ҳукумат идораларидан одам чақириб, Найманча қишлоғига катта йўлдан тортиб келинган электр симларини узамиз, кейин симёғочларни ўтин қилиб ёқамиз. Давоси битта АКТ экан-ку. “Найманча қишлоғига уланган электр симлари узилган” деб битта қоғоз қилдириб қўямиз. Зора шунда  йўқ светнинг тўловларидан қутилиб қолсак…

              Туғилган кундан хурсанд бўлиб эмас, хуноб бўлиб уйга қайтганимда ярим тун бўлиб қолганди. Ҳовлида кимнингдир қораси кўринди. Борсам, онам. Нафл намозини ўқиш учун тараддуд кўриб юрибди, таҳорат қилиб  қайтаётган экан. Қўлидаги обтовасини олсам, муздек.

–                      Эна, бу мунча совуқ, вой, шу  сувга таҳорат қилдингизми ҳали? – дедим ажабланиб.

–                       Ҳа, қанақа сув бўларди, қор-ёмғирнинг суви-да. Иситишга имкон қани, ётар олди қалаган ўтин лов этиб ёниб-ўчган бўлса, свет бўлганида-ку, токка сув қайнатардим-а. Йўқ-ку, кўриб турибсан… Қараб ўтираманми, борига қаноат қиламан-да, – деди онам ўта хотиржамлик билан.

–                      Бу йилги қиш аввалгиларига ўхшамайди. Совуқни қаранг, кесаман дейди. Тўқсоннинг тагига борганингизда бу қилган ишингиз нимаси? Номозниям плани бут бўгандир? Энди ўқимасангиз, йиғиштириб қўйсангиз ҳам Худо хафа бўлмас, кўнгли қолмас, – дедим ярми ҳазил, ярми чин қилиб, кейин жиддийлашдим, – Энажон-ей, бу туришда касал бўлиб қоласиз-ку? Акамларни ташвишга қўясиз. Бироз кутиб турсангиз, ўзим   келардим, таҳорат сувингизни бир бало қилиб иситиб берардим-ку?

–                      Эй, болам-а, сен бир кун келиб меҳрибонлик қиларсан, икки кун меҳр кўрсатарсан, сувимни иситиб берарсан, Худонинг бошқа кунларидачи? Ким қиздириб беради?  Яратганнинг ўзи меҳрибон. Асрайди. Худодан узга мадад йўқ, меҳрибон йўқ, – дедилар онам насиҳатомуз…

        Бу ҳол нафақат Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида, балки, Ўзбекистоннинг жамики қишлоқларида ҳукмрон. Ночор аҳоли “емаган сомсасига пул тўлайди”, аммо йиллаб табий газ, “свет” кўрмайди. Мана сизга қишлоқ кишиларининг турмуш тарзи….

    Бу азоблар қачонгача?  Ҳой, яхшилар, сизу биз бир марта келамиз бу дунёга, икки бор эмас. Шу киприк қоққулик умрингиз  давомида Сиз ҳам инсондек яшашга, бахт таъмини туйишга ҳақлисиз?  Шундай экан ҳақ сўраб ҳайқирмайсизми? Шукрнинг, сабрнинг, қаноатнинг ҳам чегараси бордир ахир? Бўлинг, қўзғалинг, оёққа қалқинг энди!!!…

 

                          

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон бўлими раҳбари

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares